Кумуш Ўсарова: Кўнглимни ҳам синдирдим, қара, Яхшиликка эмасми, жоним!

Article
 
ОНАМГА ХАТ!
Меҳрибон аяжоним! Бундан 25 йил олдин оилангизга бахт олиб келган бўлсам керак. Андак адабиётни севувчи дадажоним исмимни КУМУШ қўйган. Энг бахтли оилада катта бўлдим... Болалигимдан қўлимга китоб тутқаздингиз. Бунинг учун сизларга катта раҳмат! Меҳрибон дадам, ўлими олдидан қўлимни маҳкам тутиб, "Сен журналист бўлишингни ҳохлайман" дегандилар. Фарзандлик бурчимни адо этиш учун шу факультетда ўқияпман. Аяжон, измингиздан чиқмадим. Бугун жудаям бахтли инсонман! Мени дунёга келтирганингиз учун катта раҳмат!
(Кумуш Ўсарова)
 
 
Тақдирим, вой укам иссиғинг баланд,
Тезда бориб сенга келтирай дори.
Отам ва онамнинг йўқлигин ўйлаб,
Юрсанг бўлмасмиди ҳамма қатори.
Шошиб бораяпман дунёга қараб,
Ўраниб олганман жунли саботни.
Мен тезда қайтаман. Ахир қўшнига
Зўрға ташлаб келдим, синглим Ҳаётни!
 
                        * * *
“Хафа бўлма, яхшиликка де,
Синса-синсин пиёланг”, - дединг.
Йўқ қилгандай барча ташвишни,
Кўзларимда бунча энтикдинг.
Шундан кейин синдирдим барин,
Тугаб кетди идиш-товоғим.
Кўнглимни ҳам синдирдим, қара,
Яхшиликка эмасми, жоним!
 
                       * * *
У яхши биларди сабрин тугашин,
Азоби тун эди, азоби хўрлик.
Нураган кўнгилни кўриш инжида,
Дарчадан энтикиб боқарди шўрлик.
Илк севги изҳорин рад этганидай,
Деразани ёпиб қўяди аёл.
У шундай севарди... энди сўрамай,
Эшигини бузиб киради шамол!
 
                      * * *
Мен жуда чарчадим. Иш кўп чунонан,
(Хатларни очиб кўр. Рўйхатлар. Дарслик).
Мен сенга хиёнат қилмаганимдай,
Сенга ҳеч хиёнат қилмайди жимлик.
Қўлимда аччиқ чой. Нигоҳлар олис,
Кўча. Шовқинларнинг азиз макони.
Хом тупроқ сочиб ўйнар болакай,
Ахир йўқ эди-да бошқа имкони.
Мана, сен келяпсан қўлинг совқатиб,
Ёки сокинликдан бормиди қасдинг.
Хиёнат устида қўлга тушириб,
Бу шўрлик жимликни пардага осдинг!
 
                      * * *
- Мана, сизга ош қилиб қўйдим,
Хоҳласангиз қайнатдим тухум.
Пиёлага чой қуйиб қўйдим,
Менинг озроқ келяпти уйқум.
- Шошма хотин, ҳаммасини ол,
Ўргилайин урф-одатингдан.
Ярим коса қуйиб келақол,
Ширингина муҳаббатингдан.
 
                   * * *
Пахта. О, менинг кумушсоч синглим,
Нигоҳинг келинлар либосидай оқ.
Ҳали гард юқмаган тоза қалбингга,
Севишни ўргатгим келади, бироқ...
Сен куйиб улгурдинг опангдан олдин,
Ҳажр айвонида кўнглинг соялар.
Бугун юрагингга видолар айтиб,
Тандирда ёнади ғўзапоялар.
 
                      ***
Бунчалар тикилиб қарайсиз менга,
Адашиб кетаман шеъримдан ахир.
Сочларимдан токи бармоғимгача,
Ҳаяжон зафарлар қучади охир.
Эси йўқ болага ўхшар нигоҳлар,
Бунчалар тугамас мурувватингиз.
Мен сизга тикилиб қарасам агар,
Адашиб кетади муҳаббатингиз!
 
                        ***
Осмонга қарама, кўзларинг ҳаққи,
Яна сенга имо қилмасин Ҳилол.
Фақат ҳаводанда келмайди рашким,
Нафас олавергин, жоним, бемалол!
 
                       * * *
Кўнглингни уз, дедим жилмайиб,
Кўнгил бу - ип эмас, дединг асабий.
Барча умидларинг бўлганди майиб,
Менинг қувончларим кўзда табиий.
Бир кун учрашамиз, дединг охири,
Боғламоқчи бўлиб ишқ риштасини.
Аммо аввалгидек бўлмас теп-текис,
Йўқ қилиб бўлмайди тугунчасини!
 
                           * * *
Мен ёмон туш кўрдим. Ўша муҳаббат,
Учуқдайин тошиб чиқди лабимга.
Ичимга “туф” дейман, жоним менингдек,
Шукрлар айтаман севмаганингга.
Шундан сўнг уйқу йўқ, шундан сўнг ором,
Бу дард юрагимдан бўлмади фориғ.
Тушимни айтсам гар оқар сувларга,
Учуқлардан тошиб кетади  ариқ..
 
                          ***
"Мен сенга муҳаббат келтирдим" - дейди,
Яна узоқлардан таниш бир овоз.
Менга кутилмаган мукофот эди,
Севилмаган дилим чиқади пешвоз.
Чопқиллаб боради ва тўхтайди жим,
Юзидан кўзёшмас, оқиб ўтар сел,
Ҳар йили муҳаббат дея алдайди,
Тиниб-тинчимаган биринчи Апрель.
 
Кумуш Ўсарова

Биз Twitterда