Оқилхон Дадабоев "Ибрат" газетасига муҳаррир бўлди

 
Наманган вилоятининг ёш ва иқтидорли журналистларидан бири, Vodiymedia.uz’нинг фаол ҳамкори Оқилхон Дадабоев “Ибрат” газетасига муҳаррир этиб тайинланди. Бу ҳақда бизга таҳририят муассиси - “Тош-нашриёт-чор-пресс” нашриёт уйи МЧЖ директори Маматхон Даминшоев хабар берди.
Маълумот ўрнида, Оқилхон Валиевич Дадабоев 1983 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Наманган муҳандислик-технология институтини матбаа ва қадоқлаш технологи мутахассислиги бўйича тамомлаган.
15 йилдан буён оммавий ахборот воситалари тизимида меҳнат қилаётган бу ижодкор “Аср футболи”, “Наманган садоси”, “Спорт”, “Наманган ҳақиқати” газеталари таҳририятида, Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиалида турли масъулиятли вазифаларда самарли иш олиб борган. Эътироф этиш жоиз, 2016 йилнинг апрель ойидан ҳозирга қадар у Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби сифатида партия тарғиботини юксалтириш, жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликда ишлаш борасида алоҳида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. У 2014 йилда “Энг фаол спорт журналисти” республика танлови, 2015 йилда “Йил талабаси” кўрик-танлови, 2017 йилда Наманган вилояти ижодкорларининг “Эҳтиром” II мукофотининг “Энг яхши ахборот хизмати” номинациясида ғолиб чиққан.
 
 
“Ибрат” газетасида маънавий-маърифий мавзудаги таъсирчан мақолаларни кўпайтириш, қолаверса, улуғ маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибратнинг бой илмий, маънавий меросини кенг тарғиб этиш, шу билан бирга матбуотнинг “тўртинчи ҳокимият” мақомида чин маънодаги кучи ва таъсирини сезиларли даражада оширишни муҳаррир биринчи галдаги стратегик мақсад-вазифалар сифатида белгилаб олган.
Таъкидлаш жоиз, 2007 йилдан чиқа бошлаган “Ибрат” газетаси ахборот, маънавий-маърифий дам олиш нашрига ихтисослашган бўлиб, бир неча бор Олий Мажлис Жамоат фондининг грантларини қўлга киритган.
Оқилхон Дадабоевга янги иш ўрнида муваффақият тилаб қоламиз!
Vodiymedia.uz таҳририяти

Биз Twitterда