Поп. Сирдарё насос станциясига қўшимча 10 та насос ўрнатилиб, 2000 гектар янги ер ўзлаштирилмоқда

Наманган вилоятининг Поп туманида ҳозирда амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан бири сувсиз, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни қайта ўзлаштириш ҳамда бу ерларда интенсив боғлар, токзор ва  иссиқхоналар барпо этишдир.  Янги ерлар ўзлаштирилиб, экспортбоп экинлар экилмоқда.
 
 
Бунинг учун “Сирдарё насос станцияси”да қўшимча 10 та сув насоси ўрнатилмоқда. Айни вақтда бу ерда  муҳандис-технологлар ва уста-қувурчилар томонидан қизғин иш олиб борилмоқда. Келгуси ҳафтада бу ишлар якунига етиши кутилмоқда. Бунинг учун вилоят бюджетидан 2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Янги насослар ўрнатилиши натижасида Сирдарёдан олинган сув эвазига 1950 гектар янги ер ўзлаштирилади. Шунингдек, 1700 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
 
 
Ҳозирда туманнинг “Чодак” массивида сувсиз, дашт ерларга сув чиқарилиб, 300 гектар ер ўзлаштирилмоқда. 50 гектар ер тайёр ҳолатга келтирилиб, унинг 10 гектарига мошнинг экспортбоп нави экилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ерларда кооперация усулида иш ташкил этиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик учун ер ажратиш бериш юзасидан  мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Биз Twitterда