Тадбиркор – юрт таянчи

Article

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш, сиёсий партиялар фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ана шу долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи яқинда Кенгашнинг “Маҳаллий бюджетни шаклллантириш ва уни ижоро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари” бўйича доимий комиссияси ҳамкорлигида “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда молия-банк институтлари иштироки: қонунчилик, амалиёт ва уни янада такомиллаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб семинарда ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, тегишли доимий комиссия раиси Одилжон Маматкаримов, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Аъзамат Турғунов, Вилоят молия бошқармаси масъул ходими Маликжон Ҳожиматовлар давлатимиз раҳбарининг маърузасида белгиланган устувор вазифалар моҳияти, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар, ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича гапирдилар.

Дарвоқе, ЎзМТДПнинг сайловолди Дастурида ҳам кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жумладан улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидияларни жорий этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Қайд этилганидек, тадбиркорлар, хусусан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича вилоятда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Туркия, Германия, Россия каби мамлакатларда ўтказилган 7 та кўргазмада 33 нафар тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, 12 та шартнома, 15 та келишувга эришди. Жумладан, “Наманган момиқ сочиқ” масъулияти чекланган жамияти 4 миллион, “Соф асал” корхонаси Хитойга 500 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома портфелига эга бўлди. 2017 йилда ҳам Италия, Франция, Малайзия сингари мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмаларда вилоятимиз тадбиркорлари  иштирок этишларини таъминлаш кўзда тутилган.

Вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов. – Таъкидлаш ўринлики, шу йилнинг ўтган 11 ойи давомида тижорат банклари томонидан тадбиркорлар, ишбилармонлар ва ҳунармандларга 654 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Бошқача айтганда, бу кўрсаткич ўтган 2015 йилдагига нисбатан 1,3 барабварга кўпдир. 2017 йилда эса бу рақамни 1 триллион сўмга етказиш режалаштирилди. Кредит маблағлари асосан саноат, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантиришга йўналтирилиши назарда тутилган.

Қизғин мунозара ва фаол, амалий тусда кечган мулоқотда “Наманганмехмаш” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Фарҳод Жўраев, Наманган муҳандислик технология институти талабалари Дилмурод Жўраев, Дилшод Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, айниқса “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида миллий иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
вилоят кенгаши матбуот котиби


Биз Twitterда