Наманган вилоят МИБ сайёр қабулларда фуқаролар муаммоларига ечим топмоқда. Февралдаги қабуллар Уйчи ва Косонсойда!

Article
Поп туманида истиқомат қилувчи фуқаро Муроджон Маҳкамов яшаш хонадонидаги истеъмол қилинган табиий газ учун амалга оширилган тўловлари тўлов дафтарчасига қайд этилмагани юзасидан йўллаган мурожаати сайёр қабулда ўз ечимини топди. Ўрганиш жараёнида абонент рақами тўлиқ дастурда кўриб чиқилиб, истеъмол қилинган табиий газ бўйича тўловлар дафтарчага тушириб берилиб, муаммо жойида бартараф этилди, деб хабар беради МИБ Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори Соҳибжон Рапиқов:
 “Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ҳам тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, Бюронинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган Иш режага асосан Наманган шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ташкил этилиши режалаштирилган. Бюронинг Поп туман бўлимида ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг коммунал тўлов, ижро иши доирасидаги мурожаатлари атрофлича ўрганилди.
 - Ўтказилган сайёр қабулда 10 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилди, - дейди бошқарманинг Мурожаатлари билан ишлаш шўъбаси катта инспектори Музаффар Маматқулов. - Айнан жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг мурожаатларни атрофлича ўрганиш, уларни коммунал тўлов, ижро иши соҳасида ўйлантираётган масалаларга ечим топишдир.
Бюронинг Янгиқўрғон туман бўлимида ўтказилган сайёр қабул давомида ҳам мурожаатлар синчковлик билан, атрофлича кўриб чиқилиб, аксариятини жойида ечим топилди.
 - Бугунги сайёр қабулга алимент юзасидан муаммо туфайли келдим, - дейди фуқаро Наргиза Мирзараҳимова.  - Яъни, икки нафар фарзандим учун 2018 йилнинг 5 ойи учун 2 миллион 550 минг сўм қарздорлик юзага келган эди. Айнан бугунги қабул давомида шикоятим кўриб чиқилиб, қарздорлик ундириб берилди.
Умуман олганда бошқарма томонидан ариза ва мурожаатлар билан ишлаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Наманган вилоят МИБ сайёр қабулларининг навбатдагилари 14 февралда Уйчи тумани, 21 февраль Косонсой туманида бўлиб ўтади.”

Биз Twitterда