Vodiymedia.uz – Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ахборот ҳамкори!

 
Юртимизда кечаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, ўзгаришлар замирида шу юрт, шу муқаддас заминимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ётади. Бу йўлда барчамиз бир тан бир жон бўлмасак, бир биримизни қўлдан келганча дастакламасак, мақсадга эришиш узоқ бўлади.
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча сиёсий партиялар қатори  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам бу борада ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб иш олиб бормоқда. Халқнинг ичига кириб, ҳар бир ислоҳий янгиликни тарғиб қилмоқда, инсонларнинг дарду ҳасратига қулоқ тутмоқда, севинчли онида бирга бўлмоқда.
Ўзбекистон МТДП Наманган вилояти кенгаши ҳам вилоят миқёсида кенг кўламли ишлар олиб бормоқда. Даставвал вилоят кенгаши матбуот хизмати раҳбари, тажрибали журналист Оқилхон Дадабоев билан ҳамкорлик борасида илк қадамларни қўйганимизда, очиғи, “бетарафликни унутяпмизми, ахир матбуот ҳар бир партия учун тенг бўлиши керак! Биз партиянинг нашри эмасмиз, кўпайиб кетмаяптими “Миллий тикланиш” хабарлари?” деган фикрларга ҳам бордик. Лекин, замон ўтган сайи ёритаётган хабарларимизнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ таҳлил қилиш натижасида шунга иқрор бўлдикки, бундай эзгу ишларни ёритмасликнинг иложи йўқ!
Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз расмий сайтида Vodiymedia.uz ни ахборот ҳамкорлари қаторига қўшгани биз учун кутилмаган ёқимли хушхабар бўлди.
Миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтиришни ўзининг асосий вазифаси қилиб белгилаган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига бизни яқин олиб, ахборот ҳамкори дея эътироф этишгани учун самимий ташаккурларимизни изҳор қилган ҳолда, Vodiymedia.uz сайти ҳар доим Ўзбекистон МТДП янгиликларига катта эътибор билан ёндашишини, ҳар бирини ўқувчиларимизга тезкорлик билан етказиб беришга тайёр эканини билдирамиз!
Қолган партиялар билан ҳам шундай ҳамкорлик учун ахборот порталимиз очиқ эканини таъкидлаб қоламиз!
Дилмурод Жумабоев,
Vodiymedia.uz бош муҳаррири

Биз Twitterда