СамДУ ва Транспорт университетининг Каттақўрғон филиали ташкил этилади

Самарқанд вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали (СамДУнинг филиали) ҳамда Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалини (Транспорт университетининг филиали) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қуйидагилар:
а) СамДУнинг филиали фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
илмий-педагог кадрларни ижтимоий шериклик асосида тайёрлаш бўйича иш берувчилар, давлат бошқаруви органлари ва ижтимоий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
СамДУнинг филиалининг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;
ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;
педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
б) Транспорт университетининг филиали фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
транспорт соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, меҳнат бозоридаги рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
транспорт соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини, шу жумладан рақамли ва бошқа замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Транспорт университетининг филиали профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишни ҳамда битирувчиларни чет элда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш мақсадида етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш;
ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида транспорт соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда талабаларнинг амалиётларини тегишли соҳа ташкилотларида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Белгиланишича:
а) СамДУнинг филиали юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақлари ва банк ҳисобварақларига эга бўлади;
СамДУнинг филиали Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;
СамДУнинг филиалининг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
СамДУнинг филиалига талабаларни қабул қилиш ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида белгиланади;
СамДУнинг филиали Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Иштихон ва Нуробод туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасаларида тегишли фанлардан дарс машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларга доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;
б) Транспорт университетининг филиали юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақлари ва банк ҳисобварақларига эга бўлади;
Транспорт университетининг филиали Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тизимида фаолият юритади;
Транспорт университетининг филиали таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
Транспорт университетининг филиалига талабаларни қабул қилиш ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида белгиланади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланади:
а) Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри, Амир Темур кўчаси, 27-уй манзилида жойлашган собиқ Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги 2-сон академик лицейи ҳамда Каттақўрғон тумани, Қўштепа қишлоғида жойлашган Каттақўрғон тумани агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини (мавжуд жиҳоз ва мебеллари билан) тегишли ҳудуди билан биргаликда СамДУнинг филиалига;
б) Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳар, Чинобод МФЙ, Қозоқовул қўрғонида жойлашган Каттақўрғон транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини (мавжуд жиҳоз ва мебеллари билан) тегишли ҳудуди билан биргаликда Транспорт университетининг филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш.

Биз Twitterда