Чустда хатна тўйлари

 
Бугун юртимиз байрамона оғушида. Қаерга борманг, қай манзилга кўзингиз тушмасин, фасллар келинчаси баҳорда халқимиз кенг тантана қиладиган Наврўзи олам нафаси кезиб юрибди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” да кутиб олаётган Наврўзимиз ўзгача. Маданият ва истироҳат боғлари, маҳалла-ю гузарлар, корхона ва ташкилотлар, муассасаларда байрам-у, сумалак сайллари ташкил этилмоқда.
Айниқса, байрам арафасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия хашари, саховат тадбирларида халқимизнинг ўзига хос хамжиҳатлиги яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, вилоят “Қишлоқичимликсувтаъминот” масъсулияти чекланган жамияти томонидан Наврўзи олам нафаси кезиб юрган шу кунларда эзгу ташаббус билан чқиди. Яъни, шаҳар ва туманларда кам таъминланган оила фарзандлари учун хатна тўйлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Чуст туманининг Карнон қишлоғи марказида янгидан қад ростлаган мажмуада беш нафар болажонларнинг хатна тўйлари бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда инсон ва унинг манфаатлари устувор эканлиги, айниқса ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилалар доимо давлатимиз эътиборида эканлиги алоҳида таъкидланди.
 
 
-Бизнинг оиламиз учун Наврўз байрами қўшалоқ келди, дейди Қуйи Карнон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Заҳрохон Акбаров. Фарзандим Соатлиев Умрбекнинг хатна тўйи айнан байрам кунларида саховатпеша инсонлар томонидан ўтказиб берилиши бизни жуда хурсанд қилди. Албатта, бунинг учун миннатдорчилик билдираман.
Тўй болажонлар учун ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида куй-қўшиқлар, яллалар авжига чиқди. Айниқса, хушовоз хонанда Абдулҳай Каримовнинг куй-қўшиқлари даврга янада файз киритди. Ўз ўрнида болажонларга туман ҳокимлиги, “Қишлоқичимликсувтаъминот” масъулияти чекланган жамиятининг ўйинчоқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
-Бундай хатна тўйлар шу кунга қадар Чортоқ, Поп туманларида ҳам ўтказилди, дейди жамият раҳбари Олимжон Шарипов. Мақсадимиз, битта: у ҳам бўлса аҳолининг мазкур қатламини кўнгилини кўтаришга қаратилган.
Умуман олганда Чортоқ, Поп ва Чуст туманларида бўлиб ўтган хайрия тадбири, яъни хатна тўйларда 15 нафар оиланинг қувончига шерик бўлинди.
Хатна тўйлари давом этмоқда.

Биз Twitterда