«Навбаҳор»нинг чап қаноти "қироли"  - Тоҳир Мадраҳимов – энди у мангуга орамизда йўқ

Тоҳир Мадраҳимов – бу исмни наманганлик каттаю кичик жуда яхши билишади. Футболга қизиққан водийлик ишқибозлар учун ҳам Тоҳир Мадраҳимов жуда яхши таниш. Катта стажга эга бўлган юртимизнинг барча мухлислари ҳам унинг “Навбаҳор” сафидаги ёрқин ўйинларига гувоҳ бўлишган.
 
 
Бугун ўзининг ажойиб ўйинлари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган Тоҳир Мадраҳимов орамизда йўқ. “Навбаҳор”нинг чап қанотида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлган юксак иқтидор эгасида 41 баҳорни қаршилаган пайтда дунёдан кўз юмди. У сўнгги пайтларда мураббийлик фаолияти билан шуғулланиб, Уйчининг “Хотира-79” клубига устозлик қилаётганди.
Тоҳир Мадраҳимов 1975 йилнинг 26 декабрида Наманган вилоятининг Чортоқ туманида таваллуд топди. Профессионал фаолиятини 1991 йилда Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлади. 2005 йилга қадар фаолиятининг асосий қисмини “Навбаҳор”да ўтказди. Айнан наманганликлар сафидаги ёрқин ўйинлари туфайли миллий терма жамоага жалб этилди. Оз бўлсада, бош жамоамиз сафида Миржалол Қосимов, Сергей Лебедев, Игорь Шквирин, Олег Шацкихлар билан елкама елка тўп сурди. “Навбаҳор” сафида Ўзбекистон чемпиони, уч карра кубок соҳиби, бир марта суперкубок соҳиби бўлди.
Футболчининг бевақт вафоти барчамизни чуқур қайғуга солди. Барча футбол мухлислари, юртдошларимиз номидан унинг оиласига ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
vodiymedia

Биз Twitterда