ФАСОҲАТ, БАЛОҒАТДА, ЛАТОФАТДА ТЕНГИ ЙЎҚ

Article

Мутолаа тил ва тафаккуримизни бойитади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб

Нега юртдошларимиз, хусусан, ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданияти анча пасайиб кетди? Нима учун бизни ердан кўкка кўтарадиган, баркамоллик сари етаклайдиган, қалбга ёруғлик бахш этадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонликни фарқлашга ўргатадиган, инсониятнинг энг ноёб кашфиёти – китобга қизиқиш бирмунча сусайди? 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2016 йил 19 октябрда ўтган съездида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Маърузада бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, барқарор тараққиётга эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Айни пайтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади, деди давлатимиз раҳбари. 
Ушбу фикрлар барча зиёлилар, миллат келажаги, унинг маънавий баркамоллиги учун ташвишда бўлганларнинг юрагидаги гап бўлди. Зеро, китоб барчамизга чароғон йўлни кўрсатишини, маънавий оламимизни бойитишини, келажакдаги ягона тўғри йўлни танлашга ёрдам беришини билсак-да, уни ўқимасак, китобга эътиборсиз бўлсак, китоб тўғрисидаги тасаввурларимиз хато бўлмайдими? 
Ана шу фикрлар қуршовида турганимизда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Мазкур фармойиш китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаради. 
Фармойишда китоб маҳсулотлари нашр этиш, тарқатиш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятининг бугунги кундаги ҳолати, мавжуд камчилик, хатолар рўй-рост очиб берилган. Айниқса, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмагани, таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилишга маблағлар етарли даражада жалб этилмаётгани, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотларини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар юксак талаблар даражасида эмаслигига алоҳида эътибор берилган. 
Давлатимиз раҳбарининг китоб ишлаб чиқариш ва китобхонлик маданиятини янада яхшилаш масаласига куюнчаклик билан ёндашаётганида чуқур маъно, эзгу мақсад мужассам. Чунки китоб инсоннинг маънавий қувватини оширувчи буюк куч, инсониятнинг тарихий хотираси, келажак йўлларини ёрқин кўрсатиб беришга қодир машъаладир. 
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда илм олиш, китоб ёзиш, ижод қилиш миллатнинг мавжудлиги ва у нимага қодир эканини кўрсатувчи муқаддас тушунчалар ҳисобланади. Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб, минглаб мутафаккирларнинг шаклланиши, дунёга танилиши, замонлар ошса-да аҳамияти йўқолмайдиган тадқиқоту кашфиётлари фақат ва фақат китоб орқали юз берди. Бугунги авлодлар томонидан ана шу олимларнинг илмий-маърифий бисотига бот-бот мурожаат қилинишининг сабаби ҳам улар томонидан яратилган китоблар туфайлидир. 
Шарқда ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудийнинг китоб ҳақидаги қуйидаги фикрларига бир қулоқ тутайлик: “Эй азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам “Китоб ақл қалъасидир”, деганлар”. 
Юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни муқаддас билиб, қорачиғидек асраганларни зиёли, деб атаганлар. Зиёли – нур тарқатувчи, у ўзининг саъй-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган. 
Бунга узоқ ва яқин тарихимиздан мисоллар кўп. Масалан, маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибрат ўз уйида бой кутубхона ташкил қилган ва уни “Кутубхонаи Исҳоқия”, деб атаган. Ушбу кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, турк, татар, форс-тожик тилларида юзлаб китоблар жамланган. Улардан нафақат ўзи, қишлоқ аҳолиси ҳам унумли фойдаланган. Исҳоқхон Ибрат ўз мактаби ўқитувчиларини кутубхонада сақланувчи китоблар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактаб ўқитувчиларига бағишланган қисмида Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, Рустамбек Юсуфбек ҳожи ўғлининг “Раҳбари ҳисоб” каби кўплаб дарслик, ўқув қўлланмалари сақланган. У кутубхона аъзоларининг китоб олиш ва ўқиб бўлгач, уни топшириш дафтарларини ҳам ташкил қилган, аъзоларнинг, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишларини ўзи назорат қилиб борган. 
Президентимиз фармойишидаги яна бир ҳолатга алоҳида эътибор бериш лозим. Бу ҳудудларда ёзувчи, шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларини ташкил этиш, аҳоли ўртасида бадиий жиҳатдан юксак миллий ва жаҳон мумтоз адабиётлари намуналарини тарғиб қилиш, китобхонлар, босма ва электрон китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар ҳамда кутубхоначи ва тарғиботчилар орасида турли танловлар ўтказиш масаласидир. 
Бугунги кунда оилавий кутубхонаси бор юзлаб, минглаб юртдошларимиз мавжуд. Уларнинг кутубхоналарида шундай ноёб, нодир китоблар борки, улар жуда камёб ва ягона нусхада. Президентимиз фармойиши асосида ўтказиладиган “Энг яхши китобхон оила” танлови ўша нодир асарларнинг нафақат мазкур оила, балки бутун жамиятнинг маънавий мулкига айланишига, улардан кенг жамоатчиликнинг, соҳа мутахассисларининг самарали фойдаланишига имкон яратади. Оилавий кутубхона фақатгина уйнинг безаги, уй эгасининг зиёлилигини билдирувчи белги бўлиб қолмайди. 
Бадиий асар кишиларнинг дунёқараши, ижтимоий-сиёсий салоҳиятини юксалтириши, маънавий баркамоллигини таъминлаши лозим. Бундай асарлар яратилмоқда. Афсуски, бугунги асарларнинг барчасига ҳам ижобий баҳо бериб бўлмайди. Айрим асарлар яхши ниятда яратилаётган бўлса-да, улар “тескари самара” бермоқда. Баъзи асарларда турли салбий кўринишлар, зўравонлик, ур-йиқит, фаҳш сингари тарғиб этиш ҳолатлари авж олаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. 
Мутафаккир-алломаларимиз жоҳилликнинг биринчи белгиси гўзалликни кўрмасликдир, дейдилар. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Атрофимизда шунча янгиликлар, янгиланишлар, ислоҳотлар содир бўлмоқда, одамларимизнинг тафаккури ўзгармоқда. Ана шу ижобий ҳолатларни бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар орқали халқимизга, айниқса, ёшларимизга етказиш адибларимизнинг энг муҳим вазифасидир. 
Маданият, санъат, айниқса, бадиий адабиётда замонамиз қаҳрамонини топиш, унинг образини яратиш, назаримизда, ўта долзарб масалалардан биридир. Президентимиз фармойишида кўрсатилган энг муҳим масалалардан бири ҳам шу. Бундай қаҳрамонлар орамизда, улар ҳар куни жасорат кўрсатмоқда. Ангрен – Поп темир йўлида Фарҳоднинг жасоратини такрорлаган, чегарани мустаҳкамлашда мардлик кўрсатган, янги технологиялар асосида фермерлик ҳаракатини ривожлантираётган, жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғини баланд кўтараётганлар – булар замонамиз қаҳрамонлари эмасми? 
Халқимиз айнан ана шундай асарларни кутмоқда. Айрим юртдошларимиз “ҳозирги ёшларга жиддий бадиий асарларни тавсия этган билан улар бундай китобларни ўқимайди, чунки замон ўзгарди”, дейди. Ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг маънавий эҳтиёжини шакллантириш учун уларга ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак асарларни тавсия этишимиз лозим. 
Президентимиз фармойишида китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида урғу берилган. Хўш, китобхонлик маданияти деганда нимани тушунамиз? Фикримизча, ўзининг мутахассислиги ҳамда бадиий-маънавий баркамоллигини ошириш учун китобни танлай олиш ва ўзи учун зарурини ўқиш, ўқиганларини мустақил талқин қила олиш, унинг фусункор оламига кира билиш, зарур ҳаётий хулосалар чиқариш, асарнинг муҳим жойларини ён дафтарчага кўчириб олиш, нотаниш бўлган сўзларни эсда сақлаб қолишга интилиш, мунтазам равишда ўқиш кўникмасига эга бўлиш, китоб билан муомалада энг қадрдон дўстга муносабатда бўлгандай эътибор билан қараш, китобни яроқсиз ҳолга келтирмаслик учун ундан тўғри фойдаланиш, ўқиган китобини дўстларга сўзлаб бериш, ҳар бир яхши китобни илм қалъасининг калити деб билиб, унинг боқий умрини таъминлаш китобхонлик маданиятининг муҳим кўринишларидир. 
Шу ўринда ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонида “Ўзбек тили ва адабиёти” фанидан иншо ёзиш бўйича қўшимча синовни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Ҳар йили касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни 550-600 минг атрофидаги йигит-қиз битириб, олий таълим муассасаларига ўқишга киришга ҳаракат қилади. Иншо уларнинг бадиий асар ўқишга бўлган масъулиятини оширади. 
Китоб ўқиш барчамизнинг маънавий оламимизни бойитади, сўзлашув маданиятимизни юксалтиради. Ваҳоланки, бизнинг ўзбек тилимиз дунёдаги энг бой тиллар қаторига киради. Пушкин бутун ижоди давомида 21 мингдан ортиқ сўз қўллаган бўлса, Шекспир асарлари тилида 20 мингдан зиёд сўз учрайди. Испан олимлари Сервантеснинг ижодида 18 минг сўз ишлатилгани ҳақида маълумот берган. Буюк бобомиз Алишер Навоий асарларида қўлланилган сўзлар сони 26 мингдан ортиқдир. Ана шундай буюк бойлигимизни асраб-авайлаш ва авлодларга безавол етказиш учун ҳам китоб ўқишимиз керак. 
 
Абдухалил Маврулов,
тарих фанлари доктори, профессор
ЎзА 

Биз Twitterда