ТАРОЗИ

Article

Бир деҳқон ҳар куни нонвой дўстидан иккита нон сотиб оларди. Бир куни нонвой унга ҳар куни нон учун пул тўлаш ўрнига бир ойда икки марта икки килодан сариёғ келтиришни таклиф қилди. Деҳқон жон деб рози бўлди. Чунки у энди нон учун пул тўлаши шарт эмасди-да. Бир қанча муддат ишлар кўнгилдагидек кетди. Аммо бир куни деҳқон сариёғ олиб келганда, нонвой сариёғни кўриб, ўйланиб қолди: "Бу сариёғ икки килога ўхшамайди…" Деҳқон кетгач, сариёғни тарозида тортиб кўрган эди, унинг 160 грамм кам экани маълум бўлди.

Нонвой деҳқонга бир сафарча индамай туришни маъқул кўрди. Аммо кейинги сафар ҳам тортиб кўриб, сариёғнинг келишилганидан 160 грамм кам эканлигини билгач, жаҳли чиқди. Судьянинг олдига бориб, деҳқондан арз қилди.

Судья деҳқонни чақиртириб, ундан сўради:

“Уйингда тарозинг борми?”

Деҳқон жавобан:

“Эски тарозим бор. Аммо унинг тошлари йўқ,”деди.

Судья ҳайрон бўлиб яна сўради:

“Унда қандай қилиб нонвойга беришинг керак бўлган сариёғни тортасан?”

Деҳқон тушунтира кетди:

“Камина ҳар куни нонвойдан иккита нон оламан. Ҳар бир ноннинг оғирлиги бир килодан бўлганлиги учун тарозининг тоши ўрнига шуларни қўйиб, сариёғни тортаман.”

Судья кулиб қўйди ва деҳқоннинг уйга кетишига рухсат берди.

Судья эртасига нонвойнинг дўконига борди ва бир кило нон беришини сўради. Кейин нонвой берган нонни тарозида тортиб кўрмоқчилигини айтди. Нонвой қизариб кетди. Аммо сездирмасликка уриниб:

“Бу бир килолик нон, тақсир,” деди таъкидлаб.

Судья ундан талаб қилгач, нонни тортиб кўрсатишга мажбур бўлди. Натижада, ноннинг саксон грамм озлиги маълум бўлди. Судья деҳқоннинг ёлғон гапирмаганига амин бўлди ва деди:

“Сен деҳқонни жазолашимни сўраган эдинг. Энди билсам, ўзингни жазолаш керак экан. Деҳқон сени алдамаган, у сариёғни бераётган нонларинг билан тортган, холос. Сен эса нафақат деҳқонни, балки бутун қишлоқ аҳлини алдаб келгансан…”

Немис тилидан Ҳомид Раҳмон таржимаси

Биз Twitterда