ЎзМТДП ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатишнинг янги тизимини яратди

 
Куни кеча Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.
Барча ҳудудий партия ташкилотлари билан видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтган Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаси чуқур ўрганилди. Президент маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан “Миллий тикланиш” демократик партиясининг чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилди.
Пленумни партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов олиб борди ва маъруза қилди.  
Пленумда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ғоявий ва мафкуравий дастурларини такомиллаштириш борасида аниқ вазифалар белгиланди. Мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларга партиянинг позициясини билдириш ва уни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишлаш, чиқишларни кўпайтириш чоралари кўрилди. Партия фракцияси ва депутатлик гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш юзасидан янги тизим яратилди. 
Пленумда таъкидланганидек, аҳоли билан доимий мулоқотни амалга ошириш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш, партия вилоят кенгашлари раҳбарларининг туманларда, Марказий кенгаш раҳбарларининг вилоят ва туманларда сайёр қабулларини доимий равишда ташкил қилиш ва бу мақсадда режа-графиклар ишлаб чиқиш зарур. Мазкур қабуллар давомидаги мурожаатларда кўтарилаётган ва аниқланган тизимли муаммоларни умумлаштириш ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аниқланган муаммоларни парламент ва депутатлик назорати институтларидан фойдаланган ҳолда ечимини топиш, муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни фракция фаолиятида фойдаланиш учун юборишга келишиб олинди. 
 
 
Партия “Ёшлар қаноти” туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, ички ишлар органлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашлари билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудуд, маҳалла кесимида турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, диний оқимларга кириб кетган, шунингдек, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан доимий равишда учрашувлар ўтказиб боришлари зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир туман бўйича чет элдаги, диний оқимларга кириб кетган, шунингдек, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларни тегишлича Ўзбекистонга қайтариш, диний оқимлар таъсиридан холос қилиш, ўқиш ва ишга жойлаштириш масаласи партия гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиясига олиб чиқилади. Бу борада вилоят ва туман миқёсида дастурлар тасдиқланиб, уларнинг ижроси доимий равишда депутатлик назоратига олинади. Энг муҳими, депутатлар ва партия фаоллари ушбу масалаларда асосий ижрочилардан бири бўлишига келишиб олинди.
ЎзМТДП МК Ахборот хизмати

Биз Twitterда