"Озодлик" аталмиш ғийбатнинг уясидагиларга: Нима эмиш, ...миш ...миш...

 Бизтенгқур авлод урушни кўрмаган. Биздан икки-уч олдинги авлод ҳам. Табиийки, биздан кейин ўсиб келаётган навқирон авлод ҳам урушни кўрмаган.
  Ҳа, мен урушни кўрмаганман. Аммо бувимнинг қўлида бир ёшга тўлар-тўлмас қолиб кетган, отасининг рафторини ҳам эслолмай, ота меҳрига зор бўлиб,ярим етим ўсган падари бузрукворимнинг кўзларидаги бир умрлик мунг, чеҳрасидаги маҳзунлик, қалбидаги чексиз армондан урушнинг нима эканини яхши биламан. Гулдек ёшида тул қолиб, жуфти ҳалолини то ўлгунича кутган, дунёнинг борки ҳою ҳавасларини унутиб, умрини икки фарзандининг камолига сарф этган, ўзи учун яшамаган бувимнинг дарвоза қараб толган ёшли кўзларидан, “Ёримга ўхшайди овозинг санинг”, дея дардли нолаларга йўғрилган хонишларидан англайман, урушнинг даҳшатларини.
 
Тошлоқ туманидаги Қумқишлоқ маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рустамжон Акбаров имтиёзли сертификат асосида отахон “Damas” автомобилини харид қилди. 
  Мен урушни кўрмаганман. Бироқ, уруш нима эканини бир оёғи йўқ маҳалладошим Раҳмон бобонинг кўчамиздан қўлтиқтаёғини дўқиллатиб ўтишидан, ўнг қўлини фронтга “қурбонлик” қилиб қайтган ҳамқишлоғим Абдумалик бобонинг чап қўлида қийналиб қилиб юрган хатти-ҳаракатларидан, қўшним Ваҳобжон отанинг танасида қолиб кетган осколка сабаб уч кун уйида бўлса, ўн кун шифохонада ётиб тортган мислсиз азобларидан яхши биламан.
  Бугун буларнинг бари тарихга айланиб боряпти. Юқорида ҳикоя қилганларим – бувим, дадам, уруш қатнашчилари бўлган қишлоқдошларим, бари бари бу фоний дунёни бирин-кетин тарк этиб кетдилар. Уруш кўрган одамлар сафи тобора сийраклашиб боряпти. Омонатлигини билганимиз сари улар вакилларининг қадри янайин ошмоқда, уларга нисбатан иззату икромимиз анчайин кучаймоқда.
  Боз устига, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг кўрсатаётган чеки йўқ ғамхўрлиги, эъзозу эҳтироми уруш фахрийларини ёшартириб, кўнглини осмон қадар юксалтириб, жаҳаннам оғзида кўрган-кечирганларини унуттириб, бугунги дориламон кунларга етганлари учун уларнинг тилларию дилларида қайта-қайта шукроналик айланмоқда.
  Инчунун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори нафақат уруш ва меҳнат фахрийларини, балки бутун Ўзбекистон аҳлини тўлқинлантириб юборди. Айни вақтда мамлакатимиз бўйлаб ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида ўтказилаётган кўтаринки руҳдаги, юқори савиядаги тадбирлар шундан далолат.
  Хусусан, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Дастурига мувофиқ,“Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остидаги байрам тадбирлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, кенг жамоатчилик вакиллари, раҳбар-мутасаддиларинингфахрийлар хонадонларига бориб уларнинг ҳолидан хабар олиш, кўнглини кўтариш мақсадидаги саъй-ҳаракатлари авж палласига чиқди.
  Ўз навбатида, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларинингуй-жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича кенг кўламли, катта ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда.
  Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун, келинг, Наманган вилояти мисолида фикримизни давом эттирсак. Мана, яқин бир ойдирки, вилоятнинг ҳали у, ҳали бу ҳудудида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбирларнинг кети узилмаяпти. Ҳокимлик, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, қатор давлат-нодавлат идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, қўйингки, барча ташкилот-муассасалар вакиллари бирлашиб, тинчлигимиз учун мардонавор курашган фидойи инсонларнинг кўнглини олиш пайидан бўлишмоқда. Топган гул, топмаган бир боғ пиёз келтирибди, деганларидек, уруш фахрийларини турли туман, каттами кичикми, совғалар билан сийлашмоқда, меҳр-саховат кўрсатишмоқда. Бу хайрли ишларга наманганлик қўли очиқ тадбиркорлар қўшаётган ҳисса салмоқли, албатта.
  Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддиновнинг бизга айтишича,бугун Наманган вилоятида 87 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 3509 нафар фронт орти меҳнат фахрийси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган 58 нафар ҳарбий хизматчи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари истиқомат қилмоқда.
  Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш борасида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чоралари давом эттирилмоқда. Уларнинг ҳар бирининг эҳтиёжлари бирма бир ўрганиб чиқилиб, уч нафарига уй-жой, 26 нафарига уй-жойни жорий таъмирлаш, 3 нафарига музлаткич, 8 нафарига ногиронлик аравачаси, 12 нафарига эшитиш мосламаси, 2 нафарига ҳасса, 7 нафарига санаторияларга йўлланмалар зарурлиги аниқланди. Йўқловларда ёлғиз ва кам таъминланган уруш фахрийларига турар жой ажратиш ва уй жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда зарурий тиббий реаблитация ва уй-рўзғор жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида вилоятга “Нуроний” жамғармаси республика Кенгаши томонидан 300 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари орасидан бепул ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган саккиз нафар нуроний рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун жамғарманинг республика бошқарувига юборилди.
  Ўз навбатида, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Наманган шаҳри ва барча туманларда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига йўқлаб борилиб, уларга 2 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда исталган русум ва рангдаги енгил автомашинани навбатсиз сотиб олиш имтиёзини берувчи сертификатлар тақдим этилмоқда. Аксарият фахрийларга эса, енгил автомобиллар тантанали равишда топширилмоқда.
  Ана шундай юксак эътибор ва эътирофга сазовор бўлган Наманган шаҳрилик Низомхон ота Сатторов, Жаббор ота Содиқов, Уйчи туманилик Аҳмаджон ота Мамадалиев, Тўрақўрғон туманилик Ёқубжон ота Раҳматуллаев, Наманган туманилик Абдусалом ота Раҳмонов, Поп туманилик Собитхон ота Обидовсингари нуронийларимиз ёруғ юз ила дуога қўл очиб, юртимиз равнақи бугунгидан ҳам баланд, тинч-осуда ҳаётимиз барқарор, ўзларига фарзандидан зиёд меҳр-оқибат кўрсатаётган, мудом халқ ичида юрган давлат раҳбари омон бўлишини Яратгандан астойдил сўрашмоқда. Кейинги вақтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жуда катта кўламдаги ишлар, ўзгаришлар, инсон манфаатлари йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг юқори самараларини кўриб, беҳад қувонишмоқда, яна қайта-қайта дуога қўл очишмоқда.
  Бугун бу манзараларни Ўзбекистонимизнинг қайси жойига борманг, учратишингиз аниқ. Бинобарин, ҳозирги осуда ва фаровон ҳаётимиз, тинчлик-хотиржамлигимиз учун қон кечиб, жон талашиб курашган муҳтарам инсонлар бундан-да ортиқ эъзозу эҳтиромга муносиблар, аслида. Шу боис ҳам Президентимиз уруш фахрийлари, умуман, нуроний кексаларимизнинг муносиб турмуш кечиришлари борасидаги ишларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қарамоқда. Улар учун барча шарт-шароитлар, имтиёзлар, қулайликлар муҳайё этилмоқда.
  Чиндан ҳам, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан бугун Ўзбекистон бўйлаб ардоқли фахрийларимизнинг кўнгилларини олиш, уларга иззат-икром кўрсатиш оммавий тус олди, умумхалқ ҳаракатига айланди. Бундан бутун жаҳон ҳамжамияти хабардор бўлиб турибди.
  Аммо, кўнгилни хира қиладиган ҳолат шуки, айрим хориж оммавий ахборот воситалари, хусусан, “Озодлик” аталмиш радио шоввозлари бу борада ҳам нохолис ахборотларни тарқатишдан ўзлари тия олмаяптилар. Нима эмиш, уруш фахрийларига тақдим этилаётган автомашинани навбатсиз сотиб олиш имтиёзини берувчи сертификатлар “хўжакўрсин”га эмиш. Нима эмиш, навбатсиз машина олиш учун уч ой навбат кутиш керак эмиш. Нима эмиш, ...миш ...миш...
  Эҳ, барака топкурлар, телевидение орқали, интернет сайтлари орқали енгил автомашина рулида ёки ўриндиғида юзларидан нур томиб, мамнуният ила ўтирган уруш фахрийларининг суратларини наҳотки кўрмаётган, ҳадсиз шукроналик ила берган интервьюларини наҳотки эшитмаётган бўлсангиз? Ахир, бунинг учун қулоқ кар, кўз кўр бўлиши керак-ку? Ёки ростдан ҳам сизлар шунақамисиз?..
  Бу тахлит туҳматларни, иғвою бўҳтонларни тўхтатиш фурсати етмадимикин, ҳурматли “Озодлик”чилар? Ундан кўра, қўрқмасдан, чўчимасдан бор ҳақиқатни рўйи рост баён этсангиз, сизлар ҳам фахрийларимизнинг қувончига шерик бўлиб, уларнинг дуоларини олиб қолсангиз ўзингизга яхши бўлармиди? Ҳар ҳолда, “Дуо олган омондир”, деган ҳаётий ҳикмат бор, халқимизда. Нима дедингиз? Балки виждонингизга бир қулоқ тутиб кўрарсиз? Дарвоқе, қулоғингиз...
Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,
“Олтин қалам” II Миллий мукофоти учун халқаро танлови ғолиби, журналист.

Биз Twitterда