Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган йўл харитаси ижрода

 
2017 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз юритилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг йўл харитаси 2017 йил 21 ноябрь куни тасдиқланди. Мазкур йўл харитасининг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, мазкур йўл харитасининг ижросини таъминлаш бўйича тузилган ишчи гуруҳ таркибига киритилган фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси А.Шукуров, малака ҳайъати котиби Ф.Хасанов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими А.Ботиров, туман Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими инспектори З.Атаханова, туман Нуроний жамғармаси раиси З.Тожибаев, вилоят Меҳнат бошқармаси ходими М.Кенжаев, НамДУ ўқитувчиси Ў.Асқарова, НамМТИ ўқитувчиси А. Солиев, НамМҚИ ўқитувчиси К.Бакиев, АТБ “Алоқа банк” Наманган вилоят филиали мутахассиси М.Ходжиматов, туман хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи директори С.Тўхтаназаровлар 2017 йил 28 ва 30 ноябрь кунлари аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида Наманган туманида бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда касб-ҳунар коллежларида аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
 
 
Учрашувлар давомида аҳолида мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, амалий ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Масалан, Наманган тумани, Намуна МФЙ, Фаровон кўчаси 22-уйда яшовчи фуқаро Хамидова Захро ўсма касаллигига чалинганлиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган, унга моддий ёрдам олишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мазкур фуқаронинг иқтисодий ахволини яхшилаш бўйича МФЙ раисига 1 ой муддат ичида мазкур фуқарога моддий ёрдам ажратиш ва бепул кўмир олиши учун амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинидаги махсус комиссия иштирокида З.Хамидованинг яшаш хонадони ва шароити ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш орқали туман “Маҳалла” жамғармаси ва туман ҳокимлигига мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.
Шу билан бирга ёшлар ўртасида таълим сифатини ошириш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшларни оммавий тадбирлар ва жамоатчилик ишларига жалб этиш, турли спорт мусобақалари ва кўрик танловлар ташкил этиш ҳамда тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш тизимини яратиш, жойларда ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, айниқса ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида Наманган туманидаги Педогогика коллежида талабалар ва педагог ходимлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган видео роликлар намойиш этилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси А.Шукуров иштирокида Наманган тумани Муллакудинг МФЙда жойлашган Педагогика коллежида жиноятчиликка қарши кураш, ёшлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликка қарши кураш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди. Унда 200 нафардан кўпроқ ёшлар иштирок этиб, ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Наманган туманида жойлашган 5-сонли мусиқа мактабида МФЙ раислари, маслахатчилари, мактаб директорлари ва кенг жамоатчилик иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Очиқ мулоқот давомида фуқаролик ишлари Наманган вилоят судининг раиси А.Шукуров жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш мавзусида маъруза қилди.
 

Биз Twitterда