Шавкат Мирзиёев Наврўз сайлида иштирок этди ва халқни байрам билан табриклади

Article
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Абдулла Қодирий номли истироҳат боғида Наврўз байрами шарафига ташкил этилган сайил ва тадбирларда иштирок этди.
Кун ўртасида ташриф буюрган давлат раҳбари боғни айланиб, одамлар билан суҳбатлашди. Байрам тадбирларини кузатди. Шундан сўнг баҳорий таомлар билан безатилган дастурхон атрофига парламент раислари, ҳукумат ва дипломатик корпуслар раҳбарлари билан биргаликда ўтириб, тушлик қилди ва концерт томоша қилди. Бир соат давомида бу жараёнда иштирок этганидан сўнг ташкилотчиларга раҳмат айтган ҳолда сайилни кузатганча Тошкентдаги бошқа байрам тадбирларида иштирок этиш учун боғни тарк этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинди. Табрикнинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.
 
Азиз ватандошлар!
Она диёримизга, барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан, каттаю кичик барча юртдошларимизни, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Муҳтарам дўстлар!
Бу йилги Наврўз байрами, барча шаҳар ва қишлоқларимизда, умумхалқ сайиллари тарзида ўтаётгани, унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда. Наврўз руҳи ва фалсафаси «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»нинг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг равишда намоён бўлмоқда.
Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир. Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин! Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин! Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин! Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Наврўз байрами, барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
 
 

Биз Twitterда