Наманган шаҳрида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули ўтказилди

Наманган шаҳридаги 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернетида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. 3 соатдан ортиқ давом этган қабул чоғида юздан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
Бандлик, тадбиркорлик, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, тиббий хизматлар масалаларида қилинган мурожаатларнинг кўпи жойида ҳал этилди. Қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганилиши лозим бўлганлар, чора кўриш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилиб, назоратга олинди. Шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга доир масалалар ҳам жойида соҳа мутасаддиларига йўналтирилди.
 

 

Қабулга Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғидан келган фуқаро Матлуба Мирзараҳмонова вилоят раҳбарига турмуш ўртоғининг саломатлигини тиклаш борасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Қуймич суяклари емирилишидан азият чекаётган беморнинг мураккаб операцияси учун 30 млн. сўм миқдорида маблағ топиш масаласи ижойиб ҳал этиладиган бўлди. Шунингдек уни гуруҳ ногирони сифатида рўйхатга олиш масаласи ҳам ечим топадиган бўлди.
 
 
- Турмуш ўртоғим бир йилдан бери шу дард билан азият чекардилар. Охирги пайтларда қўлтиқтаёқ билан юрадиган бўлиб қолдилар. Бугунги қабул бизнинг муаммомизга барҳам берди деган умиддаман. Вилоятимиз раҳбарларига раҳматимни айтаман, - дейди Матлуба Мирзараҳмонова.
Қишнинг қировли кунлари эшик қоқмоқда. Бу паллада газ таъминоти бўйича мурожаатлар кўпайиши табиий. Айнан шу масалада мурожаат қилиб келган Даштбоғ маҳалласи фуқаролари арзи ҳам тегишли тартибда ижрога қаратилди.
- Ғирвонсой кўчасидаги 16-уй кўп қаватли бўлиб, унга айни пайтда 10-12 нафар хонадонда аҳоли истиқомат қилади. Муҳандис ва мутахассисларимиз жойдаги вазиятни ўрганиб, газ таъминот масаласини ижобий ҳал этиш масаласини тезлаштиришга ҳаракат қиламиз, - дейди Наманган шаҳар газ корхонаси мутасаддиси Отабек Исмаилов.
 

.

 
Шунингдек, қабул чоғида “Мен моддий ёрдам сўрамоқчи эмасман, агар битта тикув машинам бўлса, мен ўзим пул рўзғорга етарли пул топа олардим” деб мурожаат қилган Мажнунтол МФЙда яшовчи фуқаро Насиба Худойбердиева ҳам мулоқотдан хурсанд ҳолда уйга қайтди. Унга ҳомийлик ёрдами сифатида тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.
Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ва шаҳар бошқармалари, корхона-ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Биз Twitterда