Ҳабиб Саъдулласиз келдингми баҳор? Ўзбекистон халқ шоири ҳаёт бўлганида 75 ёшни қарши олар эди

Ўзбекистон халқ шоири, давлат мукофоти совриндори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, давлат ва жамоат арбоби Ҳабиб Саъдулла   ҳаёт бўлганида 75 ёшни қарши олар эди.
 
 
Ҳар йили Наманганда апрель ойининг биринчи ҳафтаси Ҳабиб Саъдулла хотирасига бағишланган адабиёт, маънавият байрами бўлиб ўтади.
«Истиқлол куйчиси», «Гўзаллик ва муҳаббат куйчиси» мавзуларида жойларда маънавий-маърифий  анжуманлар ташкил этилади. Нодира номидаги ахборот кутубхона марказида бўлиб ўтган анжуманда таниқли шоирлар, Намаган вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансур, Дилбар Бону  тадбир иштирокчиларига устоз адибнинг ўзига хос фазилатлари, серқирра ижоди ва унинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилишди.
- Устоз Ҳабиб Саъдулла том маънода зукко ва лутфга бой Наманган халқининг муносиб рамзига айланган улуғ сиймо эди. Унинг нурли чеҳраси, гапга чечанлиги, юморга бойлиги, топиб гапириши, сўзларининг пурмаънолиги, ярашиқли табассумида бутун Наманганнинг фазилатлари яққол барқ уриб турарди. Унинг халқчил асарлари шоир абадиятини таъминловчи омил бўлиб узоқ йиллар халқимизни оханрабодай ўзига тортиб туришига шак-шубҳа йўқ, - дейди шоирнинг шогирди, иқтидорли ижодкор Зиёвиддин Мансур.
 
Таниқли ижодкорлар Боқий Мирзо, Носир Деҳқон, Дилором, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Жамолиддин Муслим Ҳабиб шоирнинг Наманган адабий муҳитида тутган ўрни, юксак инсоний фазилатлари хусусида ўз таассуротларини гапириб, шеърларидан намуналар ўқиб беришди.
Хушовоз хонанда Ҳамиджон Маллабоев ижросида янграган шоир ғазаллари билан айтилувчи мумтоз қўшиқлар адабий гурунгни бойитди.
Шоирнинг фарзандлари ва набиралари Ҳабиб Саъдулланинг оилада, маҳаллада тутган ўрни, шахсий фазилатларини ёдга олиб, хотира тадбирларини ташкил этиш билан унинг руҳини шод этаётган мутасаддиларга ташаккур изҳор қилди.
 
 
Ҳабиб Саъдулла (тахаллуси; асл номи Саъдуллаев Ҳабибулла) (1942.5.4, Наманган – 2006) — Ўзбекистон халқ шоири (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1992).
Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1971). «Муштум» журналида мусаҳҳиҳ (1966—67), мактаб ўқувчилари газетасида адабий ходим (1967—68), «Наманган ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари (1968—73), Наманган вилоят Ёзувчилар уюшмасида раис (1973—90), вилоят Маданият ишлари бошқармасида бошлиқ (1990—98) бўлиб ишлаган.
Дастлабки шеърлар тўплами — «Океандан шабада» (Усмон Темур билан ҳамкорликда, 1969). Шундан сўнг Ҳабиб Саъдулланинг «Баҳор билан суҳбат» (1975), «Мулоқот» (1979), «Яна остонангда» (1982), «Эҳтиром» (1984), «Боғлар юртин боласимиз» (1988), «Тазарру», «Кўчамдан жонон ўтганда» (1992), «Косонсой карвонлари» (1993), «Учқўрғоннинг уч хирмони» (1996), «Рамазон муножоти» (1997), «Нур қадри» (1998) шеърий китоблари нашр этилган.
Ҳабиб Саъдулла шеърларида ўзи мансуб бўлган авлоднинг ўзгариб бораётган воқеликдан олган таассуротлари ва шу воқеликка муносабати ўз ифодасини топган. Шоирнинг уруш мавзусига бағишланган «Туғилган йилим», «Онаизор» ва «Тирик қурбонлар» достонлари автобиографик хусусиятга эга. Бундан ташқари, Ҳабиб Саъдулла «Усмон атлас», «Замин садоси», «Еттинчи қитъа», «Эътиқод», «Чуст ривояти», «Адиб тақдири», «Жароҳат» сингари достонларни ҳам ёзган.
Ҳабиб Саъдулланинг «Юсуф ва Зулайҳо» (1975), «Меҳр қуёши» (1985) драмалари ва «Раҳмат, иғвогар» (1989) комедияси вилоят театрида саҳналаштирилган. «Эл-юрт хурмати» ордени билан мукофотланган (2003).
Анвар Икромов

Биз Twitterда