Ўзбекистонда Рамсар конвенцияси доирасида нима иш қилинди

Article
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ерлар ва уларнинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишдаги аҳамиятига бағишланган семинарда депутатлар, олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, эколог мутахассислар ва журналистлар иштирок этди
Сувли-ботқоқли ҳудудлар табиатнинг ажралмас бўлагидир. Улар сайёрамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик хилма-хилликни таъминлаш, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 
Ушбу ноёб табиий ҳудудларни муҳофазалаш мақсадида 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Айни пайтда мазкур конвенцияга бир юз етмишдан кўпроқ давлат, жумладан, мамлакатимиз ҳам аъзо. 
Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ерлар рўйхатига киритилган. Айни пайтда Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборини Рамсар рўйхатига киритиш бўйича вазирлик ва идораларнинг тегишли хулосалари олинди. Экологик барқарорликни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан барқарор фойдаланиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги Судочье, Қашқадарё вилоятидаги Аччиқкўл каби қатор сувли-ботқоқли ҳудудларни ҳам Рамсар рўйхатига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Олимлар, мутахассислар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида ушбу табиий ҳудудларда мунтазам равишда мониторинг ва кузатув ишлари ўтказилаётир. Бу жараёнда қушларнинг ҳаёт тарзи, миграцияси, экологик муҳитга инсон омилининг таъсири ўрганилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 
Тадбирда Рамсар конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатлар доирасида амалга оширилган ишлар, илмий лойиҳалар муҳокама этилди. 2016 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари, табиатни муҳофаза қилишга оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш борасидаги устувор вазифалар хусусида фикрлашилди. 

Биз Twitterда