Наманган вилоятида ҳар ойнинг охирги пайшанбаси "Устозларни йўқлаш куни" деб эълон қилинди

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 2019 йил 19 июлдаги 336-ф-сонли Фармойиши билан, 2019 йил август ойидан бошлаб ҳар ойнинг охирги пайшанба куни вилоятда “Устозларни йўқлаш куни” деб эълон қилинди. 
“Наманган тажрибаси” сифатида йўлга қўйилган бу янгилик, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг устоз ва унинг шарофати, қадр-у қиммати, фидойилиги, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини улуғлаш ва меҳнатларини қадрлашга қаратилган тадбирлар ўтказиш ҳақидаги таклифлари асосида маъқулланди.
Вилоятдаги бошқарма, ташкилот, идора ва таълим муассасалари раҳбарларига “Устозларни йўқлаш куни”да ўз ходимлари билан биргаликда фахрий устозларни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш анъанасини давом эттириш, уларнинг соғлиғи ва яшаш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ихтиёрий амалий ёрдам кўрсатиш, устозлар билан учрашув, давра суҳбатлари ташкил этиш бўйича масъулият юкланди.
Вилоят оммавий ахборот воситаларига, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига ўзининг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли ишлари билан ўз мактабини ярата олган устозлар тўғрисида мақолалар, очерклар чоп этиш, китоб ва асарлар нашр этиш тавсия этилди.

Биз Twitterда