Эркин Воҳидов – миллий маънавиятимиз фидойиси

Article

«Vodiy Media» нашриёти ва Vodiymedia.uz томонидан Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Наманган шаҳар транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят ва шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда бўлиб ўтган бадиий-мусиқали кеча “Буюк шоирга эҳтиром” деб номланди.

Таъкидлаш жоизки, миллий адабиётимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилган ижодкорларнинг бой маънавий меросини, асарларининг мазмун-моҳияти, ижодий фаолиятини ўрганиш, хотирасини эъзозлаш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори халқимизнинг суюкли шоири ижодининг тарбиявий аҳамиятини янада кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Vodiymedia.uz бош муҳаррири Анвар Икромов Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни ва роли ҳақида гапириб берди. Истиқлол ва озод Ватан куйчиси билан кўп бора дийдорлашган, яқиндан суҳбатда бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор Зиёвиддин Мансуров шоирнинг серқирра ижоди ва камтарлик, ватанпарварлик каби чин инсоний фазилатларини хотирлаб берди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси, шоира Руқия Ғозиеванинг ёшлар билан мушоираси элимизнинг ардоқли фарзандининг шеърияти умрбоқийлигини яна бир бор намоён этди.

Коллеж ўқувчилари серқирра сўз санъаткорининг шеъридан намуналар ўқиб, шоир ижодига мансуб “Олтин девор” асаридан саҳнали кўринишни намойиш қилишди.

 


Биз Twitterда