Никоҳ - бу ҳаловатми ёки ҳалокат?

 
Оила ҳаётнинг абадийлигини таъминлаш воситаси бўлиб, у – ворислар ота-она бошлаган ишни давом этишини амалга оширувчи муқаддас даргоҳ. Бу даргоҳ миллатнинг урф-одатларини сақлашга кўмаклашиб, шу билан бирга оила, келажакда фарзандлар қандай инсон бўлиб камол топишига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боби ҳам алоҳида оилавий муносабатларга бағишланиб, ўз ичига тўртта моддани олади. Жумладан, Бош қомусимизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидалиги мустаҳкам белгилаб қўйилган.
Маълумки, никоҳ – никоҳга кирувчи шахсларнинг ўзаро ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги ва никоҳ тузиш ёшига етганлиги талаблари асосида тузилади.
Барчамиз оилада туғилиб, вояга етамиз, вақти келгач ўзимиз ҳам оилали бўламиз. Бу ҳаётнинг давомийлиги ва абадийлиги белгисидир. Бир яқин танишимизнинг фарзанди ота-онасининг орзу-ҳавасини рўёбга чиқариб, оила қурди. Никоҳ ўқилиб, ёш келин-куёв бахтли ҳаётга қадам қўйди. Уларнинг қувончи чексиз, орзулари бисёр, келин ўз ота-онасиникида ўрганган ишларни келинлик уйида сидқидилдан бажариб, оила аъзоларига тансиқ таомлар тайёрлаб уларни лол қолдирди. Ширинсўз келинининг муомаласидан қайнона-ю қайнотанинг қалби ёришиб, “ўғлимизга келин танлашда адашмабмиз, қудаларимиз жуда оқила ва фаросатли қиз тарбиялабди” деб дуо қилишди.
Орадан ойлар, кунлар ўтиб ўғил набирали бўлишди. Ота-онанинг яна бир азалий орзуси ушалди. Набирали бўлишди, улардан бахтлироқ инсонлар йўқ, албатта. Яхши ниятлар билан қудалар набира учун элга дастурхон ёзиб, туй қилишди. Йиллар ўтиб, кўп набирали бўлишди. Йигит-қизлар тинч ва осойишта ҳаётда яшаган оилада таълим-тарбия топиб, элга, юртга ва оиласига садоқатли инсонлар бўлиб вояга етишди.
Аммо шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, қани эди барча янги ташкил этаётган оилалар шу каби рисоладигидай бўлса. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунга келиб жамиятимизда нотинч ва ноқобил оилалар ҳам учраб турибди.
Келинг, шу ўринда айрим оилаларнинг ажрашиб кетишининг асосий сабабларини чуқурроқ ўрганиб чикадиган бўлсак, улар қуйидагилардир:
Никоҳдан ўтаётган шахсларнинг оила қуришга тайёр эмасликлари, тўй ўтгач оила аъзолари ўртасидаги ҳурмат, ҳамжиҳатлик йўқолиши, ҳамма низолар моддий ашёларнинг етарли даражада қилинмаганлиги, келин тарафидан берилаётган сарполар куёвнинг қариндошларига манзур бўлмаганлиги оқибатида келин улар томонидан камситилиши, келиннинг ота-онаси эса шаънига ёқимсиз сўзлар айтилиши ва натижада келинлар тарафидан бунга нисбатан кескин эътирозлар билдирилиши сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, айрим оилаларда ёши улуғ отахон ва онахонлар "ҳаётлигимизда набирамизнинг тўйини кўриб қолайлик" деган мақсадда қизни шошилиб узатишади. Натижада ушбу қизалоқ барча муаммоларнинг ўчоғига айланади. Яъни, куёвни билмай-танимай турмушга чиққанлиги, уй-рўзғор ишларини уддасидан чиқолмаётганлиги ва охир-оқибат у турмушга чиқишни хоҳламаганлиги, уни мажбурлаб беришганлиги маълум бўлади ва оила дарз кетади. Айтингчи, азиз юртдошим, наҳот кекса отахон ва онахонларимиз тўйни кўриб қолиши шунча жабр талаб этса!? Бу бир йигит-қизнинг ҳаётини қурбон этилишига арзийдими? Бундай ҳолатларга сабаб бўлувчи омилларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Азизлар! Оила бу муқаддас ва шубҳасиз азиз макондир. Шундай экан, бу маконга қадам кўяр экансиз, покиза туйғулар туйган ҳолда у манзил сари етаклаб бораётган жуфтингизни қай даражада сизга мослигини ўрганиб чиқинг, чунки танлов ҳамиша сизнинг ихтиёрингизда бўлади ва шу танловингиз сизни ҳаловатга олиб бориши муқаррардир. Акс ҳолда...
Маърифат Мелиханова,
 Косонсой туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Биз Twitterда