Шавкат Мирзиёев "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги муносабати ўтказилаётган кенг қамровли байрам тадбирлари доирасида Тошкентдаги Хотира майдонига ташриф буюрди ва “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Uzreport хабар берди.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз учун, бахтли турмушимиз учун жангоҳларда қон тўккан ва фронт орқасида фидокорона меҳнат қилган оталаримиз ва оналаримизнинг букилмас ирода ва жасоратлари намунаси биз учун абадий ўрнак бўлади.
 
ВИДЕО: Uzreport TV Youtube канали
 
Устоз журналист Сафар Остонов шундай ёзади: "Мангу мотам тутишга маҳкум она! У кимнинг онаси? Брест қалъаси ҳимояси учун бўлган қирғинбарот жангда сўнгги ўқи қолгунча жасорат кўрсатиб ҳалок бўлган жангчинингми?..
Украина фронтларида душманга қирон келтириб, жон берган мард жангчининг онасими? Ёки Белорусь ўрмонларида партизанларга қўшилиб, афсонавий қаҳрамонликлар кўрсатган ўғлоннинг онасими?..
Эҳтимол, фашистларни ер тишлатиб, Берлингача етиб бориб, Рейхстаг деворига исм-шарифини, юрти номини ғурур билан ўйиб ёзиб, энди соғ-омон уйга қайтаман, деб турган маҳал душман ўқига дуч келган, ёруғ орзулари, ниятлари ўзи билан кетган ғолиб жангчининг онасими?..
Ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келасан, киши: Бу она Ўзбекистондан узоқ юртларда фашизм деган офатнинг йўлини тўсган, кўксини қалқон қилиб, бу бало-қазони ўз она юртига йўлатмаган мард жангчининг онаси!
Россиянинг бепоён ҳудуди, Украина, Белорусь, Молдава, Болтиқбўйи мамлакатлари, узоқ Европа заминини фашизмдан озод қилишда қатнашиб, ҳалок бўлган 500 мингдан кўпроқ жангчининг онаси. Урушда ҳалок бўлган жамики ўзбекистонлик жанг­чилар онасига ўрнатилган ҳайкал бу!"

Биз Twitterда