Олий Мажлис депутатларидан поплик беписанд раҳбарларга жиддий огоҳлантириш: Энди эскича ишлашга ҳаққимиз йўқ!

 
Халқ депутатлари Поп тумани Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан шу йилнинг 2-7 июнь кунлари мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Сессияда атрофлича муҳокама қилинган масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ раҳбари, “Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзоси Акмал Раҳмоновнинг таҳлилий маърузаси тингланди.
Таъкидлаш лозимки, Наманган вилоятидан сайланган қуйи парламент депутатлари ва сенаторлар қамчиқ довонига туташ йирик ҳудуддаги ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида бир ҳафта давомида туман аҳолиси билан бевосита уйма-уй юриб, очиқ мулоқотлар ўтказишди. Бундан ташқари, парламент вакиллари фуқароларимизнинг тўкин ва фаровон турмуш кечиришига қаратилган таълим, маданият, спорт, тиббиёт, бандлик, коммунал, экология каби муҳим ижтимоий масалаларни, тадбиркорлик, аҳолига савдо ва бошқа хизматларни кўрсатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолиятини яқиндан ўрганишди.
Халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадларни ўзида акс этган очиқ ва самимий мулоқотларда аҳоли томонидан 584 та турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 325 таси депутатлар ва сенаторлар ташаббуси билан ўз жойида ҳал қилинди. 249 таси эса туман ҳокимлиги орқали туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилиб, улар томонидан ҳал этилди, вилоят даражасидаги айрим муаммоларнинг эса вилоят ташкилотлари ҳамкорлигида ечилишига эришилди. Президентимизнинг халқимизни тадбиркорликка ўргатиш ва мўмай даромад топишларига кўмаклашиш ҳақидаги топшириғига кўра, ўрганишлар давомида етти кишига 48 миллион 950 минг сўмлик кредит ажратиб берилишига эришилди. 15 киши эса иш билан таъминланди.
Шунингдек, республика даражасидаги ўнга яқин муаммо алоҳида ажратиб олиниб, уларни парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга йўналтирилган аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Қайд қилинганидек, ўрганишлар якуни ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талай эканлигини кўрсатди. Жумладан, туманда 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига, рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 2643 та бўлиб, шундан 98 таси турли сабабларга кўра ишламаяпти. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда туманда атиги 9 та оилавий тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Туман ҳудудидаги 5 та деҳқон бозори ва 6 та ҳайвон бозори фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Автотураргоҳлар мавжуд эмас. Пул тушумлари механизмлари тўлиқ йўлга қўйилмаган, терминал ва касса аппаратлари тўлиқ таъминланмаган. Бозор ташқариси ва ичида савдогарлар мустақил тарзда расталар ўрнатиб, йўлларга чиқиб кетган. Санитария ҳолатининг даражаси ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Аҳоли хонадонларига кредит ажратиш бўйича тарғибот олиб борилаётганлигига қарамасдан айрим банк мутахассислари томонидан фуқароларга кредит ажратиш жараёни етарли тушунтирилмаганлиги, уларни кредит олишга қизиқтира олмаслик ҳолатлари учрамоқда. Масалан, тумандаги “Агробанк” филиалига бириктирилган 7384 та хонадондан атиги 340 таси, “Халқ банки”га бириктирилган 17489 та хонадоннинг 498 тасига, “Микрокредитбанк”ка бириктирилган 10285 хонадондан 286 тасига, “Қишлоққурилишбанк”ка бириктирилган 10300 та хонадондан 617 тасига кредит маблағлари ажратиб берилган холос.
Бугунги кунда туманда меҳнатга лаёқатли бўлган 121 мингдан зиёд аҳолининг 63,3 фоизи иқтисодий жиҳатдан фаол ҳисобланади. Бандлик бўйича ҳисоботлар ва ҳақиқий аҳвол ўрганилганда, биргина деҳқон ва фермер хўжаликларида 6 та, кичик корхоналарни ташкил этилиши ҳисобига 11 та иш ўрни қўшиб ёзилган. Афсуски, бундай кўзбўямачилик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда ҳам кўзга ташланиб қолди. Масалан, Поп кон металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежини ўтган йили 503 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 300 нафар битирувчига Халқ банки томонидан ИНПС ҳисоб-рақамлари очилган. Ачинарлиси, ўрганиш жараёнида айни шу масалага мутасадди ташкилот - туман Бандликка кўмаклашиш марказининг раҳбари Аҳадулло Хабибуллаев бундоқ “кўриниш” бермади ҳам.
Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман олганда, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 111 нафар врач-мутахассис, шу жумладан 39 умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд.
Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йил 24 февралдаги қарорига асосан, тегишли ҳудудга хизмат кўрсатаётган оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари мудирларининг ўзини ўзи бошқариш органларининг қўшма йиғилишларида ҳар 15 кунда ахборотини эшитиб бориш белгиланган бўлса-да, бундай тизим туманда ҳали тўлақонли амалга оширилгани йўқ.
Шунингдек, таҳлил давомида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ҳолат, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш даражасига оид оғриқли ҳолатлар, аҳоли ва айниқса таълим муассасаларида тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан бўлган йирик қарздорлигини бартараф этиш бўйича ҳақли эътирозлар, автомобиль йўлларининг сифати, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг аянчли даражаси каби муаммолар ошкора ўртага ташланди.
Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларга барҳам бериш юзасидан таклиф-тавсиялар берилиб, туман ҳокими ўринбосарларидан, вилоят меҳнат бошқармаси, “Сувоқава” корхонаси, туман банк филиалларидан юксак масъулият билан ёндадиш талаб қилинди.
Сессияда туман ҳокими Ўктамжон Эргашев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Собиржон Абдуҳамидов, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шерзод Бобоев, туман Кенгаши депутати, “Шуҳратжон Шавкатжон келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Шерали Жўраев сўзга чиқиб, ўрганиш давомида қайд этилган камчиликларни ўнглаш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Шерали Жўраев, ЎзМТДПдан сайланган Поп тумани Кенгаши депутати, “Шуҳратжон Шавкатжон келажаги” фермер хўжалиги раҳбари: 
- “2017 - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да энг аввало халқимизни рози қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини манфаатларини таъминлаш, элимиз фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг давлатга бўлган ишончини ошириш ҳар қачонгидан-да устувор аҳамиятга эга. Парламентимиз депутатлари ва Сенати аъзоларининг ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида туманларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишида ҳам айни шу эзгу мақсад мужассам.
Туманимиздаги бир ҳафталик ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳали биз депутатлар ва туман фаолларини олдимизда турган вазифалар қамрови катта. Шундай экан, йўл қўйилган жиддий камчиликларни бартараф этиш учун тиним билмасдан ишлашимиз зарур. Келгусидаги фаолиятимиз давомида Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган ҳаётбахш сўзлари ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратамиз.
Сессияда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов сўзга чиқиб, тумандаги барча даражадаги мутасаддилар ва депутатларнинг масъулиятини ошириш, аҳолига тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини теран тушунтириш, бу борада патронаж ҳамшираларининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларига қамровни кўпайтириш, аҳоли мурожаатлари ва улар томонидан кўтарилаётган ҳар қандай масалага асло беписанд қарамаслик, коммунал тўловлар ҳисоб китобини ўз муддатида кечиктирмасдан адо этиш лозимлигини уқтирди.
Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов, Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Фахриддин Маткаримов иштирок этдилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда