ОҚҚУШ, ЧЎРТАНБАЛИҚ ВА ҚИСҚИЧБАҚА Эски масалга янгича нигоҳ

Article

Алқисса, ўша учлик – Оққуш, Чўртанбалиқ ва Қисқичбақа урина-сурина ҳаракат қилишса-да, аравани жойидан силжита олишмабди. Лекин ўлгудай чарчаб, ҳолдан тойишибди. Шунинг учун бир оз дам олишга қарор қилишибди. Уларнинг ҳар бири ўз хаёлларига чўмиб ўтирар экан, тўсатдан Оққуш сўраб қолибди:

  • Оғайнилар, бу аравани қаёққа олиб боришимиз керак экан-а?
  • Қаёққа бўларди, денгиз тубига-да! – дея унинг гапини чўрт кесибди Чўртанбалиқ.
  • Нега энди денгиз тубига бўларкан? Менимча, уни ўрмон ичкарисига олиб бориш керак! – дебди Қисқичбақа билағонлик билан.
  • Балки осмонга олиб чиқармиз? – журъатсиз оҳангда сўз қотибди Оққуш.
  • Осмонга? Бу нима деган гап? – бараварига хитоб қилишибди Чўртанбалиқ ва Қисқичбақа.
  • Ақлинг жойидами?! Осмонда арава нима қилади? – танбеҳда давом этибди Чўртанбалиқ. - Бундан ташқари, бизнинг уча олмаслигимизни ёдингдан чиқарган кўринасан. Ўзинг ҳам жуда ҳавойи, бефаросат  қушсан-да. Тўхта-тўхта, сен ўзи қушмисан ёки қанотли балиқмисан? Бир қарасак, сувда сузасан, яна бир қарасак, осмону фалакда учасан. Хўш, сенинг зотинг, насл-насабингнинг тайини борми?

Чўртанбалиқнинг гаплари Оққушга оғир ботибди. Хаёлидан “Уларнинг ўзлари нима эканлар, Чўртанбалиқ на балиққа ўхшайди, на тимсоҳга. Шу иккисининг ўртасидаги маҳлуқ. Қисқичбақа-чи, у қандай жонивор? Қисқичли бақами? Бақанинг туси йўқ-ку унда?” деган ўй ўтибди. Аммо ўйлаганларини овоз чиқариб айтишга ботина олмабди. Бир кўнгли шартта орқа-олдига қарамай кетиб қолмоқчи бўлибди. Лекин ўз ҳақ-ҳуқуқини юзага чиқариш мақсадида сабр қилишни маъқул кўрибди.

  • Менинг насл-насабимнинг аравага нима алоқаси бор? – дебди Оққуш ўжарлик билан.

Унинг бу саволига Чўртанбалиқ ҳам, Қисқичбақа ҳам жавоб бера олишмабди. Бироқ нимадир дейиш зарурати уларни ўйлантириб қўйибди. Бу икковлон ҳали жўялироқ бир тўхтамга келиб улгурмасидан Оққуш яна сўрабди:

  • Нима деб ўйлайсизлар, бу аравада қандай юк бўлиши мумкин?

Чўртанбалиқ ва Қисқичбақа Оққушга анграйиб қарашибди. Улар нега бу фикр илгарироқ ўзларининг хаёлларига келмаганидан таажжубга тушишибди.

  • Менимча, унда олтин-кумуш ва дур-жавоҳирлар бўлса керак. Шунинг учун уни денгиз тубига чўктириб яшириш лозим, - дебди Чўртанбалиқ.  
  • Бу фикр унчалик тўғри эмас, - дея унга эътироз билдирибди Қисқичбақа. – Биринчидан, шунча олтин-кумуши бўлган арава эгасиз ётмайди, иккинчидан, бир арава олтин-кумуш озмунча дунё эмас. Адашмасам, унда озиқ-овқат бўлса керак. Ўзинг нима дейсан, Оққуш?
  • Мен тахмин қилолмайман. Лекин юкни очиб кўриш керак, деган таклиф киритмоқчиман.
  • Ажойиб фикр! – Оққушни қувватлашибди шериклари.

Учовлон аравадаги юк устига ёпилган матони олиб қарашибди-ю, афтлари буришиб кетибди. Чунки ундаги нарса кераксиз чиқиндилар уюми экан. Уч оғайни афсус-надомат билан бош чайқашибди. Улар аравани силжитиш учун бефойда вақт ва куч сарфлаганларидан пушаймон бўлишибди. Бу пушаймонликнинг ёнига “Энди нима қилиш керак?” деган савол қўшилиб, тоза бошлари қотибди. Бир маҳал:

  • Мен ҳеч қачон аравага чиқмаганман, - дебди ўкинч билан Қисқичбақа. – Келинглар,  аравада сайр қилайлик!

Унинг таклифи Оққуш ва Чўртанбалиққа ҳам ёқиб тушибди. Негаки, уларнинг иккови ҳам ҳали аравада сайр қилишмаган экан. Шу ерда учрашганларида бери биринчи марта учовининг фикри бир жойдан чиқиб,  бирдамлик билан аравани ағдаришибди. Кейин бўш аравага ўзлари чиқиб олишибди.

  • Қани, кетдик! – деб хитоб қилибди қувончи ичига сиғмаган Қисқичбақа.
  • Олға! – дея ҳайқиришибди Оққуш ва Чўртанбалиқ.

Бахтга қарши, арава уларнинг ҳайқириқларини эшитмагандай жим тураверибди. Ундовлар-у хитоблар, чорловлар-у шитоблар аравага таъсир қилмабди. Ҳафсаласи пир бўлган дўстлардан бири аравани кимдир тортиши кераклигини эслагунича роса бақир-чақир қилишибди. Кейин эса тортишув авжига чиқибди. Чунки улардан ҳеч бири аравани тортишни истамабди. Охир-оқибат қуръа ташлашга келишишибди.

  • Юқорига учиш бўйича баҳслашамиз, - деган таклиф киритибди Оққуш. – Кимки энг пастда қолиб кетса, ўша арава тортади.
  • Ҳеч қачон! – дея унга қарши чиқибди Чўртанбалиқ. – Сузиш бўйича куч синашамиз. Ким узоққа сузса, ўша ғолиб бўлади. Албатта, аравани тортиш охирида қолиб кетганнинг гарданига тушади.
  • Бекорга тортишяпсизлар, - деб уларни муросага келтирмоқчи бўлибди Қисқчбақа. – Қуръанинг  энг афзал усули – югуриш. Келинглар, яхшиси, тез чопиш мусобақасини ўтказамиз.

Қисқичбақанинг гапи Оққуш ва Чўртанбалиқнинг энсасини қотирибди. Тортиша-тортиша, ниҳоят, улар бир қарорга келишибди. Қарорга кўра, ҳаммалари биргаликда араванинг ортидан сурадиган, у ҳаракатга келиши билан Оққушнинг ёрдамида  юқорига чиқиб оладиган бўлишибди. Шу мақсадда учовлон пастга тушиб, куч йиғиш учун нафас ростлай бошлашибди. Шу пайт кутилмаганда уларнинг олдига бир От келиб қолибди. От салом-аликсиз, гап-сўзсиз араванинг жиловини гарданига илиб йўртиб кетибди. То арава кўздан ғойиб бўлгунча Оққуш, Қисқичбақа ва Чўртанбалиқ ҳушларини йўқотиб, оғизларини очиб қолаверишибди.

Гули МУРОД


Биз Twitterда