Наврўзингдан айланай юртим!

Article
Яшариш, янгиланиш, бунёдкорлик каби эзгу ва ҳаётбахш ғояларни ўзида мужассам этган Наврўзи олам жуда қадимий ва барҳаёт қадрият саналади. Асрлар давомида элимиз қалбига яхшилик, эзгулик, меҳр-мурувват ғояларини сингдириб келаётган бу фусункор айём руҳий покланиш тантанаси ҳамдир. 
Мазкур байрамнинг халқимиз, айниқса, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир.
Наманган тумани Қоракўл маҳалласининг қўшни Андижон билан боғлайдиган ҳудудида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши, туман ҳокимлиги, туман партия ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган “Қуёшли йўлларда қадим карвоним, хуш келибсан ўлкамга гўзал Наврўзим!” номли халқ сайлида аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват сингари умрбоқий фазилатлар ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида бўлиб ўтган фараҳли тадбирда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, партиядан сайланган депутатлар, партия “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” фаоллари, нуроний отахон ва онахонлар, қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларидан таклиф этилган меҳмонлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Байрам шодиёналарида сўз олганлар барчани фасллар келинчаги баҳорнинг қутлуғ айёми билан табриклаб, самимий тилакларини изҳор қилдилар. Таъкидланганидек, Наврўзи олам азал-азалдан халқимизнинг ардоқли байрамларидан бири сифатида кўтаринки руҳда нишонланиб келинган. Боиси, Наврўз - шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, балки қалблардаги меҳр-оқибат, инсонийлик тимсоли ҳамдир. Ота-боболаримиз ушбу байрам туфайли ўзаро низолар ва келишмовчиликларни унутишгани, ёрдамга муҳтож оилалар, якка ёлғиз кексалар, ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишган.
Сайлдаги “Миллий тикланиш”нинг ёш истеъдодлар кўрик-танловида вилоятимизнинг барча шаҳар, туманларидан келган кенг қиррали иқтидор соҳиблари мумтоз қўшиқ, миллий рақс, аския пайровлари йўналишларида ўз маҳоратларини ҳавола этдилар. Сумалакдан ҳалимгача бўлган баҳорий пишириқлар, миллий таомимиз - паловхонтўра байрам дастурхонига тортилди. Қизларимизни оилага пухта тайёрлаш мақсадига қаратилган “Оқила қиз” танлови, миллий спорт турлари бўйича чемпион спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, чеҳрасидан нур чақнайдиган болажонларнинг шодон рақслари, шунингдек, арқон тортиш, варрак учириш хўроз уриштириш, “оқ теракми, кўк терак” каби миллий ўйинлар, она Ватан, баҳор ва Наврўзни улуғловчи куй-қўшиқлар сайлга янада кўтаринки завқ бағишлади.
Айниқса, тўрақўрғонлик сўз устаси Дилмурод Аъзамовнинг ичакузди хандалари, норинлик Жасурбек Пўлатовнинг дилрабо қўшиқлари, янгиқўрғонлик Моҳимбону Баратованинг товус рақси, уйчилик Одина Султонованинг халқ оғзаки ижодига мансуб жонли ижрода айтган лапар қарсаклар билан олқишланди.
- Наврўзи олам шукуҳи кезиб юрган дамларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан сайл ташкилланиб, миллий қадрият ва анъаналаримиз улуғланаётганидан беҳад мамнун бўлдик, - дейди Наманган туманида яшовчи 70 ёшли меҳнат фахрийси, Қоракўл маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти фаоли Собиржон ота Маҳмудов. – Қувонарлиси шундаки, бу йилги тантаналар аввалгиларидан фарқли ўлароқ халқ сайли тарзида асосан марказдан олисдаги манзилларда, чекка қишлоқларда кенг нишонланмоқда. Бир-биримизни муштарак мақсадлар сари ундовчи сайлда барча кекса-ю ёш халқ ўйинлари, миллий кураш каби томошалардан мароқли ҳордиқ чиқардик. Бу ўз навбатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросига ҳамоҳангдир.
Миллий қадриятларимиз кўзгуси саналган, барчамиз орзиқиб кутадиган Наврўзи олам муносабати билан Қоракўл далаларида бўлган халқ сайлида фаол иштирок этган турли истеъдод соҳиблари, партия фаолларига, нуроний отахон-онахонлар партиянинг Наманган вилояти Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар.
Дарҳақиқат, Наврўз сурури инсонлардаги меҳр-оқибат, миллий қадрият ва анъаналаримизни тараннум қилишда ҳам намоён. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари томонидан байрам сайллари юксак савияда уюшқоқлик билан ташкил этилаётгани бундан ёрқин нишона. Бир сўз билан айтганда, янгиланиш ва яшариш байрами Наврўз ҳар қайси уй, ҳар қайси юртда, бутун Ер юзида тинчлик ва осудалик бўлишига даъват этиши билан аҳамияти беқиёс. Зеро, шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек:
Бу дамки эсиб насими Наврўз,
Гул атрини қилди мажлисафрўз.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда