Наманган тиббиёти оғир жудоликка учради

#Таъзия
Наманганда бемор борки Гўзалга чиқади. Халқ онгига Гўзалда даво топиш сингиган. Шаҳарнинг шу массивида вилоят кўп тармоқли тез тиббий ёрдам маркази бор. У юртда ҳам алоҳида нуфузга эга.
Кеча, 2020 йил 19 август куни бешафқат ўлим ушбу шифохонани 23 йилдан бери бош шифокор сифатида бошқарган, вилоят тиббиётига меҳнати синган фидокор инсон, меҳрибон ота ва устоз Убайдулло Абдуллажанович Хожиматовни 68 ёшида орамиздан олиб кетди.
 
 
Убайдулло Хожиматов узоқ ва шарафли, мураккаб ва заҳмат ҳаёт йўлини босиб ўтди. У 1975 йилда Андижон Давлат Тиббиёт Институтини тамомлаб, Наманган шахридаги тез тиббий ёрдам бўлимида жаррох- врач интерна бўлиб иш бошлади. Кейин Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида врач ординатор, бўлим мудири сифатида фаолиятини давом юритди.
1979-1999 йилларда Вилоят кўп тармоқли шифохонасида хирургия бўлимида шифокор, сўнг бош шифокор лавозимларида ишлаган.
2000 йилда Вилоят кўп тармоқли шифохонаси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига айлантирилди.
Убайдулло Ходжиматов янги ташкил этилган филиалда қурилиш-таъмирлаш ишларию уни замонавий тиббий жиҳозланишида ҳам жонбозлик кўрсатди.
У 2002 ва 2007 йилларда II-даражали Чегара қўшинлари аълочиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Убайдулло Абдуллажанович хотираси яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида мангу қолажак.
Аллоҳ ётган жойларини жаннатда қилсин яқинларига сабру жамил ато этсин.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жамоаси ва вилоят жамоатчилиги марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изхор этади.
Охиратингиз обод бўлсин!

Биз Twitterда