СИЗГА АШЪОР БИТМАСДАН, КИМГА БИТАЙ, ЮРТБОШИМ!

Article
Бу шеър 2015 йил август ойида битилганди. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги байрами арафасида чоп этилганди илк бор. Юртбошимизга муаллиф томонидан шахсан ўқиб бериш насиб қилмади, лекин ишонч комил, 32 миллион ўзбек халқи шеърда қаламга олинган фикрларга тўла қўшилади. 
Бу йил мустақил Ўзбекистон илк бор Ислом Каримовсиз Янги йилни кутиб олди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги йил табригини ўқиганларида, бир тарафдан юртимиз янги раҳбар билан буюк келажак сари одимлашига қалбан ишонч ҳосил қилган бўлсак, иккинчи тарафдан Биринчи Президентимиз энди орамизда йўқликларини ҳис этиб, такрор дардимиз янгиланди... 
Ислом Каримовнинг жойлари жаннатда бўлсин! Vodiymedia.uz раҳматли Юртбошимизнинг январь ойида туғилган кунлари эканини назарга олиб, бу ой давомида Ислом Каримовга бағишланган туркум материаллар бериб боришга қарор қилди. 
 
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Мустақил, ҳур диёрда озодликдан тик бошим,
Ризқи-рўзим ҳалолдир, беминнат еган ошим,
Умрим йўғриқдир бахтга, унут бўлди кўзёшим,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Бугун – Истиқлол тўйи, гулга бурканди диёр,
Шу озод юрт ўғлиман – қалб жўштирар ифтихор,
Халқим азал орзуси – Эрк Сиз бирла бўлди бор,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Оғир кечди нақадар ҳурликнинг илк йиллари,
Иқболимиз бўғмоққа уринди ёв қўллари,
Сизсиз бугун бу гулзор қопларди қум чўллари,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Бола эдим у кунлар, лек эсимда анчаси,
Ёв ипига ўйнаган “қўғирчоқ”лар қанчаси! 
Жасоратингиз сабаб мот бўлганди барчаси,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Ёвуз мақсад кучларга Наманган эди нишон,
Ишончлари комилди, Сиз келмас дея бу ён,
Сиз келдингиз, Сиз билан шуур топганди майдон,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Халқим деб, келмасангиз, нетар эди Наманган,
Юз йилларча орқага кетар эди Наманган,
Жоҳилликнинг тубига етар эди Наманган,
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!
 
Пок ниятли Наманган саодат ичра бугун,
Меҳнатда шижоати ортмоқда ўтган ҳар кун,
Анвар ўғлингиз дейди: Сиз бор – бахтимиз бутун,
Сизга битдим ашъорим, омон бўлинг Юртбошим!
 
Сизга ашъор битмасдан, кимга битай, Юртбошим!!!
           
Анвар ИКРАМОВ