Салим Абдувалиев МОҚ вице-президенти этиб сайланди!

Article
Бугун Миллий олимпия қўмитасининг XXX Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов олиб борди деб хабар қилади Оламспорт.

Бош Ассамблея йиғилишида Миллий олимпия қўмитасининг тўрт йилиик циклдаги фаолияти қониқарли деб бир овоздан қабул қилинди. Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитасига янги президент сайлаш маросими бўлиб ўтди ва ушбу лавозимга “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси раиси Алишер Султонов бир овоздан сайланди. 

Мамлакатимиздаги спорт федерациялари ва таниқли спортчиларнинг таклифига кўра Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитасининг фахрий президенти этиб тайинланди. Ўз навбатида ўтган давр мобайнида қўмитага раҳбарлик қилган Мираброр Усмоновга бутун спорт жамоатчилиги ва олимпия ҳаракати иштирокчилари номидан миннатдорчилик изҳор этилди. 

Шунингдек қўмита вице-президентлари сифатида Валерий Тян, Салим Абдувалиев, Фарҳод Турдиев ва Умид Аҳмаджоновлар сайланишди. Ойбек Касимов эса Бош котиб лавозимига қайта сайланди ва фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Миллий Олимпия қўмитасининг XXX Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.