Туризмни ривожлантириш дастури "Миллий Тикланиш" депутатлари муҳокамасида

 
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти ҳудудий партия ташкилоти ва халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ЎзМТДП вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотлари масъул ходимлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги вакили, вилоят маданият, соғлиқни сақлаш бошқармалари, вилоят электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов, ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши девони раҳбари Ғайратжон Тўйчибоев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилоятдаги ваколатли вакили Ҳошимжон Ғайбуллаев шу йил 12 июль куни парламент, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар ва экоҳаракат вакиллари билан ўтган видеоселектор йиғилишидан кейин, айниқса партияларга бўлган талаб ва эътибор тубдан ўзгарганини таъкидлашди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Республика Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаб, чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ҳудудий ташкилотлари ҳам мазкур вазирлик ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари билан бир қатор амалий саъй-ҳаракатларни бошладилар.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг 2016 йил 16 февралдаги қарори билан тасдиқланган “2016-2017 йилларда Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури” ижросини ўрганиш ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботини эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, унда вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Комилжон Сиддиқов, Марказий Банк вилоят бошқармаси бош мутахассиси Муҳаммадали Исомиддинов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ойбек Абдухалилов, “Наманган ҳудудий электор тармоқлари корхонаси” ОАЖ техник масалалар бўйича директор ўринбосари Тўлқинбой Муллажанов дастур ижроси юзасидан ахборот бердилар.
Қайд этилганидек, дастурда вилоятимизда ички туризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, янги туристик хизматлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, сайёҳаларга замонавий ва сифатли банк хизматларини кўрсатиш, туризм йўналишида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, янги меҳмонхоналарни қуриш каби чора-тадбирларни бажариш учун 19 миллиард 716 миллион 900 минг сўм маблағ ажратилган. Эътироф этиш жоизки, мазкур дастурда кўзда тутилган 22 та туризим объектида амалга оширилган ишлар ҳолатини яқиндан ўрганиш юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоларидан масъуллар биркитилди.
Ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлган Наманган замини туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган диёр сифатида ном қозонган. Косонсойдаги Муғтепа шаҳристони, Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасаси, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний, Поп туманидаги Мунчоқтепа, Тўрақўрғондаги Ахсикент, Уйчи туманидаги Даҳякота каби муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар ана шулар жумласидан.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 282 та маданий мерос обеъктлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ягона реестрини тузиш учун маданий мерос объекларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси томонидан қайта хатловдан ўтказиш ҳамда уларни паспортини яратиш, рус ва инглиз тилларида маълумотлар базасини яратиш юзасидан қилинган ишлар ниҳоясига етказилмаган.
Дарвоқе, айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт, кардиология, эндокринология, онкология, перинатал марказлари томонидан вилоятимизда тиббий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифлар, шунингдек тиббий муассасаларнинг моддий техника базаси, ходимлар салоҳияти ва мутахассисликлари бўйича малакавий таснифлари юзасидан маълумотлар йиғилмоқда. Бу борадаги сайъ-ҳаракатларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида меҳмонхоналарда тиббиёт хоналари ташкил этиш, патрионаж ҳамширалари томонидан навбатчиликларни йўлга қўйиш, шу орқали туристлар учун қулайликларни юзага келтириш лозимлиги, мазкур масалани йил якунигача қадар ижобий ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида мавжуд электор қурилмаларини талаб даражасига келтириш ва янгилаш бўйича муайян амалий ишлар олиб борилди. Жумладан, шу ҳудудлардаги 87 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирдлан чиқарилди. 13 дона трансформатор пунктлари реконстукция қилинди. 12 дона кичик қувватли трансформаторлар катта қувватлисига алмаштирилди. Бу борадаги ишларга 1 миллиард 505 миллион 200 минг сўм маблағ сарфланганини айтиш даркор.
Туризм соҳасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш борасида тижорат банклари томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Масалан, Учқўрғон туманида жойлашган “Ниҳол” саломатлик сиҳатгоҳи”ни 100 ўринга кенгаштириш учун “Ипотека банк” томонидан 400 млн. сўм банк кредити ажратилди. Бунинг натижасида санатория тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Наманган шаҳридаги “Диамонд Азия Сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Истиқлол” меҳмонхонасини кенгайтириш ва қўшимча сервис хизматларини ташкил этиш мақсадида “Микрокредитбанк” 750 млн. сўм кредит маблағини йўналтирди.
Мингбулоқ тумани Гуртепа қишлоғида “Улуғбек Умарбек Исломбек” хусусий корхонаси томонидан 60 ўринли шифобахш “Шўрсув” маскани қурилди. Бу саъй-ҳаракатларда “Микрокредитбанк”нинг 350 млн. сўм кредит маблағи муҳим омил бўлди.
Поп туманини Қамчик довони билан боғлайдиган тоғли ҳудуд - Чодак қишлоғида “Lorden Biznes” масъулияти чекланган жамияти биносини 80 ўринли меҳмонхонага мослаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун “Миллий банк” 700 млн сўм миқдоридаги молиявий маблағ ажратди.
Ҳозирги кунга қадар, дастурда назарда тутилган истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 3 миллиард 700 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Шу билан бирга айрим муаммолар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Туристларга қўшимча қулайликлар яратиш ниятида “Наманган халқаро аэропорти”да ҳамда “Дўстлик” теннис корти мажмуаси биносида “Миллий банк” ва “Саноатқурилишбанк” Наманган вилояти филиаллари томонидан ташкил этилган валюта айирбошлаш шаҳобчалари иш фаолияти давомийлиги ва унинг иш самарадорлигини таъминлаш керак.
Айтиш мумкинки, маданият ва туризм фаолияти бир-бири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, икки соҳанинг ҳам ривожида ўзаро ҳамжиҳатликни қўлдан бой бермай, амалий ишларни олиб бориш айни муддао. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси алоҳида жонбозлик ва ташаббус кўрсатиши, депутатлик назоратидан самарали фойдаланиши муҳим аҳамият касб этади.
Айни шу мақсадда келгусида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларида тегишли ҳоким ўринбосарлари ҳамда Туризмни  ривожлантириш Давлат қўмитаси Наманган вилоятидаги ваколатли вакилининг “Жойларда туризм соҳаси ва майёҳлик инфатузулмасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитувларини ташкил этилади.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда