Абдулла Орипов ҳаёт бўлганларида 21 март куни 76 баҳорни қаршилар эдилар...

 
Элимизнинг ардоқли ва атоқли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи, буюк устоз Абдулла Орипов ҳаёт бўлганларида 21 март куни 76 баҳорни қаршилар эдилар. Аммо буюк устозимиз бугун орамизда йўқ. Улуғ устозимизнинг миллатимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги фидокорона хизматлари олдида ҳамиша таъзим ва ташаккурдамиз! Абдулла ака бизга, сўз нималигини, шеър нималигини, адабиёт нималигини, иймон нималигини, инсон кимлигини, ҳаёт қандайлигини ўргатди, тасаввур қилишни англатди, меҳру-муҳаббатдан сабоқ берди, дўстлигу садоқатдан дарс берди. Абдулла акани ҳар бир айтган сўзини ёзиб олишим керак, бир соат ҳам, бир кун ҳам ёнларидан жилмаслигим керак деб, ният қилардим, ўзимга ўзим таъкидлардим, ҳар куни шу мақсадни амалга оширишга шайланардим. Аммо, ғофил банда эканмиз, орзуларим орзулигича қолиб кетди. Шундай бўлсада, Абдулла акадан эшитган бир қанча ҳикояларни қоғозга туширган эдим, қуйида ушбу ҳикояларни эътиборингизга ҳавола этаман. Улуғ устозимизни таваллуд кунлари арафасида хотирлаб, ҳақларига дуои фотиҳа ўқиб қўйишларингизни Худодан сўрайман. Илоҳо, жойлари жаннатдан бўлсин!
МУҲАММАД ИСМОИЛ
 
 
ТИЛГА ЭҲТИРОМ
Бу воқеани улуғ устоз Абдулла Орипов сўзлаб берган эди:
- Бир куни Кореяга, бутун дунё шоирлари халқаро анжуманига чақириб қолишди. Борсак, Совет Иттифоқидан икки киши эканмиз. Русларнинг машҳур шоири Андрей Вознесенский ва мен. Русчани унча-мунча билганим учун иккимиз ҳамроҳ бўлиб, қадрдонлашиб юрдик. Анжуман гулдурос қарсаклар билан ўтди. Бироз бўш вақт қолганди, кўча кездик, магазин томоша қилдик, бозор айландик. У-бу оламиз деб чамалаб турсак, бир корейс, бир туфли кўтариб юрган экан, кўзимга жуда чиройли кўриниб, харидор бўлдим. Лекин уни қандай олиш керак, нарх-навоси қанча, савдони қандай пишириш керак? Таваккал деб русча гапириб кўрсам, “Нима деяпсан?” дегандай “им” қоқади. Ўзбекча гапирсам, тушунмаяпман дегандай, қулоғини тутади. Алай-балай деб, имо-ишора қилсам, бир пайт тутоқиб, бақириб кетса бўладими, оғзидан тупук сачрайди, жаҳл қилади, ўқраяди, ғазабдан юзлари қизариб тутоқади, индамасанг дўппослайдиган важоҳати бор. Нима дейишга ҳайронман. “Ол-э, матоҳингни” деб кетворай десам, кетқазадиган шашти йўқ. Андрей Вознесенский инглизчани билар экан, охири “Нима гап?”, деб инглизча гапириб қолди. Корейс ҳам эринмай бир инглизчани биладиган одамни топиб келди. У одам бизнинг Совет иттифоқидан келган шоир эканимизни пойафзал сотувчига тушунтирди шекилли, бир дамда попуги пасайиб, ҳовридан тушиб, чўккалаганча кечирим сўрашга тушди. Туфлини ҳам қўлтиғимга қисиб, “Олиб кетавер, олиб кетавер, бепулга совға қилдим”, дея имо-ишора қилади.
Охир-оқибат сўраб-суриштиришимиздан кейин маълум бўлдики, сотувчи мени корейс деб ўйлаган, “Нега ўз она тилинг бўлган корейс тилини унутиб юбординг, энди сен ҳам одам бўлдингми, сенга туфли ҳайф, сен хиёнаткор баттолсан!” - деб дарғазаб бўлиб, мендек “нобакор болани катта қилган ота-онамнинг гўрига ғишт қалаётган” экан.
Андрей Вознесенский исёнкор, миллатпарвар, эркин қарашларга мойил шоир эди. Корейснинг бу хулқ-атвори унга жуда маъқул келди. Корейснинг елкасига қўл ташлаб анчайин яхши гаплар айтиб юпатди. Менга ҳам, “Тилни ҳурмат қилишни, миллатни ҳурмат қилишни, ўз она тилимизни йўқотсак бир чақага қиммат одам бўлиб қолишимизни мана шу корейсдан ўрганишимиз керак экан,” деди. Андрей Вознесенский доимо шарф тақиб юрар эди. Бўйнидаги шу шарфни ечди-да, ўз тилига эҳтироми учун, миннатдорлик тариқасида корейсга совға қилиб юборди.
 
УСТОЗГА ЭҲТИРОМ
Ўзбекистон Қахрамони Абдулла Орипов ҳикоя қилади:
- Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриётида оддий муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтларим эди. Бир куни хассос шоиримиз, устоз Миртемир домла русларнинг машҳур асари “Конёк-горбунёк” шеърий достонини ўзбек тилига таржима қилиб, олиб келиб қолдилар. Асар ниҳоятда чиройли, қуйма, пишиқ, аслидан ҳам яхшироқ таржима қилинган эди. Сўзлари бир-бирини тўлдириб, бир-бирининг оҳангига мос жаранглар, катта сўз заргарининг қўлидан чиққанлиги яққол кўриниб турар эди. Таржимани йиллик режа дастурига киритиб қўйдим.
Орадан ўн кунлар ўтгач, Миртемир домла таржима тақдиридан бир хабар олай-чи деб, келиб қолдилар. Қўлларига папкани тутқаздим. Достонни бир-бир варақлаб кўриб:
– Ўқимабсиз-а? – дедилар. Мен ўқиганимни айтдим. У киши ўқиган бўлсангиз, нега таҳрир қилмадингиз, бирор жойини тузатмадингиз, бирор жойда қаламнинг бирор чизиғини кўрмадим,- дедилар. Мен:
- Асар жуда яхши таржима қилинган, буни бирор жойини тузатиш, бузиш бўлади холос, таржима бенуқсон ва хатодан ҳоли, – дедим. У киши ишонқирамайроқ қараб турдилар-да:
- Ўқидингизми ўзи? – деб яна сўрадилар.
-Ўқидим, устоз ўқидим – деб жавоб бердим.
-Йўқ, агар ўқимаган бўлсангиз, кейинроқ ўқиб бўлганингиздан кейин, яна бир келарман, ўшанда хато ва камчиликларини айтасиз, бафуржа ўтириб гаплашамиз, маъқул жойларини қолдирамиз, номаъқул жойларини қайта ишлаймиз,- дедилар.
Мен: – Ўқидим устоз, бирор жойига қалам теккизишга ҳаддим сиғмади, агар ўқиганимга ишонмасангиз, қўлёзмани ушлаб туринг, мен бутун достонни бошдан охир ёд айтиб бераман, - дедим.
Миртемир домла ҳайрон бўлиб қараб қолдилар. Юзларида ҳазиллашаяптими ёки лоф ураяптими деган таажжуб бор эди.
Шунда шарт ўрнимдан турдим-у, хона ўртасига бориб, достонни бошдан охир ёд айта бошладим.
Миртемир домла достонни охиригача эшитди. Баъзи-баъзи қизиқ жойлари келганида лаблари пичирлаб, қўшилиб турди. Охирда, асарни ҳақиқатдан ўқиганимга тан бериб, мамнун жилмайдилар, бу жилмайишда, ўзларининг таржимонлик маҳоратига, ўзларига тан бериши ифодаси зоҳир бўлган бўлса, менинг устозга бўлган эҳтиромимга тан бериш ифодаси ҳам бор эди.
Шу воқеадан кейин узоқ йиллар Миртемир домла билан ота-боладай қадрдон бўлиб юрдик.
 
 
СУД ҲУКМИНИ ЧИҚАРГАН ШОИР
Агар жамиятимизда одамлар феъл-атворларига қараб жониворларга айланиб қоладиган бўлса, манаман деб юрган кишиларнинг кўпчилиги ё сичқонга, ё каламушга, ё тулкига айланиб қолади. Абдулла Орипов шак-шубҳасиз шерга айланади. Аммо Абдулла ака шерлик қиёфасини яшириб келарди. Ҳеч қачон мақтанмас, мен ундоқ шеър ёздим, мен бундоқ шеър ёздим демасди. Ҳатто сиз ундоқ шеър ёздингиз, мундоқ шеър ёздингиз деб мақтасангиз ҳам тан олмасди. Кулиб, гапни бошқа томонга буриб юбораверарди.
Мен совет замонида озгина бўлсада яшаганман. Бу шундай замон эдики, ким совет замонини тан олмаса, унинг кўппаклари сизни аёвсиз ғажиб ташларди. Ленин якка-ю ягона доҳий эди. Лениннинг мавқеи осмонда нур сочиб турган Қуёшдан ҳам баландроқ эди.
Бир кун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида йиғин бўлади. Казо-казолар қаторида ёш шоирларга ҳам шеър ўқиш навбати берилади. Вақти келиб эндигина йигирма ёшларни қоралаётган Абдулла Орипов минбарга чорланади. Ўша кунларда Абдулла ака “Ёзажакман” дея номланган шеърини эндигина тугатган эди. Шу шеърини баралла, ҳайқириб ўқий бошлайди ва “Бўлсангда сен Худо, номингни шайтон ёзажакман” деган жойига келганда, қўлини баланд кўтариб, улкан портретдаги Ленинни кўрсатади. Бу ўша пайтда кўз кўриб қулоқ эшитмаган жасорат эди. Энг учига чиққан тентак ҳам бу ишга журъат этолмасди. Зал ҳайратдан қотиб қолади. Ойбекнинг кўзлари қинидан чиққудек даражага келади.
Абдулла ака гўё ҳеч нарса бўлмагандай аста жойига ўтиради. Ойбек ака шартта йиғилишни тўхтатади ва ҳаммани тезда тарқатиб юборади.
Абдулла акага шу воқеани эслатганимда, “ Энди бу шеър, шеърни ҳамма ҳар хил тушунади, суд ҳукмини ўқиганим йўқ, суд хукми бўлса эди, кимдир жазоланарди, аммо ҳали ҳануз шеъримни ўқиб биров жазоланганини кўрганим йўқ, агар кимдир жазоланган бўлса, ўша кимдир – менман,” - деди.
Абдулла аканинг юрагида ўнта шернинг жасорати яшириниб ётарди. Шер ўз болаларини душманлардан асрагани каби, Абдулла ака ҳам шеърларини кўз-кўз қилмас, суд ҳукмидан ҳам даҳшатлироқ қудратга эга шеърларини, камтаринлик билан яширарди. Агар инсонлар жониворлар қиёфасига кирса, Абдулла ака албатта шер қиёфасига кирарди.
 
КЕЛАЖАККА КЕТАЁТГАН МАКТУБ
АБДУЛЛА ОРИПОВ, ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ: - 1966 йил Тошкентда зилзила бўлди. Юзлаб, минглаб одам Ер остида қолди. Ҳаммаёқ хонавайрон бўлди. Уйлар қулаб тушди, йўллар тарс-тарс ёрилди, дарёларнинг ўзани бузилди. Ҳамма жойда йиғи, аза, мотам. Бир бағри бутун одам қолмади. Одамларнинг доду-фарёди еру кўкни тутди. Аммо газеталар рост гапни яширишда бир-бири билан пойга ўйнарди. Бири тўрт киши ўлди деса, бири йўқ, уч киши ўлди дер, ҳаммасини йиғиб келганда асло ўнтадан оширмас эди. Ҳолбуки бутун-бутун маҳаллалар Ер остида қолиб кетганини билмаган, кўрмаган, эшитмаган одам йўқ эди. Бир маҳаллада ўн кишининг ёстиғи қуриган оилалар ҳам кам эмасди. Газеталар эса нуқул карнай-сурнай чалган отарчиларни расмини чиқарарди, бахтли саодатли келажак ҳақида гапирарди, кетмон кўтариб шахдам шахдам қадамлар билан пахтазор сари кетаётган забардаст забардаст йигитларни, атлас кўйлак кийиб олма тераётган лобар қизларни, меҳнатга, бунёд этишга чорлаётган комсомолларни, коммунистларни шодон қиёфада кўрсатарди-ю, аммо ҳеч кимдан аҳволинг қалай, дилингда нима дардинг бор деб сўрамасди. Дардини айтиб борганларни ҳам, дардига дармон бўладиган мард топилмасди. Ёлғончилик, дабдабабозлик, халқнинг кўзини кўр қилувчи кўзбўямачилик ҳукуматнинг ҳар кунлик иши эди.
 Ўша кунлар қайғу аламда “Келажакка мактуб” деган шеър ёздим. Шеър сўнгида шундай сатрлар бор эди: “Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар, Ер устида ёлғон сўзламанг асло!”
 Лекин бу шеърни ҳеч ким, ҳеч жойда чоп этишни истамади. Ёлғон сўзламасанг Ер устида яшаб бўлмаслигини ҳамма биларди. Совет замонини бошқариб турган мафкура ёлғончилик асосига қурилганини, одамларни алдаш муқаддас урфга кирганини ҳамма биларди ва билишини ҳамма бир-биридан яширарди. Лекин мен бу шеърни йиғилишларда, Ижодий учрашувларда, мажлисларда ўқиб юравердим. Эркак муҳаррирлардан бир гап чиқмагач, бир кун “Саодат” журналининг Бош муҳаррири Зулфия опа мени Уюшмада учратиб қолиб, “Олиб кел, шу шеърингни мен чиқараман” – деб, кўнглимни кўтардилар. Эртаси куни таҳририятга шеъримни кўтариб бордим. Аёл кишининг бағри кенгроқ, анчайин мардлиги ҳам бўлади шекилли, “Абдуллажон, шеърингиз менга анча маъқул тушди, фақат бир жойи сал ўйлантириб турибди, шу жойига озгина ўзгартириш киритолмаймизми?” –деб қолдилар. Мен: “Зулфия опа, қайси сўзларни айтаяпсиз?” - дедим. "Мана бу, “Ер устида ёлғон сўзламанг” деган жойини?”- дедилар. Мен: “Шеър устида –дея ўзгартирсакчи?” дедим. – Ана, энди тўғри бўлди! – дедилар Зулфия опа. Бу шеърнинг биринчи чиқиши шундай ўзгартирилиб чиққанди. Кейинги нашрларда у асл ҳолига қайтиб, “Ер устида..” бўлиб чиқди.
Аммо Ер усти ҳали ҳамон нотинч эди. Зилзила уч ой давом этди. Зилзила кунлари осмонда оппоқ нур пайдо бўлганини кўрганман. Ер кунда кунора бир силкинарди. У силкинишни бошлаган заҳоти одамларнинг ҳам юраги ўйнай бошларди. Ҳамма юрагини ҳовучлаб ўтирарди. Одамлар юрак ўйноғидан жон берарди. Академик шоир Ғофур Ғулом ҳам қавму қариндошлари, ҳамшаҳарлари доду фарёдига, чеккан адоқсиз изтиробларига, кули кўкка совурилган она шаҳрининг оғир мусибатига чидолмай оламдан ўтди. Коммунистлар шу ерда ҳам ўз ёлғончилик сиёсатига содиқ қолдилар, газеталар шоир зилзила туфайли эмас, ўз ажали туфайли бу дунёни тарк этганини ёздилар. Чунки, коммунистик мафкуранинг тутган сиёсати бўйича гуллаб яшнаб турган дориломон замонда, қайғу аламдан, дарду-изтиробдан ҳеч бир зот ўлиши мумкин эмасди.
“Келажакка мактуб” дея номланган шеърим ҳали ҳамон келажакка мактублигича қолмоқда, “Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар, Ер устида ёлғон сўзламанг асло” деган сатрларимиз эса ҳали ҳамон долзарблигича қолмоқда! Бу мактуб Ер устида ёлғон тугасагина ўз эгаларига етиб боради! Аммо ҳозирча у ҳамон йўлда кетиб бормоқда !
 
 
 
АДАБИЁТ ВОРИСЛАРИ
Устоз Абдулла Орипов ҳикоя қилади:
-Устоз Ойбек, бутун ҳаётини адабиётга бағишлаган, адабиётдан бошқа ҳаёти йўқ, дарди йўқ, ташвиши йўқ, орзу-умиди йўқ, адабиётга бутун борлиғини, умрини, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини бағишлаган, бахшида қилган буюк адиб эди. Шу билан бирга тириклигидаёқ ўлимни енгган, ўлимни бўйнига олган, барибир бугун ё эрта ўлиб кетаман, шунинг учун имконим борида бировларга тезроқ яхшилик қилиб қолай, дея ўйлаб юрадиган ниҳоятда хокисор инсон эди. Машҳур одамлар орасида бундайлари камдан кам бўлади.
Бир куни мени чақириб қолдилар. Энди Арманистондан келган, шаштим баланд пайтларим эди. Янги ёзилган “Арманистон” деган шеъримни кўтариб бордим. Бироз гурунглашгач, мавриди келиб, “Шеърларингизни ўқинг”, - дейишган эди, ўша шеъримни ўқиб бердим. Ойбек домла гапира олмас эдилар, жуда қийналиб, “ингичка”, “ингичка” дедилар, бу дегани ғоят нозик қочиримлари бор экан, деганлари бўлса керак, ҳарқалай мақтаётганлари кўзларидан, юзларидан, силкиниб-силкиниб тебранишларидан, бошларини лиқиллатишларидан сезилиб турарди. Шунда маъсума олима опамиз Зарифахон Саидносирова бир гапни лутф қилдилар: - “Ойбек домла, ўзларидан кейин адабиётда кимлар қолишини ахтариб юрибдилар, адабиётимиз бўшаб қолмасмикан, тақдири кимларнинг қўлида қолар экан деб, меросхўр ахтариб, сизларни бирма-бир чақираяптилар, ўзларига юпанч излаяптилар, хавотирларини аритмоқчилар”,- деди.
Билдимки устоз, тирикликларидаёқ ўлишларини тан олиб, адабиётимизнинг ворисларини излаётган эканлар. Мен борман, мендан кейин ҳеч ким бўлмайди, бўлса ҳам ёниб кетмайдими, менга нима деб ўйлайдиган баъзибир машҳурларга қарши аччиқ сабоқ бу.
 
ХАЛҚНИНГ БАХТИ
Буюк шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳикоя қилади: - Ислом Каримов жуда ҳалол ва ҳақиқатпарвар инсон эди.
 “Жаннатга йўл” асарим ёзилганда мени жуда қийнашди. Совет даври эди. У пайтлар жаннат, дўзах деган гаплар умуман ишлатилмасди. Давлатни коммунистлар бошқарарди. Табиийки, уларга бундай гаплар ёқмас эди. Асарни ҳали қўлёзмалик пайтидаёқ ўғирлаб кетишди. Хотирам шу қадар кучли эканки, юз бетлик шеърий драмани қайта ёзиб чиқдим. Мен ким, совет мафкурасининг қаршисида жимитдеккина жоним бор, “пуф” деса учиб кетардим. Зўрға омон қолганман. Халқимиз, шеърият мухлислари мени қўллаб туришди. “Муштум” журналида “Жаннатга йўл” асарим кетма-кет босилди. 17 киши тўпланиб олиб устимдан юқорига ёзишди: “Асарда нега порахўрлик сўзини ишлатдинг, совет тузумида порахўрлик нима қилади, сен атайин фаровон турмушимизни бузиб кўрсатаётирсан, бузғунчи ва жамиятимизга ёт кимсасан”, дейишди. Қаттиқ тошбўрон остида қолдим. Аммо, не ажабки орадан вақт ўтиб, Қарши Давлат драматик театри ушбу асарни саҳналаштирди. Мени ҳам асар тақдимотига таклиф этишди. Тўғрисини айтсам, тақдимотга қатнашишга юрагим дов бермас эди. Лекин, ҳаммадан журъатлироқ чиққан театр жамоасининг таклифини рад қилолмас эдим.
 Буни қарангки, спектаклга ўша пайтда Қашқадарё вилояти обкомининг биринчи секратари бўлиб ишлаётган Ислом Абдуғаниевич қатнашиш истагини билдирибдилар. Баттар оғир аҳволга тушдим. Ислом Абдуғаниевич бу асарни қандай қабул қилишини билмас эдим. Коммунистларни танқид қиламан-у, коммунистларнинг каттаси мени омон қўярмиди, деб хавотирлана бошладим.
Ислом ака билан биринчи қаторда ёнма-ён ўтирибмиз, саҳнадан “юлғичлар, порахўрлар, диёнатсизлар, худосизлар” деган гаплар дамба-дам эшитилиб турибди. Мен эса, ҳозир Ислом Абдуғаниевичнинг жаҳли чиқиб кетса, нима қиламан деб, юрак ҳовучлаб ўтирибман. Асар тугади. Бир пайт Ислом Абдуғаниевич ўринларидан турдилар. Мен ҳам секин турдим. У киши қулочларини кенг ёзиб, мени маҳкам қучоқладилар. “Раҳмат шоир, айни ҳақиқатни ёзибсиз!” – дедилар. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. “Раҳмат, Ислом Абдуғаниевич раҳмат!” дея олдим. Ўпкам тўлиб кетган эди, ортиқ гапира олмадим. “Жуда яхши асар ёзибсиз! Бу спектаклни ҳамма кўриши керак. Одамлар оилаларини, бола-чақаларини олиб келиб кўриши керак. Курсида ўтирган ҳар бир амалдор кўриши керак. Одамлар ҳақиқатни билсин!” дедилар. Сўнг асарни саҳналаштиргани учун театр жамоасига миннатдорчилик билдирдилар.
Ислом аканинг даъвати билан қашқадарёликлар ушбу драмани кўп вақт томоша қилиб юришди. Мен Ислом акага бағишлаб кўп шеърлар ёздим. Ўшаларнинг бири ушбу шеърдир:
 Менинг мавжудлигим ўзимга керак,
Тахтим, оиламнинг, балки тахтидир.
Ислом ака, Сиз бор, биз ғолиб, бешак
Сизнинг борлигингиз халқнинг бахтидир!
Ислом ака ҳақиқатдан ҳалол ва покиза инсон эди. Юқори мансабдорлар орасида юлғич ва порахўр кимсалар совет даврида ҳам кўплаб топиларди. Тошкентдан вилоятларга бориб ишлаб қайтган амалдорлар қайтишида катта катта машиналарни тўлдириб, қимматбаҳо бойликлар билан қайтишарди. Тўплаган бойликлари тоғдай бўларди. Аммо Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёда энг юқори биринчи мартабали раҳбар бўлиб ишлаб, Тошкентга ҳеч вақосиз қайтиб келганди. Менинг Суюн деган жияним Ислом Каримовнинг шофёри эди. Ўша менга ҳаммасини рўйи-рост айтган. Ислом Абдуғаниевич қашқадарёликлар билан хайрлашиб чиққанида қўлида, иккита майка, иккита кўйлак, битта туфли солинган сумкадан бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Ислом ака билан ҳамиша бирга бўлган шофёр жияним Суюн буларнинг ҳаммасидан воқиф эди.
Ислом Абдуғаниевич бойликка, пулга ружу қўймаган, таъмагирликка, порахўрликка қарши курашган, халқ ва миллат дарди билан яшаган фидоий ва мард, ҳалоллик тимсоли,  дея сўзини тугатди, улуғ устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов.

Биз Twitterда