УЙЧИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМИ МУДИРИ: ҚАНАҚА "ПАХТАГА ОДАМ"? МЕНДАН "СОХТА ҚАҲРАМОН" ЯСАМАНГ!

 
Кеча Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати тарқатган маълумотга асосан, Наманган вилоятининг Уйчи туманида халқ таълими ходимларининг пахта теримига жалб этиш ҳолати олди олингани ҳақидаги хабарлар Ўзбек матбуотидан жой олди. Айниқса Зойир Мирзаевнинг вазифасидан олиниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 29 октябрь куни имзоланган «Барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида» фармондан сўнг, жа “тортадиган” материал бўлди бу Халқ таълими вазирлиги тарқатган маълумот. Сарлавҳада кимўзар бошланди. Наманганда туриб масалага ойдинлик киритмасдан бу хабарни беришни истамадик-да, Уйчи туманига йўл олдик.
Яхшики борган эканмиз дедик. Сабаби, Ўзбек ахборот маконига ёйилаётган “Уйчи туманида халқ таълими ходимларининг пахта теримига жалб этиш ҳолати олди олингани ҳақидаги хабари” уйдирма эканини ўз қулоғимиз билан эшитиб келдик. Кимдан денг, Уйчи тумани ҳокими халқ таълими бўлими мудиридан!
 
“Ҳоким мендан пахта теримига одам юборишни талаб қилмаган”
 
Уйчи тумани халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Муродов билан суҳбатимиз унинг “Менга бунақа “қаҳрамонлик”нинг кераги йўқ эди...” деган гапи билан бошланди...
 – Даставвал шуни айтишим керакки, кеча бу материал эълон қилингандан бери ўзимни қўярга жой тополмай юрибман. Сабаби, материалда келтирилган фактлар бари асоссиз. Мен ҳали бунга тўла ойдинлик киритаман кимга керак бўлиб қолди менинг номимдан бунақа иш юритиш, дейди халқ таълими бўлими мудири. – “Уйчи тумани ҳокими халқ таълими бўлими мудиридан Тошкент вилоятига бир нафардан мактабларнинг мавсумий ишчиларини пахта теримига юборишни талаб қилган” деган жумлани олсак, мендан ҳеч қачон ҳоким пахта теримига одам юборишни талаб қилмаган.
 
“Пахта теримига одам бериш учун директорларни чақирмаганман, материалда келтирилган “йиғилиш” 11 октябрга оид”
 
“Шунда ҳоким туманнинг барча мактаб директорларини тўплаб беришни ва улар билан суҳбатлашишини айтган. Мактаб директорлари билан учрашув давомида туман ҳокими пахта теримига бир нафардан ходим таъминлаб бериш юзасидан топшириқ берган” дейилибди материалда. Юқорида таъкидлаганимдек, ҳоким пахта теримига одам юборишни талаб қилмаган ва бундан ўз ўзидан келиб чиқади-ки, мен бу масала учун директорларни йиғмаганман. Келтирилган “йиғилиш” масаласига тўхталсак, 11 октябрь куни, пахтакорларга яратилаётган янги шароитлар, теримчиларнинг иқтисодий имкониятлари ортгани ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини ошириш учун тумандаги мактаблар орқали кенг аҳоли оммасини хабардор қилишда биз ҳам кўмаклашиш мақсадида тумандаги мактаб вакилларини чақирдик. Туманда 44 та мактаб бор, шулардан 12 тасининг раҳбари, вақти бор экан, келди. Мен ўзим банд эдим, бўлим шўъба раҳбари Нуриддин Мирзабоев улар билан гаплашган ҳамда ҳоким уларнинг ёнига келиб, бир неча дақиқа суҳбат қилганида шахсан иштирок этган. Келинг, ўзини чақирай, у айтиб берсин нима гап бўлганини...
 
“Ҳоким пахтага ходим юборишни эмас, аҳоли ўртасида тарғиботга кўмак беришни сўраган. Тошкент вилоятига теримчи масаласи эса мана бундай...”
 
 
Суҳбатга қўшилган Уйчи тумани ҳокими халқ таълими бўлими шўъба раҳбари Нуриддин Мирзабоев, ўша кунги йиғилишда “Директорларга пахта теримига ходим юбориш талаби умуман қўйилмади” деб таъкидлади. – Ҳокимият олдида йиғилиб турган директорларга, улар 12 киши эди, туманимиз ҳокими келиб, пахта йиғим-теримида яратилган шароитлар бу йил аввалгилардан кескин яхшилангани, пахта терими учун тўланаётган ҳақ бир неча марта ошгани, бундай шароитда ишламайдиган, қўшимча даромадга эҳтиёжи бўлган аҳоли қатлами учун қисқа муддатда яхши даромад топиш имкони яратилганини, буни ҳаммага етказишда қишлоқ жойларида асосий тарғибот кучи бўлган мактаб имкониятларидан ҳам фойдаланиш кераклигини айтиб, мактаб директорларидан бу борада кўмак беришларини илтимос қилди. Қолаверса, пахта теримидан сўнг, ҳар бир мактабга шахсан ўзи бориб, таълим сифатини ўрганишини, моддий-техник базаларини кўздан кечиришини, биргаликда давоматни назоратга олишини айтди.
Тошкент вилоятига теримчи масаласи эса мана бундай бўлди. Ҳоким биз билан суҳбатлашиб, ортга қайтишдан олдин тўхтади-да, “Ҳа, яна бир хабар бор, Тошкент вилоятига ҳам теримчи куч керак экан, бугун-эрта фермерлар вакиллари келишаркан. Йўл кира, озиқ-овқат, ётоқ жой учун пул тўламайди, ҳаммаси фермерлар ҳисобидан. Буни ҳам қизиққанлар бўлса жойларда, етказиб қўйинглар” деди. Бор гап шу...
 
“Вазирликдан менга 16 октябрь куни телефон қилишганди, 30 октябрда бу гапни чиқаришгани ажабланарли...”
 
Шуҳрат Муродов давом этади: Менга 16 октябрь куни Халқ таълими вазирлигидан қўнғироқ бўлди. Фарғонада ўқишда эдим. “Туманингизда ҳоким пахтага мактаблардан одам сўраётган эмиш. Бу ҳолатдан хабарингиз борми?” деб. Мен бундай ҳолат йўқлигини, барча таълим муассасаларидан пахта теримига ходимларни жалб этмаслик бўйича тилхат олингани, тушунтириш ишлари олиб борилганини айтдим. Бу, юқорида айтганимдек, 16 октябрда эди... Шунча кун ўтиб, 30 октябрда бу материалнинг эълон қилиниши ажабланарли...
 
“Мактаб раҳбарларига ҳоким топшириғини бажармаслик юзасидан эмас, пахта теримига ходимларни чиқармаслик юзасидан топшириқ берганман. Августда...”
 
“Уйчи тумани халқ таълими бўлими мудири Ш.Муродов мактаб раҳбарларига ҳоким топшириғини бажармаслик юзасидан топшириқ бериб, халқ таълими ходимларини пахта терими жараёнига жалб этиш ҳолатини олдини олган” деб мендан “қаҳрамон” ясашга уринмасин матбуот. Пахта теримига ходимларни чиқармаслик юзасидан топшириқ берганман барча раҳбарларга. Ўқув йили ва пахта мавсуми олдидан. Лекин ҳокимдан ҳеч қачон пахтага халқ таълими ходимларини жалб этиш топшириғи бўлмаганки, мен уни бажармаслик юзасидан топшириқ берган бўлай...
Хуллас, масала жуда ойдин. Халқ таълими вазирлигига кимдан, қандай кўринишда мурожаат тушгани ноаён, лекин вазирлик масалани ўрганмасдан, “мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳамда Зойир Мирзаев масаласи” кун тартибига чиққач, ўз материалини эълон қилган. Ҳеч кимга сир эмаски, интернет нашрларнинг кўпи, ўша интернет саҳифаларидан бирор шов-шувли гап топиб олса, бунинг устига манбаси ҳам бўлса, бир биридан шошади ўйлаб ҳам ўтирмай кўчириб босишга.. Ҳолатнинг аслида қандай бўлгани эса, “қаҳрамон” тилидан сизга ҳавола этилди...
Дилмурод Жумабоев
 

Биз Twitterда