Уйчи тумани Қувайт билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйди

 
Уйчи тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Мамадалиев бошчилигида делегация амалий ташриф билан Қувайт давлатида бўлиб қайтди.
Ўзбекистон Республикасининг Қувайт давлатидаги элчиси Баҳромжон Аълоевнинг ташаббуси билан 1-7 ноябрь кунлари амалга оширилган ташриф чоғида қувайтлик ишбилармонлар билан қатор ҳамкорлик келишувларига эришилди.
Қувайтлик инвесторлар билан шерикликда «Kuwait Namangan Group» қўшма корхонасини очиш ҳамда илк навбатда асфальт ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тошни майдалаш корхонаси қуриш лойиҳаси учун инвестиция киритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Қувайтлик инвесторлар, шунингдек «Uychi teks» текстил корхонасини харид қилиш ва модернизация қилиш масаласига катта қизиқиш билдирдилар.
 
 
Шунингдек, Уйчи туманидаги “Бардам” МЧЖ ва «Petroleum Dynamics Oil & Gas» компанияси ҳамкорлигида нефть ва газ тармоқлари учун шиша-пластик трубалар ишлаб чиқариш корхонасини қуриш ва ишга тушириш механизмлари юзасидан келишиб олинди. Ушбу лойиҳа таклифи инновицион бўлгани сабабли маркетинг тадқиқотлари ўтказишга экспертларни таклиф этишга қарор қилинди.
Бундан ташқари, ушбу учрашувлар чоғида мотор мойлари ва антифриз ишлаб чиқариш лойиҳаси, туя зотларини кўпайтиришга ихтисослашган замонавий чорва комплекси яратиш лойиҳаси, қўшимча равишда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг Қувайт давлатига экспортини йўлга қўйиш масалалари юзасидан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. 
Шиша-пластик трубалар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича ҳамда тош майдалаш корхонасини қуриш бўйича Англашув меморандумлари имзоланди ва томонлар тез муддат оралиғида ТЭО (Техник иқтисодий асослар) ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашга келишдилар.
«Kuwait Investment Company» раҳбарияти билан бўлган учрашувда Уйчи туманида қўй зотларини кўпайтириш, боқиш ва гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий чорва комплекси яратиш лойиҳаси муҳокама этилди. 
Қувайтлик инвесторлар томонидан Норин дарёси қирғоғида туристик-соғломлаштириш маскани барпо этиш, онкологик диагностика маркази қуриш лойиҳалари катта қизиқиш билан ўрганиб чиқилди, музокараларни Наманган вилоятида давом эттириш борасида келишилди.
 
 
«Al-Azraq Fruits CO» компанияси раҳбарияти билан музокаралар натижасида Қувайт бозорига Уйчида етиштирилган мева ва сабзавотлардан ассортимент асосида 1 тонналик авиаконтейнерда намуна тайёрлаб жўнатишга келишилди. Бу орқали Қувайт бозорида харидоргир маҳсулотни аниқлаш ҳамда келгусида доимий экспортни йўлга қўйишга қарор қилинди.
Сафар натижаларини амалиётга тадбиқ этиш бошланди: ноябрь куни Қувайтнинг Petroleum Dynamics: Oil & Gas компанияси президенти Аҳмад ал-Отайби ҳамда уйчилик фермер ва тадбиркор Тоҳиржон Мамадалиев томонидан Наманган вилояти Уйчи тумани Давлат Хизматлари Марказида «Kuwait Namangan Group» қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди, ҳозирда режалаштирилаётган лойиҳаларнинг зарур ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича экспертлар жалб этилди. 
Келишувга асосан Қувайт давлати ишбилармонларининг Уйчи туманига ташрифи кутилмоқда.

Биз Twitterда