Vodiymedia.uz вакили Жаҳон журналистлари конференциясида!

Бугунги кун ўзбек матбуоти аста-секин халқаро ахборот маконида ўз ўрнини топиб бормоқда. Натижа ўлароқ эса, дунё ҳамжамияти ўзбек журналистларининг халқаро миқёсда олиб бораётган фаолиятларини эътироф этишга бошлади.
 
Сежонг шаҳар ҳокими жаноб Ли Чун Хи билан. Сежонг. Жанубий Корея, 2017 йил, 31 март.
Vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий порталининг ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ ўтган шу қисқа давр ичида бу электрон ОАВ ўз доимий ўқувчиларига эга бўлиб улгурди. Сайт ижодкорлари томонидан қаламга олинаётган долзарб мақолалар, хусусан инглиз тилидаги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид таҳлилий материаллар қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида чоп этилмоқда, дунёга Ўзбекистонни кенгроқ танитмоқда, дунёнинг Ўзбекистонни яхшироқ танимоғига восита бўлмоқда.
 
Осиё журналистлар ассоциацияси Бош ассамблеясида. Инже. Жанубий Корея, 2017 йил 1 апрель.
 
Қилинган ишлар ўз натижасини куттирмади: Vodiymedia.uz раҳбари, истеъдодли журналист Дилмурод Жумабоев Осиё Журналистлар Ассосиацияси томонидан Жанубий Корея пойтахти Сеулда бўлиб ўтадиган, 60 дан зиёд мамлакатдан 100 га яқин инглиз тилида ижод қилувчи журналистлар иштирок этадиган Дунё журналистлари конференциясига Ўзбекистондан ягона вакил сифатида таклиф этилди. 2017 йил 29 март куни Кореяга жўнаб кетган Дилмурод Жумабоев 2 апрель куни бошланадиган Жаҳон журналистлари конференциясига қадар Осиё Журналистлар Ассоциациясининг 2017 йил Бош ассамблеясида иштирок этди ҳамда Ассоциациянинг Бошқарув Кенгаши аъзоси этиб сайланди! Дастур доирасида шунингдек, Жанубий Кореянинг янги қурилаётган пойтахти – Сежонг шаҳри ҳокими билан учрашув бўлиб ўтди. Эртага бошланадиган, 2017 йил 8 апрелга қадар давом этадиган Конференция иши ҳақида батафсил маълумотлар бериб борамиз.
 ©vodiymedia

Биз Twitterда