Наманган туманида "Ўзини ўзи бошқаришни БОШҚАРИШ" тизими: МФЙ раисини "ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида" ариза ёзишга мажбурлашди

Тепа Қиёт МФЙ раиси Абдулазиз Узоқов
 
Наманган туманидаги Тепақиёт қишлоғида аҳоли учун маънавий-маърифий қадрият ҳисобланган Авлиё Бузрукхўжа мозори ҳудудига туман ҳокимининг халқ фикрини ўрганмасдан қабул қилган қарори билан мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилаётгани ҳамда бу масалага қишлоқ аҳлининг муносабати ҳақида “Наманган тумани ҳокимига: "Президент "халқни норизо қилиб бўлса ҳам боғча қур" деяптими, ҳоким бува?” деб номланган материалимиз орқали танишгандингиз.
Масаланинг жамоатчилик эътиборига чиқиб кетгани туман мутасаддиларига ёқмаган кўринади. Мақола эълон қилинган куниёқ, 14 август куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Худойбердиев Музаффар, Тепа Қиёт МФЙ раиси Абдулазиз Узоқовни чақириб, “ўз ихтиёри билан бўшаш ҳақида” ариза ёзишни, акс ҳолда текширувлар билан МФЙ фаолиятини ағдар-тўнтар қилинишини, камчилик барибир топилишини айтади. Ўз фаолияти юзасидан ҳеч қандай қонунга зид ҳолат йўқлигига ишонсада, қидирса тирноқ остидан ҳам кир чиқишига, ўзи билан бирга ишлаган ходимларнинг ишида техник камчиликлар бўлиши мумкинлиги ва натижада улар жабрланиб қолишини ўйлаб, Абдулазиз Узоқов маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайлаш ва ишдан озод қилиш қишлоқ аҳлининг ихтиёрида эканини билса-да, ортиқча тортишувларга кирмай “соғлиғи яхши эмаслиги туфайли ишдан озод этиш ҳақида” ариза ёзиб беради.
Ия, буниси энди қанақа тизим: “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятидир” деган Қонун қаёқда қолди?! Ҳокимнинг қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашмай, қишлоқ фуқаролари манфаатларига зид қарорини қўллаб-қувватламагани учун маҳалла фуқаролар йиғини раиси айбдор бўлдими? МФЙ раиси ариза билан ишдан бўшатилиши қайси қонунда кўрсатилган? Унда Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови нимага керак?!
Абдулазиз Узоқов икки йилдан кўпроқ давр мобайнида Тепа Қиёт Фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолияти давомида қишлоқда жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Тўй-маъракалар Республикамизда ҳали бу борада жамоатчилик эътибори йўқ пайтдаёқ тартибга солинди. Қишлоқ қабристони обод қилинди, деворлари янгиланди. Йўллар текисланди, халқ бир ёқадан бош чиқариб ўз муаммоларига ўзи ечим топишга киришди. Кунни кун, тунни тун демай қишлоқ учун жон куйдираётган Раисни халқ ҳурмат билан навбатдаги сайловларда яна сайлашни режа қилаяпти.
Масала, яна қишлоқ ҳудудидаги муқаддас зиёратгоҳда халқ истагига қарши қурилиши режалаштирилаётган мактабгача таълим муассасасига бориб тақаляпти. Наҳотки туман раҳбарлари учун келиб, халқнинг кўнглидаги гапни тинглаб, масалага ижобий ечим топиш шунчалик қийин бўлса? МФЙ раисини олиб ташлаш билан Тепа Қиёт аҳли ўз нуқтаи назарини очиқ эълон қилмай қўяди, турли идораларга юборган 29 та шикоят мактуби энди тўхтайди, деб ўйлашяптимикан?
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда