Учқўрғонда битирувчилари диплом олгач аниқ иш билан таъминланадиган коллеж очилмоқда!

Наманган муҳандислик-педагогика институти қошидаги Учқўрғон академик лицейи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2829-сонли қарорига асосан 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, Учқўрғон енгил-саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи сифатида фаолият кўрсатади.
 
 
2017-2018 ўқув йили учун қабул режасига кўра 6 хил касб йўналишида гуруҳлар очилиб, ҳар бирига 30 тадан ўқувчи қабул қилинади. Талабалар эса камида уч ҳил касб ихтисослигига эга бўлади.
Мисол учун, тўқимачилик ишлаб чиқариш технологи йўналиши бўйича тахсил олган талаба, енгил саноат тўқимачилик машина ва жиҳозлари аппаратчиси, ўраш, танда қўйиш ва шлихтлаш (охорлаш) жиҳозлари оператори, тикувчилик жиҳозлари оператори каби касбий ихтисосликка эга бўлади.
Элеватор, ун тортиш, ёрма ва омухта ем ишлаб чиқариш техник технологи йўналиши бўйича билим олган ёшлар омухта ем, ёрма ва дон маҳсулотлари аппаратчиси, донни тозалаш аппаратчиси, техно-кимёвий таҳлил лаборанти ихтисосликларига эга бўладилар.
Ёғ-мой-маҳсулотларини ишлаб чиқариш техник-технологи йўналиши талабалари эса, тўртта – фильтрловчи, куйдирувчи, вальцовкачи, аппаратчи (экстракторчи, тозаловчи, дезодорацловчи) ихтисосликни ўзлаштирадилар.
Шунингдек, янги коллежда талабалар бухгалтерия, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, тикув-трикотаж соҳаси мутахассислари бўйича таълим олишлари мумкин.
Ушбу режага асосан бугунги кунда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими билимига эга бўлган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида "Учқўрғонтекстил" қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ва "Узтекс Чирчиқ" қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятларида (тўқимачилик ва момиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари), "Учқўрғон дон", "Учқўрғон ёғ" корхоналари билан шартномалар тузилиши режалаштирилган.  Бу эса уларнинг бандлиги кафолатлайди. Чунки коллежга ўқувчилар юқоридаги йирик корхоналар талабига асосан қабул қилинади.
Келажакда олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш истагида бўлган ўқувчилар учун асосий дарслар тугагандан сўнг 13.30 дан кейин она тили ва адабиёти, математика, физика, тарих, инглиз тили, кимё, биология фанларидан коллежда қўшимча курслар шакллантирилади.
Бундан ташқари юқоридаги мутахассисликлар моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун коллеж 2018 йилда қайта реконструкция қилиниб, энг сўнгги замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
vodiymedia

Биз Twitterда