У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди

Article
Юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни  мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.  Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги  “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида ҳам бу вазифалар кенг қамровда ўзининг аниқ ифодасини топган.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятида “Наманган китоб олами” маркази ажойиб ташаббус билан чиқди. Бу ташаббус эса вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб,  «Мен китоб ўқишни севаман» шиори остида шаҳар ва туманлардаги таълим муассасаларида китобхонлик байрами, унинг доирасида китоблар ярмаркасини ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди. Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши, “Vodiy media” нашриёти, vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий портали билан ҳамкорликда ўтказилаётган маърифий тадбирлар ўзига ҳос адабий анжуман ва китоб байрамига айланиб кетмоқда.
- Нашриётлар кўп, китоб дўконлари ҳам. Лекин ҳамма ҳам бундай тадбир ва ташаббусга бош бўлишни истамайди. Ортиқча “дахзама”дан узоқ тургиси келади. Шундай паллада бор масъулиятни олиб майдонга чиққан “Наманган китоб олами” маркази   “Vodiy media” нашриёти, vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий портали томонидан тўла қўллаб-қувватланди.  Бунда ўқувчилар ҳам педагог жамоа ҳам баҳра олмоқда, - дейди vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири Анвар Икрамов.
Бугун шундай тадбирлардан бири Наманган шаҳридаги 26-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Мактаб ўқувчилар томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлар марифий кечани янада бойитди.
— Бу каби анжуманлар беқиёс аҳамиятга эга, — дейди мактаб директори Аҳадхон Баннаев. —  Ўқувчилар кўзига қувонч бизни хурсанд этмоқда. Президентимизнинг фармойишида китоб маҳсулотларини чоп этишдан тортиб, уни тарқатиш, мутолаа маданиятини ошириш каби инсон маънавиятини юксалтиришга қаратилган барча жабҳа қамраб олингани ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. 
Бу ташаббусга партиянинг бош қўшгани ҳам тадбир мазмундорлигини оширди, десак муболаға бўлмас.
-  Китоб расталарида китоблар кўп, шу билан бирга китобхонлар ҳам оз эмас. – дейди “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Рустам Икрамов. -  Лекин биз китобни танлаб, саралаб ўқишни биламизми? Асосийси - мана шунда. "Мен китоб ўқишни севаман” акциясидан кўзланаётган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, инсонга маънавий озиқ берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. 
– Инсон ҳаётида китобнинг ўрни, аҳамияти ҳеч қачон йўқолмайди, – дейди “Наманган китоб олами” маркази раҳбари Маъруфхон Мўминов. – Бугунги маърифий тадбир ва китоблар ярмаркасининг мазмунли ўтаётгани шундан далолат беради. Биз тавсия этаётган китобларнинг мазмундорлиги, фарзанд тарбияси ва унинг маънавиятини шакллантиришдаги алоҳида ўрни, полиграфик сифати билан ажралиб туради.
Сарвар ХОН

Биз Twitterда