Императорнинг янги кўйлаги

 
Бир замонлар чиройли либосларга ўчлиги билан машҳур бўлган император яшаган экан. У мамлакат ҳақида қайғуриш ўрнига, кун бўйи кўзгу олдига туриб олиб, кўйлакларини кийиб кўриб завқланаркан. Кунларнинг бирида император кўзгу олдида ўзига маҳлиё бўлиб турганда, вазирларидан бири унинг ҳузурига кириб, шундай дебди:
-  Жаноби олийлари, ташқарида, сарой ҳовлисида бир тикувчи турибди. Айтишига қараганда, у сиз ҳазрати олийларига энг қимматбаҳо, энг гўзал либослар тикиб бера олармиш.
-  Уни ҳозироқ ҳузуримга олиб келинг! - буюрибди император ўйлаб ҳам ўтирмай.
Тикувчи хонага таъзим билан кириб, аста сўз бошлабди:
-  Мен дунёдаги энг моҳир тикувчиман. Ижозат этсангиз, сиз ҳазрати олийларига энг ғаройиб ва қимматбаҳо кўйлакни тикиб бераман. Кўйлакнинг ғаройиб хусусияти шундаки, ким аҳмоқ бўлса, кўйлак унга кўринмайди…
Император тикувчининг сўзларини диққат билан эшитибди ва ичида ўйлабди: "Агар бу чиндан ҳам ҳақиқат бўлса, кўйлак ёрдамида мамлакатимда ким аҳмоқ эканлигини билиб олардим".
У тикувчига тезроқ ишга киришишни буюриб, кўп пул берибди.
Бир неча кун ўтгач, император вазирини тикувчининг олдига юборибди ва ўзининг янги кўйлаги тайёр бўлдими, йўқми билиб келишни тайинлабди. Вазир хонага кириб келганда, тикувчи астойдил меҳнат қилаётган экан. У чаққонлик билан игнага ип ўтказар ва тикишга киришаркан. Аммо вазир унинг қўлларида ҳеч қандай мато кўрмабди. Чунки, аслида ҳам тикувчининг қўлларида ҳеч қандай мато йўқ эди. Вазир бундан даҳшатга тушибди. "Мен ҳеч нарса кўрмаяпман-ку! Наҳотки аҳмоқ бўлсам!" деб ўйлабди. У кўзойнагини тақиб ҳам, яқинроқ келиб ҳам қараб кўрибди. Аммо барибир ҳеч нарсани кўра олмабди. "Кўйлакни кўрмаётганимни ҳеч ким билмаслиги керак", ўйлабди яна у ва баланд овозда кўйлакни мақтай бошлабди. Кейин императорга ҳам кўйлак унга жуда-жуда маъқул келганини ва тез орада тайёр бўлишини айтибди. Эртасига император бошқа вазирини тикувчининг олдига юборибди. У ҳам императорга "янги" кўйлак ҳақида завқ-шавқ билан гапириб берибди. "Менинг қандай ақлли вазирларим бор экан!" қувонибди император.
Бу орада императорнинг янги кўйлаги ҳақидаги миш-миш гаплар бутун мамлакатга тарқалибди. Ниҳоят тикувчи кўйлак тайёр бўлганини маьлум қилибди.
Император шу заҳотиёқ янги кўйлакни кийиб кўрмоқчи ва ўзининг янги либосини бутун халққа кўз-кўз қилиш мақсадида шаҳар айланмоқчи бўлибди. Император кўзгу олдига келгач, тикувчи унга:
-  Ҳазрати олийлари, марҳамат қилиб кийимларингизни ечсангиз. Мана бу сизнинг янги кўйлагингиз, - дебди ва унга гўё кўйлакни ушлаб тургандай, бўш қўлларини узатибди. "Жуда гўзал" дейишибди вазирлар бир овоздан ва императорни кўйлак билан қутлашибди. "Мен ҳеч нарса кўрмаяпман-ку! Демак, мен аҳмоқ ва императорликка номуносиб эканман-да!" ўйлабди ичида император ва даҳшатга тушибди. "Буни ҳеч ким билмаслиги керак!" таъкидлабди у ўзига-ўзи. Кейин баланд овозда шундай дебди:
-  Мен хурсандман. Кўйлак менга жуда ёқди.
Император тикувчини мукофотлаб, унга тилаганича олтин, кумушлар берибди. Тикувчи таъзим қилиб, тезда саройдан жўнаб кетибди.
Шаҳар бўйлаб кезар экан, яланғоч, бақалоқ император жуда кулгили кўринарди.
Тўсатдан омма орасидан бир болакай қичқириб юборибди: "Император яланғоч-ку!"
Одамлар кулиб юборишибди. Ҳатто чекка-чеккадан қичқира бошлашибди: "Императорнинг кўйлаги йўқ!"
Шундагини император тикувчи ҳаммаларини алдаб, аҳмоқ қилиб кетганлигини англаб етибди.
Ханс Кристиан Андерсен эртаги,
немис тилидан Ҳомид Раҳмон таржимаси

Биз Twitterда