Ўғрини ушла деб бақирган ўғрининг ўзи бўлади ёхуд АҚШнинг Ғофур Раҳимовга "наркобарон" ёрлиғини ёпиштиришдан манфаати нима?

 
Эртага, 22 июль куни таниқли бизнесмен Ғофур Раҳимов 65 ёшга тўлади. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги йирик бизнес намояндаларидан, жамоат арбобларидан бири бўлган, халқ орасида Ғофур бой деб танилган Ғофур Раҳимовнинг ким эканини ҳамма яхши танийди. Бироқ унинг сўнгги йиллардаги ҳаёти бироз ўнқир-чўнқирларга тўла бўлгани ҳаммага ҳам аён эмас.
Унинг Ўзбекистон ичидаги сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги муносабатлари турлича талқин қилинади. Лекин улардан кўра муносабат билдиришга лойиқ бошқа хусус борки, бу Ғофур Раҳимовнинг номини қоралаш бўйича АҚШнинг тутган йўли.
Ўзбекистонда бокснинг ривожи, жаҳон миқёсида олдинги ўринлардан бирида боришимизнинг асосий омилларидан бири Ғофур Раҳимовнинг кўп йиллар давомида Ўзбекистон бокс федерациясини бошқаргани, Осиё бокс федерациясининг президенти, жаҳон ҳаваскор бокс ассоциациясининг вице-президенти сифатида фаолият юритгани эканини эътироф этмасдан илож йўқ. Айнан унинг спорт дунёсида таниқли шахс, кучли фигура эканидан фойдаланган ҳолда АҚШ махсус хизматлари уни “Афғонистон наркотик бизнесининг раҳнамоси” эканини 2000 йили эълон қилиб, ўша йили ўтказилган Сидней Олимпиадасига боришига тўсиқ қўйдилар. Бу эса бутун дунёнинг диққат марказида бўлган Олимпиада ўйинлари сабабли жуда кенг халқаро муҳокамага сабаб бўлди. 2010 йилда эса АҚШ молия вазирлиги Раҳимовга нисбатан Обаманинг махсус қарорига асосан санкция ҳам жорий қилганди. 
Афғонистонга АҚШ қўшинлари киритилгандан сўнг, дастлабки беш йил давомида қорадори етиштириш 32 (!!) баробарга ошганини эътиборга оладиган бўлсак, афғон тупроғида АҚШ қўшинлари жойлашган ҳар бир ҳудудда қорадори етиштириш жадал суратларда ривожланганига назар ташласак, халқаро бозорда қорадори афғонларнинг сотиш нархидан юз баробар қимматга сотилганини, йиллик афғон қорадори бизнесининг фойдаси юз миллиардлаб доллар эканини ҳисобга олсак, АҚШ учун Ғофур Раҳимовни дунёга “наркобарон” эълон қилишининг асл моҳиятини тушуниб етамиз. Чунки Афғонистондан бу наркотик қандай қилиб Европага етиб боряпти деган саволга халқаро ҳамжамият олдида жавоб бериш керак эди-да!
Русларда бир мақол бор: “Вор всегда громче всех кричит "Держи вора!". Яъни, ўғри доим ҳаммадан кучлироқ “Ўғрини ушла” деб бақиради. Ғофур Раҳимов масаласида ҳам АҚШ худди шу йўлни танлагани кўриниб турибди. Яна билмадим...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда