Учкўприклик мансабдорлар. Бировни синамоқчи бўлсанг, амал бериб кўр

Article
Амал курсисига ўтирганидан сўнг ўзига билдирилган юксак ишончни суиистеъмол қилиб, нафс алдовларига учадиганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Доно халқимизнинг «Бировни синамоқчи бўлсанг, амал бериб кўр», деган пурмаъно нақли ана шундай шахсларга нисбатан айтилган бўлса ажаб эмас...
Ўзбекистон туманида яшовчи Сарваржон Содиқов банк соҳасида бир неча йил ишлаб, муайян тажриба тўплагач, унга юксак ишонч билдирилиб, «Агробанк» АТБ Учкўприк филиали бошқарувчиси лавозимига тайинланган эди.
У мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат вазифасига лоқайдлик билан муносабатда бўлди. Бу ишда унга филиалнинг кредит бўлими бошлиғи Жаҳонгир Маҳмудов кўмаклашди.
С.Содиқов «Агробанк» АТБ республика бошқаруви томонидан буйруқ билан юклатилган лавозим мажбуриятларини тўлиқ ва лозим даражада бажармасдан, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими фаолиятини назорат қилмаганлиги оқибатида банк бош ҳисобчиси З.Туйчиева (жиноятнинг унга нисбатан қисми амнистия актига асосан ҳаракатдан тугатилган) фуқароларнинг ҳукуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар этказадиган қонунбузилишларга қўл урди.
З.Туйчиева, кредит бўлими бошлиғи Ж.Маҳмудов ва қишлоқ хўжалигини кредитлаш шўъбаси мудири Л.Пайғамбаровлар томонидан 108 та фермер хўжалигига пахта ва ғалла учун ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ноқонуний равишда тижорат кредитлари учун йўналтирилган бўлсада, С.Содиқов бу ишларнинг олдини олиш чораларини кўрмади.
Бундан ташқари З.Туйчиева, кредит бўлими бошлиғи Ж.Маҳмудовлар томонидан тумандаги «Учкўприк Бирдамлик боғи» фермер хўжалигининг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан қарздорлиги мавжуд бўлсада, хўжаликка трактор сотувидан келиб тушган 118.000.000 сўм маблағ шу қарздорлик қоплашга йўналтирилмайди. Аксинча, пул бошқа мақсадларга сарф этиб юборилади.
С.Содиқов ва унинг қўл остидагилар 2014-2015 йиллар, 2016 йилнинг 9 ойи давомида 9 та хўжалик юритувчи субъектларни бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларданбоқиманда қарздорлиги борлигини, банкнинг картотека-2 ҳисоб рақамига инкасса ва тўлов талабномалари қўйилганлигини била туриб, мижозларнииг банк ҳисоб рақамига келиб тушган жами 177.098.400 сўм пул маблағларини бюджет ва бюджетдан ташқари тўловлар учун йўналтиришмайди. Ўтказилган ҳужжатли тафтиш давомида ана шу каби қатор хато ва камчиликлар ва қонунбузилишлар фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида икки мансабдорнинг лоқайдлиги оқибатида содир бўлган қинғир ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган бўлсада, халқимизга хос кечиримлилик ва бағрикенглик тамойилларига амал қилинган ҳолда, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги амнистия тўғрисидаги қарорига асосан белгиланган жазодан озод этилдилар. Уларнинг кечирилиши бу яна бир имкониятдир. Хулоса чиқариш эса ҳамманинг ўз қалби ва виждонига боғлиқ.

Биз Twitterда