Қўшкўпирда ароқ тугадими? Давлат Назар энди Наманганда "ҳаммани ёрмоқчими"?

 
Кеча биттаси автобусда гапириб қолди: “Блогер-млогер деганларининг юз фоиз ҳаммаси ҳам халқни ўйлайдиган одамлар эмас, ичида ўзининг чўнтагидан бошқасини ўйламайдигани ҳам учраркан, биттаси укамга келиб “мен интернетда таниқли одамман, сизнинг муаммоингиз бор экан, мендан чиқса у масала чет элдагилар ҳам менга қўшилади, қўрққанларидан ҳам ҳал қилиб беришади ишингизни, фақат менга 20 фоизи миқдорида пул берасиз” дебди...”
Очиғи, тан оламизми, йўқми, бундай ҳолат бугуннинг воқеълигига айланиб қоляпти. Ҳар ким ўзича биттадан заказни олволиб, интернетда, турли ижтимоий тармоқларда ўша масалани чайнаш билан банд....
Ўтган йили октябрь ойида Хоразм вилояти “Хоразм ёшлари” газетасида ишлайдиган (Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши газетаси), ўзига Давлат Назар деган тахаллус олволган Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани ҳокимлигида ўтказилган кечки йиғилишга маст ҳолатда бориб, “Ёраман ҳаммасини!” деб тўполон кўтаргани учун 7 суткага қамалгани билан сал танилганди. Бўлмаса журналист сифатида бирор киши унинг бирор арзирли масалани чиройли ёритганини билмайди.
Ўтган давр ичида бу воқеа деярли унут бўлиб кетганди. Бироқ кутилмаганда яқинда бу "валломат" Наманган вилоятида пайдо бўлиб қолди. Наманган шаҳрида жойлашган Ихтисослашган қурилиш моллари савдо комплекси билан боғлиқ бири биридан ўтадиган постлар, материалларни ижтимоий тармоқларга жойлашга бошлади. Бу бозорнинг муассислари бўлган Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ёғоч маҳсулотлари савдоси” МЧЖ ўртасидаги давом этаётган суд жараёнига таъсир ўтказишни мақсад қилган бу чиқишлардан журналистик суриштирувнинг эмас, бир томон қуйиб берган ароқнинг ҳиди келаётгандай худди. Наманган шаҳри ҳокими Шавкат Абдураззақовни “нишон” олган ҳолда, иқтисодий соҳадаги масалани сиёсийлаштиришга уриниб, йирик миқдорда камомад келтирган улушдорни “оппоқ”қа чиқаришга уринишнинг бошқа сабабини англаш мушкул. Бозор раҳбарияти 250 миллион сўмга яқин цемент ва ёғоч маҳсулотларини талон-тарож қилганини ҳамда бу суд ажрими билан аниқланганини эътироф этган ҳолда, уялмасдан ортидан “шаҳар ҳокимияти фурсатдан фойдаланиб бозор маъмуриятини янгилади” деб давлат бошқарув идорасини айблашдан ҳам юзи оқармайди (қизармайди дейиш керак эди аслида бу ерда, лекин ичкиликка ўрганган одамнинг юзи доим қизил бўлишини эътиборга олдик).
Ҳиссадорлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар амалда суд орқали ҳал қилинади. Намангандаги ҳолатда ҳам биринчи ишни кўрган инстанция, Наманган туманларараро иқтисодий судининг қарори юзасидан, бозорнинг асосий ҳиссадори Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан даъво аризаси киритилди ҳамда бу масалани қонуний йўл билан ҳал қилиниши шаҳар ҳокимлиги томонидан таъкидланмоқда. Бироқ, бу ҳолат, Давлат Назар таъкидлаб чарчамаётгандай, “ҳоким ва тадбиркор “жанги” эмас, ҳиссадорлар ўртасида келишмовчилик бўлиб, буни бартараф этиш кимнидир шахсий қарашига эмас, ҳиссиётларга эмас, қонун талабларига асосан амалга оширилади. Давлат Назар томонидан “тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, мулкини дахлсизлигини таъминловчи қонунлар Наманганда очиқдан очиқ тан олинмаётгани”, “тадбиркорнинг ўз маблағлари эвазига барпо этган савдо комплексига кўз олайтириб унга тегишли дивидентларнинг ўзлаштирилиши” деган айбловлар журналистик этиканинг ҳеч бир кўчасига сиғмайдиган баёнотлар бўлиб, булар юзасидан шаҳар ҳокимлиги судга шикоят аризаси киритса ҳам ҳақли бўлади. “Озгина ичволгандим буларни ёзганда” деб Давлат Назар сувдан қуруқ чиқиб кета олса, энди буни билмадик...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда