Уруш йилларида Ўзбекистонга бош бўлган ўнҳаятлик Абдували Мўминов хотирланди

Шундай одамлар бўладики, уларнинг номи вақт ўтгани сари ўз қадр-қимматини кўз-кўз қилиб бораверади. Негаки, бундай шахслар қайси давр, қайси замонда яшаганликларидан қатъий назар ўз маконлари, шу эл учун, шу Ватан учун ишлаганликлари ёрқин акс этаверади.
1902 йилда Уйчи туманининг Ўнҳаят қишлоғида туғилган, ўз иш фаолиятини чорикор деҳқончиликдан бошлаган Абдували Мўминовни ана шундай шахслар қаторига қўйиш мумкин. У илк колхозлаштириш даврида ҳисобчи ва бошқарув раиси бўлди. 1939 йилда Собиқ Иттифоқнинг олий мукофотларидан бирига лойиқ топилди. 1940-1942 йиллар давомида Уйчи тумани ижроия қўмитасининг раиси сифатида самарали фаолият олиб борди.
Абдували отадаги ғайрат, билимдонлик, ташкилотчилик янги республиканинг раҳбарлари эътиборига тушди. У 1943-1947 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши президиумининг раиси лавозимида ишлади.  Усмон Юсупов билан биргаликда оғир уруш йилларида Ўзбекистонни бошқарди.
Абдували Мўминов Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 2-Боёвут совхози директори сифатида чўлни ўзлаштиришда матонат кўрсатиб ишлади. 1953-1959 йилларда эса Уйчи туманига келиб, колхоз бошқаруви раиси вазифасида ўз фаолиятини давом эттирди.
Абдували ота 1959 йилда кексалик пенсиясига чиқди. Шунда у ўзининг эл-юрт учун фидойилигини яна бир бор кўрсатди. Ўнҳаят қишлоғи марказига икки қаватли чойхона қурдирди. Гузар ташкил этди. Қишлоқ маркази замонавий андозада қайта қурилди. Бу ишларнинг ҳаммаси халқ хашари йўли билан бунёд этилди. Ҳозир ҳам чойхона биноси савлат тўкиб турибди. Бино 50-60-йиллардан ҳозирги авлод вакилларига совғадай... Ҳозирги ёшлар эса мустақиллик неъматидан бахра олиб, гузарни янада кўркамлаштириб юбордилар.
Яқинда гузарда ўнҳаятликлар, Бойкўча фуқаролари хотира тадбирини ўтказдилар. Дошқозонда ош дамланиб, ташриф буюрувчилар кўнгли овланди. Аҳмаджон полвон Маллабоев, Истиқлол МФЙ раиси Орифжон Турдиев, “Маҳалла” фонди туман бўлими раиси Абдуғаффор Ражаббоев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматуллаев, участка профилактика катта нозири Жаҳонгир Абдурахимовлар ҳар йили ўтказиладиган бу тадбирга бу йил алоҳида жон киритдилар.
Наврўз кунларидаги хайрия тадбирида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров, нуроний Эркинжон Аҳмедовлар сўзга чиқишди.
Адбували Мўминовнинг набиралари, Наманган Давлат университети ўқитувчилари – Аъзамжон Набиев, Акрамжон Набиевлар маҳалла аҳлининг ўз боболари шаънига айтган илиқ сўзларидан бошлари осмонга етганлигини билдиришди. Ҳа, бундай хотира кечалари ёш авлод қалбида ғайрат уйғотади. Ишлаган хор бўлмаслигига ишончни мустаҳкамлайди. Хотира оши  вилоятда нуронийларга иззат-икром кўрсатиш, вафот этганлар руҳини шод этишди янги давр бошланганлигини кўрсатади. Бу эса муҳтарам Президентимизнинг “Нуроний” жамғармаси фаолиятини, “Маҳалла” жамоат фонди ва маҳалла институтини ривожлантириш борасидаги фармонлари ижросининг амалий ифодасидир.
Раҳимжон ИРИСОВ.
журналист

Биз Twitterда