Қодирий мўъжизаси ёхуд «Ўткан кунлар»да ноёб қадриятлар тасвири

 
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини мутолаа қилар эканман, мозийда, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари»да асар қаҳрамонлари билан ёнма-ён турган кўйи Кумушга дугона, Отабекка сингил тутинаман, уларга дилдошлик ва дардкашлик ҳиссини туяман.
Икки қалб тилида жаранглаган сўзлар, улар қадрлаган шарқона қарашлар, замона чиғириқларида завол кўрмаган қадриятларнинг бари ҳайрат ва муҳаббатимни оширади. Ва ҳар гал дунё романчигидаги ўхшаши бўлмаган, ўзбек адабий тилининг нафосати ва ўзига хос ҳидини туйиш имконини берадиган, энг муҳими, асл ўзбекона қадриятларнинг акс-садоси бўлган «Ўткан кунлар»нинг чиндан ҳам Қодирий яратган мўъжиза эканлигига иқрор бўлавераман.
Роман, том маънода, гўзал хулқ, ўзбекона одоб ва маданиятнинг жонбоз тарғиботчисидир. Аввало, оқил ота ва доно фарзандлар тимсоли Юсуфбек ҳожи ва Отабек қиёфасида яққол кўринади. Юсуфбек ҳожидаги салобат ва тафаккур қудрати, Отабекдаги виждон ва йигитлик ҳақидаги мустаҳкам тасаввур Қодирий қаҳрамонларининг ақлу закоси, мулоҳазакорлигини кўрсатади.
Ўзбекойим ўз хоҳиши билан Отабекка Зайнабни унашиб қайтади. Отабек бундан бехабар бўлсада, бир дилхираликни сезиб тургандек. Романнинг бу ҳақдаги воқеаси баёнида шундай дейилади:
“...Анчагина сўзсиз ултургандан сўнг ҳожи мулойимона сўз очди:
-Ўғлим, ҳали сан эшитдингми, йўқми, ҳайтовур, биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдиқ...
Отабек, маълумки, уларнинг «қилиб қўйған ёки қилмоқчи бўлған ишларини» албатта билар эди. Шундоқ ҳам бўлса билмаганга солинди:
-Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас, -деди.”
Фарзанд жавобидаги мантиқий қудрат ва ота-онага нисбатан тавозе’ шу қадар кучли эдики, ота бундан қаттиқ таъсирланади.
Ҳожи Ўзбек ойимдаги бироз калтабинлик нуқсини билсада, айбни борича унга тўнкаб қўймайди, «биз» деб кўрсатади. Энди бу оғир масалани узил-кесил ҳал қиладиган қатъий тамойил бор. Бу ҳам бўлса, ушбу оила аъзоларига хос бўлган лафзга садоқат туйғусидир.
Айни шу парчанинг ўзида ноёб ўзбекона қадриятлар – фарзанднинг ота-она ихтиёрига кескин қарши чиқмаслиги, ота ҳурмати, фарзанд эъзози, оилабошининг аёли иззатини ошкора тўкмаслиги, айниқса, лафзга вафодорлик фазилати маҳорат билан очиб берилади.
Отабекка отамерос бўлган босиқлиқ, суҳбат одоби, оз ва маънили сўзлаш, фақат муҳим гап учун оғиз очиш ҳислатлари ҳам ўғил-қизлар тарбияси учун ҳар қачон ибрат олишга арзийди.
Кумуш – шарқона ва орзудаги образ. Таъкидлаш керакки, Қодирий Кумушни беҳад эркалатади. Уни сўзлатишда, унга қаратилган муносабатларда ниҳоятда латифлик кўрсатади. Аслида Кумуш портрети, ундаги характер ва гўзал ахлоқ бунга лойиқдир.
Ўз тўйини ғамнок чеҳра билан ўтказган Кумуш жуфти ҳалоли Отабек эканлигини кўриб, чексиз ҳайрат ва қувонч туяди, бироқ, ҳаяжонини нафосатга ўраб, «Сиз ўшами?... Кутилмаган бахт» дея олади, холос. Шарқона ибонинг Кумуш тилидаги жаранги бу. Аслида икки дилнинг бирлашиши ҳам шунчаки тасодиф эмас, илоҳий боғланиш эди. Қолаверса, ғарблашган олам «ошиқ-маъшуқа»ларининг ҳеч қандай чегара ва ахлоқ меъёрларини писанд этмас муносабатлари билан Отабек ва Кумушнинг андиша ва орият сувини ичган меҳрли қарашларини қиёсласак, асарнинг тарбиявий кучини теранроқ англаймиз.
Асар воқеаларининг кейинги баёнларида Кумуш ўз бахтининг фожиаси бўлган Отабекнинг иккинчи уйланиши ҳақида эшитиб ҳам дод-фарёд қилмайди, ахлоқ чегарасида туради. Унинг «Мени унутмайсизми?» деган мунис сўзи Отабекни нафис қалб соҳибасига янада қаттиқроқ боғлайди.
Ўзбекойим Тошкентга келган марғилонлик келинига «сенлаб» мурожаат қилади, озғинлигини эса инжиқлик ёки феъли торликка эмас фикрчанликка йўяди. Бу ўзбек онасининг ўз фарзандига қилган самимий муомаласи кабидир.
Юқоридаги мисоллар романда ҳақиқий ўзбек хонадони, ҳаёти ва турмушидаги ўзига хос анъаналар, оилавий муносабатлар ва қарашларнинг аслича намоён қилинганини кўрсатади. Юсуфбек ҳожи, Қутидор, Отабек, Кумуш, Ҳасанали, Уста Алим сингари қаҳрамонлар тимсолида инсонийлик, юксак ахлоқ-одоб, тарбия омилларини кўкка кўтаради, Мусулмонқул, Ҳомид, Жаннат, Содиқ кабилардаги фисқу фасод, иймонсизлик, бадкирдорлик сингари иллатларга нафрат туйғусини уйғотади.
«Ўткан кунлар»ни ўқиш асносида, шубҳасиз, унда яшайсиз, Отабек ва Кумуш билан бирга дард чекасиз, қувонасиз, уларнинг тақдирига ўз тақдирингизни туташ биласиз. Қолаверса, асар тилининг таъсирчанлиги, қаҳрамонлар сўзлашувидаги жозиба ва тарбиявийлик қудрати романни қайта-қайта мутолаа қилишга чорлайди. Шубҳасиз, «Ўткан кунлар» адабий ёдгорлик мақомидаги юксак бадиий обида, унинг ҳар бир сўзи руҳиятимизни ёритадиган ва асраб-авайланадиган инжу кабидир.

Биз Twitterда