Шеърларда Наманган мадҳи!

Article
"Наманган аҳли ўзининг бошқаларга ўхшамайдиган, бетакрор анъана ва қадриятлари билан азалдан шуҳрат қозониб келади. Бу элга мансуб бўлган хислатлар – инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, хушмуомалалик каби ажойиб фазилатларни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак баҳолаймиз" деган эдилар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Наманганга келганларида. 
Ҳақиқатдан ҳам, Наманган замини доимо шоирларга илҳом бериб келган тупроқдир. Асиридин Ахсикатийдан Машрабга, Сўфизодадан Усмон Носирга, Ҳабиб Саъдулладан Ёқубжон Аҳмаджоновга... қайси наманганлик шоирни олманг, бу гўзал диёрни мадҳ этмоқни ўзига бурч билган. Нафақи наманганликлар, балки Ўзбекистоннинг кўплаб атоқли шоирлари бу гўшанинг чиройини ўз сатрларига жойлашган. Қуйида ана шундай гўзал шеърлардан эътиборингизга ҳавола этамиз:
 
 
Ғафур Ғулом: НАМАНГАН УЧУН
 
Наманган деганда ҳар қари-ёшнинг,
Лабидан бол томар, тиллари ширин.
Азалдан файзи бор бунда қуёшнинг,
Юзларда қон-қайоқ ранги яширин.
 
 Сиҳат тилаганлар бу ерга келур,
 Ошиқлар мот қилган ишвалар бунда.
 Бу ерда ипорнинг қадри тўкилур,
 Эрка бир ҳаловат кезади танда.
 
Хаёт тарқоқлигин, дилнинг қисишин,
Кўзгудай ёритиб, уйғотур ҳавас.
Навқирон йигитлик кўкламидай чин,
Наманган боғида ҳар ютум нафас.
 
 Умрини олиб ҳам, сотиб ҳам бўлмас,
 Қанча яшай десанг, ўз изминг майли,
 Сеҳрли паймонанг тўлмас-тўкилмас.
 Ҳаёт чаманзори, яшамак сайли,
 
Наманган ҳавосин куйладим чоғи.
Сувлари Навоий умидидек пок,
Тоғлардан шарқираб келган ирмоғи,
Машрабдай ғазалхон, Мажнун – яқо чок.
 
Ҳаёт булоғини ҳар ким қилса ёд.
Чортоқ қайнариға босади қадам,
Қирқ йиллик қийналиш бир дамда барбод,
Ҳаётда ҳар ишдан соғлиқ муқаддам.
 
Жаҳонни гирдо-гир кезган сайёҳ ҳам.
Охирги манзил деб сани танларди,
Иқлим бўла олур шунчалар кўркам
Иқлимлар ичида шакарпайванди.
 
Ҳаво, сув, қуёши иқлим нимаймиш.
Ўртада тирик жон, инсон бўлмаса,
Инсон нафасидан жонда осойиш,
Умр бемазмундир замон бўлмаса.
 
Ажойиб замона, бахтиёр инсон,
Шарафли меҳнатдан яшнаган Ватан.
Сидирға ёқутдан тизилган маржон,
Йирик дурдонаси бўлган Наманган.
 
Бир чинни лиммо-лим, маза шарбатдай,
Нозу неъматларинг мунчалар чучук?
Ўн саккиз ёшдаги илк муҳаббатдай,
Сенга қасидалар ёзмайди нечук?
 
Шеърим дўстларимга келсин деб фором,
Дилимнинг боғига анор ўтқазай.
Ҳали мақтовларим қилажак давом,
Мевалар таърифин эрта тонг ёзай.
 
Далалар эгаси пахтакорларнинг
Обод қишлоқларини кездим сарбасар.
Қондош, қариндошлар – ижодкорларнинг,
Ҳурмати бағримда бир қўйин дафтар.
 
Ажойиб замона, бахтиёр инсон,
Шарафли меҳнатда яшнаган Ватан.
Сидирға ёқутдан тизилган маржон,
Йирик дурдонаси бўлган Наманган.
 
 
Чустий: ШАҲРИ НАМАНГОНИ БОР
 
Бу қўшиғимнинг танида жони бор,
Бошида осмонўпар алвони бор,
Бағрида бир улкан достони бор,
Ҳар кўчасин боғу гулистони бор,
Кимнинг бу хил шаҳри Намангони бор?!
 
Бунда қуёшлар юрадир беҳисоб,
Олималар юзлари бир офтоб,
Ҳар қадаминг манти-ю, барра кабоб,
Тасма палов, ёғлиғу ширмони бор,
Кимнинг бу хил шаҳри Намангони бор?!
 
Садқаси мен барча шифокорини,
Хирмону конлардаги номдорини,
Ер юзи мақтайди анорзорини,
Анжир, узум, олма, бодом кони бор,
Кимнинг бу хил шаҳри Намангони бор?!
 
Боғлари ҳам, тоғлари ҳам барҳаво,
Хулқи ширин, лафзи ширин дилрабо,
Минг йил агар мақтаса бўлмас адо,
Санъати соз булбули хушхони бор,
Кимнинг бу хил шаҳри Намангони бор?!
 
Пири бадавлат оталар-оналар,
Атласининг ошиқи жононалар,
Бунда кўринмас сира бегоналар,
Чустийни кўп ёру қадрдони бор,
Кимнинг бу хил шаҳри Намангони бор?!
 
 
Собир Абдулла: НАМАНГАН ХИРГОЙИСИ
           (Халқ қўшиғи вазнида)
 
Наманган бораман, создир ҳавоси,
Мевалари ширин, дарднинг давоси,
Узум узсам узумзордан бир шингил,
Асалман дер, ширинликда даъвоси.
 
Анорзори менинг зеҳнимга ёқди,
Кўкламда боғ пушти маржонлар тоқди,
Кузда анжир узсам, кўриб боғбони,
Ўткир бу деб, аста жилмайиб боқди.
 
Ҳар кўчадан сувлар ўтар шарқираб,
Тоққа боқсам, қор кўринар ярқираб,
Кундузлари қилдим сайру саёҳат,
Гулбоғида, кўл бўйида салқинлаб.
 
Учқўрғон соз, Норин дарё қирғоғи,
Менга ёқди Қайқидаги гулбоғи,
Наманган чиқса, бундан кўринар,
Ҳарсиллаган паравознинг чироғи.
 
Борганимда Ғова билан Олмосга,
Иложим йўқ бир кеч тунаб қолмасга,
Кўринади кўм-кўк яшнаб Наманган,
Тоғ устидан аста боққанда пастга.
 
Чортоқ суви – кўп дардларнинг шифоси,
Ўйнаб ўтар ўртасидан дарёси,
Саҳроликдан чиқиб, кирди ҳосилга,
Сир бўйида Ғурумсарой саҳроси.
 
Намангандир Фарғонанинг гулбоғи,
Янги қишлоқ: Ўнҳаёт, Тошбулоғи,
Хўб яйрашиб қилдик сайри томоша,
Яқин бўлди районларнинг йироғи.
 
 
Шўхий: НАМАНГАН БОҒИДАН
 
Холимас булбул Наманган боғидан,
Кўрса гар сунбул Наманган боғидан.
 
Қайси гул шуҳратда ғолиб келмаса,
Жой олиш мушкул Наманган боғидан.
 
Қизчалар сочин тарашни ўрганур,
Кўрса гар сунбул Наманган боғидан.
 
Элда катта совға ўрнида ўтар,
Дасталанган гул Наманган боғидан.
 
Қайсиким ўрнак олиб юртни безар,
Одам эрса бул Наманган боғидан.
 
Тарқалур илҳом қалам соҳибига,
Ер юзида шул Наманган боғидан.
 
Ўзгаси топилмагай кўнгул амин,
Шўхийга мақбул Наманган боғидан.
 
 
Ҳусниддин Шарипов: НАМАНГАН БОҒИДА
 
Кел, азизим, бир нафас дам ол Наманган боғида,
Сув сўраб борсанг, берурлар бол Наманган боғида.
 
Етти иқлим боғидан гул ҳидлаганлар оз эмас,
Охири бўлган улар ҳам лол Наманган боғида.
 
Бунда ҳар гул ишққа пайванд, шул сабаб кўрмас хазон,
Айланар ўғлонга ҳатто чол Наманган боғида.
 
Қадди юксак ҳар чинор ёрни сўроқлаб чўзса бўй,
Тебранар ноз бирла мажнунтол Наманган боғида.
 
Иштиёқин бўлса, қолгин бир умр меҳмон бўлиб,
Бўлса узринг ҳам бирор кун қол Наманган боғида.
 
 
 
Абдуқаҳҳор Ғаффорий: НАМАНГАННИ СОҒИНИШ
 
Денгиз бўйларида бўлдим мен бир ой,
Еллар эркалади тўлқин кафтида.
Шунда экан бутун латофат, чирой,
Вужудим чиниқди қуёш тафтида.
 
Ва лекин нимадир мени чорларди,
Тортар эди доим иссиқ қўйнига.
Ахир, бу ерда ҳам қуёш порларди,
Сузардим мен миниб денгиз бўйнига.
 
Соғинчим тобора кучаяр эди,
Қўймасди шаҳримнинг оҳанрабоси.
Қўлимдан етаклаб юрагим дерди:
Наманган тарафда дарднинг давоси.
 
Қанча хасталикдан фориғ бўлсам ҳам,
Соғиниш дардига даво топмадим.
Диёрим юракда ҳамиша ҳамдам,
Шаҳрим ҳавосидек ҳаво топмадим.
 
Кўзимдан ўтдилар дўстларим бир-бир,
Ҳаётим меваси – ўғлонларим ҳам.
Шунда қўлларимдан тутдингу ахир,
Хаёлан бағрингга олдинг сен, ўлкам!
 
Қўмсадим, соғиндим чаман боғларни,
Она қучоғига доим интилдим.
Соғиндим ёримни, чин ўртоқларни,
Уларнинг қадрини олисда билдим.
 
 
Муҳаммад Юсуф: НАМАНГОН
 
Қадам етса яйрар жон,
Намангон бу, Намангон.
Водий бўйнида маржон,
Намангон бу, Намангон.
 
Нолаи оҳи Машраб,
Ҳур ўғли шоҳи Машраб.
Бир ўғли шоир Усмон,
Намангон бу, Намангон.
 
Қизлари кўкда ҳилол,
Тилларидан томар бол.
Йигитлари паҳлавон,
Намангон бу, Намангон.
 
Бир ёғи қадим Нанай,
Гапларидан айланай,
Бир ёғи, о, Пешқўрғон...
Намангон бу, Намангон.
 
Қайга борсанг ёғар гул,
Одамлари дарё дил,
Ўхшаши йўқ бир бўстон,
Намангон бу, Намангон.
 
Ҳуш келдинг, эй Муҳаммад,
Бу жой шаҳри муҳаббат,
Неъмат тўла Намаккон,
Намангон бу, Намангон.
 
 
Носиржон Жўраев: НАМАНГАН
 
Ҳар гал қайтганимда бу қора ерга,
Шаҳар оқ яктакда қошимга чиқар.
Чуқур син солади менга билдирмай,
Бошимдан ўтганин кўзимдан уқар.
 
Мен эса зил кетиб бораман, яъни
Кўксимга қўрғошин қуйилётгандай.
Соғиндим деганим, келдим деганим
Унга миннат бўлиб туюлётгандай.
 
Наманган – онамга ўхшаган шаҳар,
Онамдек яшириб ўтдинг дардингни.
Ўғлинг келяпти деб эшитган маҳал
Рўмолинг учига ёшинг артдингми?!
 
Боқсам, юзингдаги қуюқ ажиндан
Бўлак-бўлак бўлиб илғанар тарих.
Жангда арқон учун кесган сочингдай
Қорадарё бўлиб тўлғонар тарих.
 
Патқаламда қўйиб гажакдор имзо,
Фитналар тузганда Аҳмад Танбаллар
Ахси қирларидан Умаршайх Мирзо
Ҳар кун қулаб тушар юрак чангаллаб.
 
Мулла Бозор Охунд – кўҳна пирхона,
Қанча авлиёга мударрис, устоз.
Шикоятхонамас, шоир, шеърхона
Бўлган кунларингда яйраганинг рост.
 
Қайси бир муаззам, қутлуғ саҳарда
Худо ихлос билан қорган зувала.
Шунданми, ҳар куни эски шаҳардан –
Бомдоддан қайтади Машраб бувалар.
 
Бугун икки қадам биз билан Сибирь,
Бориб-қайтиш мумкин бир кун ичида.
Аммо ҳануз Усмон йўл қарар дилгир,
Туйнукдан термилиб оёқ учида.
 
Ҳаёт қайта-қайта яшарар экан,
Такрор-такрор орзу тўларкан дилга.
Бугун олийгоҳга қатнаган укам
Ибрат домла бўлиб кўринар менга.
 
Наманган – мен учун бир умрлик йўл,
Наманган, мен учун барҳаёт гулсан.
Онажон, мен энди улғайган ўғил,
Кўз ёшинг яширма ёнингга келсам.
 
 
Дилмурод Жумабоев: НАМАНГАН МАДҲИ
 
Наманган – водийнинг ажиб гўшаси,
Лафзи кенг жаҳонга кетган хуш наво.
Гуллар шаҳридир бу, гулзорлар шаҳри,
Боғидан хушбўйлик тарқатар сабо.
 
Наманган – пок ният, шижоат демак,
Аҳлининг қалбида юртга муҳаббат.
Ҳунарманд элдир бу, савдогар эли,
Меҳнатда топмоқда эътибор, ҳурмат.
 
Наманган – мозийнинг ёрқин шуъласи,
Машраб киндик қони тўкилган макон.
Олимлар юрти бу, фозиллар юрти,
Не Усмон, Ҳабиблар кашф этди замон.
 
Наманган – саънатга ошуфта маскан,
Ҳофизи бетакрор, шоири – якто.
Ижод конидир бу, истеъдод кони –
Ҳуррият мадҳига жўровоз наво.
 
Наманган – латофат руҳига булоқ,
Аёллари лобар, қизлари дилбар.
Эрам аксидир бу, нафосат акси,
Бунда оташ севги топади диллар.
 
Наманган – яшнатиш ишқининг рамзи,
Бунёдкорлик бирла кент топди виқор.
Ҳурлик кўркидир бу, Истиқлол кўрки,
Нурга бурканмоқда бу сўлим диёр.
 
Наманган яшариш ичида бугун,
Оллоҳнинг бергани – мана шу асли.
Шараф онидир бу, саодат они,
Хуш келдинг шаҳримга ЎЗГАРИШ фасли!
 
 
Беназир (Гулчеҳра Зокирова): ИФТИХОР
 
Ассалом, эй ҳур Ўзбекистон,
Жаҳон ичра жаҳоним менинг.
Кўнглимдаги нур Ўзбекистон,
Орим менинг, иймоним менинг.
 
Ассалом, эй шаҳри Наманган,
Ватан ичра ватаним менинг.
Сен водийнинг фаҳри Наманган,
Гул диёрим, чаманим менинг.
 
Куйлаб ўтди васфингни Машраб,
Қучоғингга кўмилди сирлар.
Ёт элларнинг тупроғин муштлаб,
Сен деб ёнди Усмон Носирлар.
 
Гоҳ қўшиқсан, гоҳида баёт,
Сўфизода базмида ўзинг.
Олам аро ёзгансан қанот,
Чустий домла назмида ўзинг.
 
Сўрасалар хуснинг ҳақида,
Сўзлайдирман бол томиб лабим.
Таърифингни битолмасамда,
Ўғлинг Ҳабиб Садулла каби.
 
Шеър туғилар юрак зарбидан,
Порамонда яснатар бир тоғ.
Гўё азим тоғлар бағридан,
Садо берар Робиддин Исҳоқ.
 
Чулғагансан қалбим оташга,
Орзум сенга манзур бўлолсам.
Қани энди мадҳинг куйлашга,
Ҳабибангдек булбул бўлолсам.
 
Этсам арзир кўзга тўтиё,
Хоки пойинг гўзал Наманган.
Сенсан ҳофиз Камолиддиннинг,
Борар жойи ўшал Наманган.
 
Сўзга чечан Наманган аҳли,
Бизда теша тегмаган гап бор.
Қилолмасди бирор зот тақлид,
Ҳажв ёзса Абдулла Жаббор.
 
Ширинсуҳан халқингни азал,
Қиёси йўқ лутфу каломда.
Зиё Мансур сўзда мукаммал,
Қолишмайди Ғафур Ғуломдан.
 
Меҳринг ила соласан оташ,
Истеъдодга тўла диёрим.
Гулзорингга эрур мунаққаш,
Асқарҳожим нақшу нигори.
 
Гўзал кенту туманларинг бор,
Тизилишар мисли дур бўлиб.
Санъатинг-ла этасан ишғол,
Азим Шошни Акмал Нур бўлиб.
 
Кўз ўнгимдан ўтишар бари,
Наманганим дея чорласам.
Мен ҳам бир кун улар сингари,
Осмонингда ёниб порласам.
 
Кундан кунга очавер чирой,
Биноларда кўтаравер қад.
Водий ичра бўлгин эркатой,
Пок ниятли халқингга раҳмат.
 
Улуғворсан, ҳурсан, яхшисан,
Фидо этгум сенга қирқ жоним.
Беназирнинг илҳомбаҳшисан,
Она шаҳрим, ота маконим.

Биз Twitterда