Одилжон Тожиев «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди

Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ҳаракатнинг Васийлик Кенгаши ҳамда Марказий Кенгаши аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги Қурултойини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, Ҳаракат фаолиятига доир ишлар муҳокама этилиб, ташкилий масала кўрилди.
Мажлисда Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси этиб Одилжон Тожиев сайланди.
 
 
У февраль ойида ҳаракатга вақтинчалик раҳбар бўлган Сарвар Ашуров ўрнини эгаллади.«Камолот»нинг аввалги раҳбари Баҳодир Ғаниев январь ойида Президент Девони ёшлар масалалари сектори раҳбари этиб тайинланганди.
Одилжон Тожиев 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йил Тошкент ислом университетини тамомлаган. Шу пайтгача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келган. Ўз вақтида Ҳаракатнинг Марказий кенгаш аппарати Ташкилий-кадрлар ва малака ошириш бўлими мудири, кейинроқ Тошкент вилоят ҳудудий Кенгашининг раиси лавозимида ишлаган.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов иштирок этди.

Биз Twitterда