Чуст –Туркий дунёнинг 2019 йилги маданият пойтахти?!

 
Туркий халқларнинг моддий ва маданий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ҳамда келажак авлодларга етказиб беришда туркийзабон мамлакатлар ҳамкорлигини таъминлашни ўз мақсад ва вазифаси қилиб белгилаган ташкилот бор: Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ. (TÜRKSOY)
Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон маданият вазирларининг 1992 йилдаги учрашувларида бу ташкилотни тузиш ғояси пайдо бўлган. 1993 йилда Олмаотада бўлиб ўтган учрашувда расман Туркий маданият ва санъатни ҳамкорликда ривожлантириш ташкилоти номи билан асос солинган. 2009 йилда ташкилот ҳозирги номини олган.
Юқорида номи келтирилган 6 давлатдан ташқари, Шимолий Кипр, Молдавия таркибидаги Гагаузия мухторияти ҳамда Россиянинг баъзи туркийзабон мухтор республикалари бу ташкилотга аъзо ҳисобланади.
Бу ташкилот, 2012 йилдан эътиборан ҳар йили туркий давлатлар ичидан бир шаҳарни Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилади. 2012 йилда Астана (Қозоғистон), 2013 йилда Эскишеҳир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Татаристон), 2015 Марв (Туркманистон), 2016 йилда Шаки (Озарбайжон), 2017 йилда Туркистон (Қозоғистон) шаҳарлари бундай номни олишган. Жорий, 2018 йилда Туркиянинг Кастамону шаҳри Туркий дунёнинг маданият пойтахти ўлароқ эълон қилинган.
Хўш, Туркий дунёнинг маданият пойтахти номи бу шаҳарларга нима беради? Даставал, шаҳарни халқаро ва маҳаллий миқёсда танитишда, яъни ички ва ташқи туризмнинг ривожлантиришда бу мақомнинг аҳамияти чексиздир. Нафақат шаҳарни, балки мамлакатни ҳам туркийзабон давлатлар миқёсида кенг танитади.
 Йил бўйи давом этадиган тадбирлар доирасида маданият пойтахтига жуда кўп туристларнинг келиши туризмнинг кескин ўсишига, инфратузилмаларнинг яхшиланишига олиб келади. Қолаверса, бу шаклланган инфратузилма кейин ҳам маҳаллий иқтисодиётга хизмат қилади.
Тадбирлар орасида мезбонлиги бериладиган “Турквизйон” халқаро қўшиқ турнири ҳам бу шаҳарни кенг миқёсда тарғиботига йўл очади.
Наманган вилоятидаги Чуст шаҳри Марказий Осиё тарихида Чуст тамаддуни номи билан билинган кўпминг йиллик душвор ўтмишга эга ҳудуддир.
Тарихий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари билан бирга етти иқлимга машҳур пичоқчилик анъанасига, дўппичилик санъатига эгадир. Шаҳар атрофидаги ҳудудларнинг бетакрор табиати ҳар қандай инсонни ўзига жалб этади. Ўзбекистоннинг энг сўлим боғларидан бўлган Мавлоно Лутфулло номидаги маданият ва истироҳат боғи машҳурдир.
Номи бу боғга берилган Мавлоно Лутфулло Чустий ҳазратларининг тасаввуф илмига қўшган ҳиссалари дунёга танитишга арзийди.
Ўзбек адабиётида Чуст вакилларининг ўрни беқиёсдир. Туркий тилларга таржима қилиниб, қардош халқлар ўқувчиларига етказилиши фарз деб билинса бўладиган Сўфизода ва Чустий ижодини бунга мисол қилиб келтирса бўлади.
Хуллас, Чуст нафақат Туркий дунёнинг, балки жаҳоннинг маданият пойтахти бўлишга арзийди.
VODIYMEDIA.UZ ахборот-таҳлилий портали, “Чуст –Туркий дунёнинг 2019 йилги маданият пойтахти” лойиҳасига старт берди. Бугун бу жараён, сатрларга кўчган фикр сифатидадир. Бироқ, ишончимиз комилки, Чустни, Наманганни, Ўзбекистонни туркийзабон давлатлар орасида, жаҳонда кенг танитишда ҳамфикрлиликка эришамиз. Барча мутасаддиларнинг, тадбиркорларнинг, давлат ташкилотларининг бу таклифга муносабатларини кутиб қоламиз. Ўзбекистонда маданият ва санъат ривожида, мамлакатимизни халқаро миқёсда имижини оширишда катта ҳисса қўшиб келаётган ҳамюртимиз, россиялик ишбилармон Алишер Усмонов билан ҳам бу борада амалий ёрдам бериши учун мулоқотга чиқамиз. Насиб қилса, 300 миллиондан ортиқ Туркий дунёнинг келгуси йилги маданият пойтахти Чустда кўришамиз!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда