"Сотволдидан салом". Ўзбек адабиётида шеърий роман яратган даҳо!

 
1974 йил
Кунлар исиб, дарахтлар қийғос гуллаган, ўт-ўланлар борлиққа ажиб тароват  бағишлаган, гуллар ифори маст қилган дамлар. Баҳор малоҳати қалбда ухлаган туйғулар ва орзуларни уйғотадиган, юракка дарё тошқинлари кўчган кунлар.   
Мен Қўқон Давлат Педагогика Институтининг  ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олардим. Шоирлар шаҳрининг шеърий нафасидан баҳраманд кезларим эди. “Меҳнат байроғи” газетаси қошидаги “НИҲОЛ” адабий тўгараги машғулотларига баъзан Тошкентда ижод қилаётган шоирлар келарди. Шеърларини тинглаш,  дастхат олиш катта бахт эди. Мен  халқимизнинг  буюк шоири, устозимиз Эркин ВОҲИДОВ билан илк бор шу шаҳарда учрашганимдан  ҳамон фахрланиб юраман. Ёш ижодкорлар энг довруқли, адабий ҳаётнинг қайноқ нуқтасидаги Хусниддин Шариповнинг кўплаб шеърларини ёдлаб, адабий давраларда, талабалар ётоқхонасида бўладиган анжуманларда ўқиб юрардик. У билан учрашишиб, суҳбатидан баҳраманд бўлишни хоҳлардик. Тўгарак раҳбаримиз шоир Ҳабибулла САИД ҒАНИдан  бу ҳақда бир неча марта  илтимос қилганмиз.
Шанба куни дарсимиз эрта тугади. Мен автобусда  Наманганга келдим-да, негадир Ўзбекситон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлимининг Комбриг Синицин кўчасидаги идорасига киргим келди. Устоз Ҳабиб САЪДУЛЛА суҳбатини олишдан ташқари, мени қандайдир янгилик кутаётгандай қалбим ўша томон талпинарди. Пиллапоядан икки қадам босишим билан ичкаридан Ҳабиб аканинг салобатли овози билан бирга  сал ингичкароқ, аммо ёқимли овоз тез-тез эшитилар, суҳбат оҳанрабоси юрагимни қитиқлай бошлади. Овоз жуда таниш, қалбга яқин ва доим эшитиб юргандай қадрдон. Кимлигини биламасдиму юрагим  талпинаверарди. Таваккал қимлиб  ичкари кирдим. Не кўз билан кўрайки, Ҳабиб аканинг ёнида шеърият шайдолари учун  севимли, телевизорларда тез-тез шеър ўқийдиган, мен анчадан бери учрашишни  истаётган шоир Хусниддин Шарипов эди!  Саломлашиб бўлгач, бироз довдираб қолдим, аммо Ҳабиб аканинг таништирувидан куч олдим шекилли, Хусниддин ака ҳақидаги самимий фикрларим, талабаларнинг  унга бўлган  қизиқиши ва мухлисларининг кўплиги ҳақида гапларимни айтишгга улгурдим. У киши сал кулимсираб турди-да,  ҳаяжонимни сезиб:
- Бирорта шеър ўқинг-чи? деди.
Ҳаяжонни унутдим, бир лаҳзада  ичимда шеър сараладим. Синовчан нигноҳ билан мени кузатаётган катта ижодкорларга қараб, устоз ЧАРХИЙ назаридан ўтган “Ҳилол” радифли ғазалимни ўқидим.
Шомлари юлдуз аро
                            соҳиби осмондир ҳилол,
Менга шодлик, сенга
                           орзу, кимга армондир ҳилол.
 
Партави жон бахш этиб,
                           жонимни айлайдир асир,
Ё замин маҳбубаси, ё
                            менга жонондир ҳилол.
 
Менга ноз айлармикин,
                            кимидан уёлгай воажаб,
Гоҳ юзин очгай гаҳи абр
                           ичра пинҳондир ҳилол.
 
Қанчалар маҳбубига  юлдуз
                            олиб бермоқ бўлур,
Лек ололмас то шу дам,
                            юлдузга посбондир ҳилол.
 
Шул нафис ҳусни билан
                            қалбларга илҳом бахш этиб,
Шеърият шайдоларин
                           назмимда достондир ҳилол.
Икковлари кўз уриштириб маслаҳатлашиб олгандай қарсак чалиб юборишди. Мен ҳаяжонданми-севимнчданми сал ўнғайсизландим.
- Ҳабибжон, - деди сўнг Хусниддин ака жилмайиб, - Наманганни янги ғазалнавис билан табриклайман!
Ҳабиб ака ўзига ярашадиган шоирона виқор ва кўтаринкилик билан жавоб қайтарди.
- Биз Тошкентга кетмасдан ҳам ғазал бўстонини яшнатаверамиз!
- Яна битта ўқинг! – деди Хусниддин ака менга юзланиб.
Мен  янаям дадиллик билан бир йил аввал устоз Муроджон АЗИЗОВнинг рағбати билан туман газетасида эълон қилинган “Маҳлиё бўлдим...”  ғазалимни ёд ўқидим.
Хусниддин ака илҳомланди шекилли катта қора сумкасини очиб бир варақ қоғоз олди ва “Аёллар” шеърини  жўшқин кайфият билан ўқиб берди.
Учрашув мени катта ижод сари илҳомлантирди, янги асарлар ўқиш, ўрганиш ва изланишга  ундади. Институтга қайтгач, у кишининг “Газалларингиздан Тошкентдаги газета-журналларга жўнатинг!” деган маслаҳатларини эслаб, тўрттасини “Меҳнат ва турмуш” журналига юбордим.  Омадни қарангки, бир неча ойдан сўнг  улар журналда чоп этилди. Қувончим ичимга сиғмай, осмонларда учиб юрдим. Ўз истеъдодимга ишонч пайдо бўлди, изланиш ва интилишларим янгича шиддат олди. Янги олам синоатлари ва ижод чўққиларини эгаллаш учун ғайрат билан ишга киришдим. Кўнглимни тўлдирган ҳар бир шеърим туғилганда албатта, ич-ичимдан Хусниддин акага раҳмат айтаман, унинг илҳомбахш, рағбатли сўзларини эслайман!
Институтни битириб, мактабда иш бошладим. Аммо ҳар доим хаёлим шеърда, ижодий изланишларда бўлди. Янги-янги ғазаллар ёзганимда, уларни устозлар назаридан ўтказиб, ғурурланиб юрганимда Хусниддин ака ўша 1974 йилда кўрганимдагидай қалби тозалик билан самимий жилмайиб кўз олдимда турар, янги ижодий ғалабалар сари ундаётганга ўхшарди.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида машҳур шоирлар кўп эди. Улар ўн йиллар давомида мухлислар дилидан жой олиб, тилидан тушмасди. Улар орасида Хусниддин ака ўзининг юморга бой, самимий ва дилбар шеърлари билан  телеэкранларда  тез-тез кўринар,  менинг назаримда ҳар бир шеъри билан миллионлаб  шеърият шайдолари қалбини тўлқинлантирарди. Ҳар бир чиқишини  мароқ билан эшитардим, чин юракдан ҳавас қиларди. У телевизорга чиқса, эртаси куни ишхоналар ва манадаият муассасаларида, шоирлар анжуманларида у ҳақда гапирилаётганига  бир неча марта жонли гувоҳ бўлганман. Ўша даврларда Хусниддин акадай телевизорга тез-тез чиқадиган, ҳаммани қойил қолдирадиган, аёлларни ҳайратга соладиган шоирни кам кўрганман. Назаримда, у ягона эди!
Унинг  шеърлари, шеърий романи ва поэмаларини қайта-қайта ўқирдим, ҳар сафарги мутолаадан ўзгача завқ, ўзгача илҳом олардим. Унинг  шеърлари  ёш ижодкорга  туртки берарди. Ўз шеърлари устида жиддий ишлаш фикрини туғдирарди.
Менинг назаримда, Хусниддин акага шеър қуйма келарди. Ҳар бир сатрдаги кайфият, тортувчи руҳ шеърдаги сатрларни бир-бирига кўринмас ришталар билан мустаҳкам боғлагандай эди. Бу салоҳиятни ҳар бир асарида учратганман.
Ўз еринг яхши-да!
Ёнбошлаб ётсанг,
Гўё сингиб кетар тупроққа дардинг.
Қовундан ширинроқ туюлар тотсанг,
Ўзинг ўз ерингдан узган кўк бодиринг.
                                          (“Ҳисор ҳикояти”дан).
 
“Асаб”га “йўл азоби”ни
Қилиб турсам қофия.
- Ўлтиринг, - деб бир чол мени
               Таклиф қилди қопига.
                                 ( “Сотволдидан салом”дан)
1967 йил кузда ёзилган:
               Думингни ликиллатасан,
                                   Олға кетасан.
               Думингни ликиллатасан,
                                   Олға кетасан...
Шеъри эса узоқ йиллар мухлислар ва ижодкорлар тилидан тушмаган.
 Ва хулоса қилганманки, у ҳеч қачон ичида пишиб етилмагунча, мукаммал ҳолга келтирмагунча шеърни қоғозга туширмаган.
Шоирдаги яна бир фазилат мени ҳамиша ўзига тортиб келади. Хусниддин Шарипов – сермаҳсул ижодкор! Биргина “Сотволдидан салом” йирик шеърий асарининг ўзи нақ 1446 мисрадан иборат. Ҳайратда қоласизки, унинг бирор мисрасини таҳрир қилиш ё ўзгартириш мумкин эмас. Хусниддин ака қандай ёзган бўлса  мухлис ҳам шундай қабул қилди, адабиётшунослар ҳам. Ўзбек адабиётида шеърий роман яратган бармоқ билан санарли  шоирларнинг биттаси! У тинимсиз ёзарди, ёзгандаям, юракни бериб, ҳар бир сўзни қайноқ туйғуларига чўмилтириб, покиза ҳисларга ўраб, табиатидаги донишмандлик билан суғориб ёзарди! Шунинг учун ижоди Мустақиллик даврида ҳам моҳиятини йўқотмади. Аксинча, ёшларни ватанни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш, имон-эътиқодли бўлишга давъат этмоқда ва келажакда ҳам  унинг қалбимиздай жўшқин, ҳайқириб турган шеърлари янги авлодларга хизмат қилаверади!
                                                                                     Боқий  МИРЗО,
                                               Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  аъзоси.

Биз Twitterда