Озарбайжон ёзувчисидан Ўзбекистонга Янги йил табриги

Article

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевга дунёнинг турли ўлкаларидан Янги йил табриклари келиб тушди. Президентимизга ва у киши орқали Ўзбекистон халқига самимий тилакларини билдирганлар орасида Озарбайжоннинг таниқли ёзувчиси, асарлари ўзбек китобхонлари ҳам севиб ўқиладиган Фируз Мустафо ҳам бор. Озар адабиётининг таниқли вакилининг табригида шундай дейилади:

Ҳурматли жаноб Президент!

Сизни ва Сизнинг сиймонгизда барча ўзбек халқини Янги 2017 йил билан чин дилдан муборакбод этаман. Фурсатдан фойдаланиб Сизни яна бир бор табриклайман. Кузатган йилимизда ўзбек халқи Сизга буюк ишонч билдириб, ўлкага раҳбарлик қилишингиз тарафдори бўлди. Мен дадил айта оламанки, икки қардош халқ орасидаги адабий-маданий алоқалар навбатдаги йилда ҳам янада тараққий этади. Менинг ҳам бир қатор асарларим ўзбек тилига таржима этилганини фахр билан эътироф этаман. Ўтган йилда ўзбек халқининг икки буюк сўз санъати устаси – Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларнинг вафотини чуқур қайғу ва таассуф билан қайд этиб ўтаман. Аммо ишончим комилки, истеъдодли ўзбек халқи бундан буён ҳам дунёга доимо улуғ ва нурли шахслар бахш этади.

Шавкат Миромонович, мен Озарбайжоннинг бир ёзувчиси, драматурги ва олими сифатида Сизга ўз фаолиятингизда юксак муваффақиятлар тилайман. Икки халқнинг – Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг қардошлиги ва дўстлиги абадий бўлсин.

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

ФИРУЗ МУСТАФО

Маълумот ўрнида: Таниқли озарбайжон ёзувчиси Фируз Мустафо 1952 йил 18 февралда Гадобой туманидаги Исали қишлоғида зиёли оиласида туғилган. 1975 йили Озарбайжон педагогика университетининг филология факультетини битирди. Шундан кейин мактабда ва олий таълимда ўқитувчи, телевидение ва гезеталарда мухбир бўлиб ишлади. Фалсафа фанлари доктори. 1980-84 йилларда Озарбайжон ФА фалсафа ва ҳуқуқ институтида фаолият юритди. Кейинчалик «Маорифчи», «Маданият» газеталари бош муҳаррири вазифаларида ишлади.

Фируз Мустафонинг илк насрий китоби 1985 йили нашр этилди. Бугунги кунда адибнинг 40 дан ортиқ китоби чоп этилган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси драматургия бўлимининг раҳбаридир. Озарбайжон “Хумай” миллий мукофоти, Жафер Жабборли номли мукофот, Халқаро Евроосиё фондининг ҳамда Театр ходимлари иттифоқининг мукофотлари соҳибидир.

Биз Twitterда