Орифжон Жўраев: Наманганлик талабалар "сессия"да қанча сарфлаяпти?

 
Ўтган ҳафтада Наманган давлат университетида ДХХ, прокуратура, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари иштирокида бўлган очиқ мулоқот, маънавий-маърифий учрашув хусусида ижтимоий тармоқлар орқали хабарингиз бор. Аввалроқ бундай учрашувлар Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам ўтказилганди.
Профилактик тадбирда дастлаб талабалар, ота-оналар, гуруҳ сардорлари, профессор-ўқитувчилар ўртасидаги коррупцион муносабатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга доир видеоролик кўрилди, маърузалар эшитилди. Ушбу салбий ҳолатларни камайтиришда ёшларнинг мурожаати учун Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармасининг хизмат рақамлари айтилди, ҳаммани ҳамкорликка чақирилди.
Қайд этилдики, мазкур олий ўқув юртида кўпроқ жисмоний тарбия ва чет тиллари йўналишларида ўқишга қабул қилиш, машғулотлар ва баҳо олиш жараёнларида тамагирлик, порахўрлик, коррупцияга йўл қўйилгани аниқланди. 2018 йилги Давлат имтиҳонларига кириш мавсумида 230 дан ортиқ абитуриент ДХХ вилоят бошқармасига ижодий (амалий) ва тест топшириқларидан норози бўлиб шикоят қилган.
Шунингдек, баъзи факультетларда ахлоқсиз домлалар томонидан қизларга тегажоғлик қилиш вазиятлари бўйича далиллар эслатилди.
 
 
Қолаверса, университет ҳузуридаги Ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида собиқ ректор ва проректорлар бошчилигидаги порахўрларга 6,5 йилдан қамоқ жазоси қўлланилган.
НамДУ ректори Улуғбек Иноятов алоҳида таъкидлаганидек, коррупциянинг катта-кичиги бўлмайди. Биз масъулиятли ва ҳалол педагогларни жамиятга етиштириб беришимиз керак. “Сен менга, мен сенга тегма”, дейиш энди умуман ярамайди!..
Ҳа, пора (пул, моддий буюм, совға)ни олган, берган, унга воситачилик қилган бирдек жавобгарлиги қонунда белгилаб қўйилган. Ахир, қарс икки қўлдан чиқади. Унутмаслик шарт, гадони гадо қилган бу садақа берувчилардир. Ҳаётдан хафа, ҳамма нарсадан нолийдиган, “соққа” ёрдамида иш битирувчи ёшлар кўпайиб кетишига асосий омил ҳам коррупция балосидир.
НамДУ доценти, маънавият тарғиботчиси, кучли оратор Бахтиёр Исҳоқовнинг таъсирчан нутқи барчани сергаклантирди. Ҳаётий мисоллар ва сўз қудрати асосидаги фикрлар йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Домла “Ўғри” ҳикояси (А.Қаҳҳор)даги порага ишора билан боғлиқ жумлаларга эътибор қаратди. Бир ҳўкизнинг топилиши учун унинг нархига тенг пул ва инъомлар амин, элликбоши, тилмоч, пристав кабиларга туҳфа қилингани ачинарли ва кулгили, албатта. Демак, бу даражада содда, ишонувчан ва галварс бўлмаслик зарур.
Юқоридаги сарлавҳамиз ҳам шу ҳикоядан келтирилди.
Воизнинг жонли ва қизиқарли маърузаси катта қизиқиш уйғотди. Балки шунинг учундир, ёмон иллатни йўқ қилишга юксак ишонч пайдо бўлдими ёхуд қандайдир тортиниш кузатилдими, иккиландик.
Яъни очиқ мулоқотнинг савол-жавоб қисмига “вақт етмади” ҳам. Аниқроғи, негадир йигит-қизлар ДХХ вакилларига умуман саволлар беришмади. Ё ҳаммаси тушунарли, ёки ...
Эҳ, дарвоқе, “Ишонч телефонлари”га қўнғироқ қилишар учрашувдан сўнг, нима дейсиз?!..
Ўша куниёқ мобиль телефонимга саводлигина, виждони уйғоқ икки йигит ва бир қиз талаба қуйидаги хабарларни жўнатишди:
Бу йилги сессия пахта йиғим-теримига жалб этилмаганимиз учун ҳар йилгидан анча эрта бошланди. Бироқ аттестация бўлганлиги сабабли дарслар ўз вақтида ва тўлиқ ўтилмади. Ёшлар фанларни етарли даражада ўргана олмади, натижада таниш вазиятга - икки томонлама манфаатни ҳимоя қилиш йўлига олиб борди. Ҳуқуқий таълим-тарбияни янада кучайтириш даркор. И.М.
Таълим тизимида якуний назоратларнинг айримлари онлайн тарзда олинмоқда. Бу албатта яхши, ёмон томони шундаки, бутун бошли раҳбарият курашаётган коррупцияни оддийгина АТМ (ахборот технологиялари маркази) ходимлари юзага чиқаришмоқда. Ваҳоланки, ахборот-ресурс маркази масъуллари шунчаки назоратчилар ва ёрдамчилар, холос. Ж.А.»
“Менинг укам спорт чемпиони эди, амалий имтиҳонда атайлаб паст балл қўйишган, кучини кўрсатолмаганлар эса ўқишга кирган. Ҳозир кўча боласи бўлиб юрибди. М.Ю.”
Орифжон ЖЎРАЕВ, журналист,
“Наманган садоси” газетасидан олинди
 

Биз Twitterда