Нурсултон Назарбоев ҳар доим "Биз қозоқлар ва ўзбеклар – битта халқмиз" деб таъкидлайди!

Табиий ресурсларга бой Марказий Осиё минтақаси жаҳонда ҳамиша катта қизиқиш уйғотиб келган. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳар доим "Биз қозоқлар ва ўзбеклар – битта халқмиз" деб таъкидлайди. Бу ерда гап икки халқнинг азалдан қондош ва қардошлиги, урф-одат ва анъаналари муштараклиги, бир оила бўлиб ёнма-ён яшаб келгани ҳақида бормоқда. Биз аждодларимиз анъаналарини давом эттириб келмоқдамиз. Бизни бирлаштириб турган бу анъаналар бугунги кунда янада бойимоқда. 

Қозоғистондан Ўзбекистонга асосан буғдой, жавдар, ун, темир ёки ишлов берилмаган пўлат таркибий қисмлари, руда ва руҳ концентратлари, алюминий экспорт қилинади. 
Ўзбекистондан Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб маҳсулотлар етказиб берилмоқда. 
Президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил сентябрь ойидаги учрашувида йиллик товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишга келишиб олинди. 
Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларимиз ўртасида муносабатлар ўрнатилгандан буён икки томонлама серқирра ҳамкорликнинг барча масалалари юзасидан ҳамфикр бўлиб келмоқда. Бу борада мамлакатларимизнинг товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уларнинг турини кўпайтириш, манфаатдор компаниялар ва ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамда манфаатли алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашиш, икки давлат ҳудудида Қозоғистон ва Ўзбекистон корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мўлжалланаётгани бунинг ёрқин мисолидир. 
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларда ҳамиша устувор масала бўлган. 2016 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этди. 
Ўзбекистонда қозоғистонлик шериклар иштирокида ташкил этилган 230 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу йил 22-23 февраль кунлари бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия мажлисида аввало, савдо, инвестициявий-технологик ва транспорт-коммуникация соҳаларида аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, икки давлат ҳудудлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш ва уни янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бу савдо ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. 
Ерик Утембаев,
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда  ва мухтор элчиси.

Биз Twitterда