Наманганнинг Тўрақўрғон тумани Туркиянинг Усмонғозий тумани билан биродарлашди

 
Туркия билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамкорликни ошириш ҳамда маданий алоқаларни кучайтириш мақсадида Туркиянинг Бурса шаҳридаги Усмонғозий тумани билан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ўртасида биродарлашув бўйича ўзаро келишув имзоланди.
Келишувга Усмонғозий маъмурияти раиси Мустафа Дюндар ҳамда Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев имзо чекишди.
Бурсада бу йил 14-марта ташкил этилган, Ғозий Усмонни хотирлаш ҳамда Бурсанинг фатҳ этилишини қутлаш тадбирларида иштирок этиш учун Туркияга борган Тўрақўрғон тумани делегацияси, бу ерда Қозоғистон, Косово, Македония, Босния ва Герцоговина, Греция ва Шимолий Кипрдан келган вакиллар қатори катта ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди.
Биродарлашув келишуви имзолаш маросимида сўз олган Ғуломжон Муродхўжаев, "Икки қардош, биродар халқ бугун бу келишув имзоланиши билан биродарлашган шаҳар ҳам бўлди. Бу биродарликни абадий давом этиши учун қўлимиздан келган барча имконни ишга соламиз", деди.
Усмонғозий туман маъмурияти раиси Мустафа Дюндар, "Бугунги келишувдан кейин Усмонғозий билан биродарлашган шаҳарлар сони 26 та бўлди. Мамлакатларимиз ҳамда Усмонғозий ва Тўрақўрғон ўртасидаги муносабатлар бутун дунёга намуна бўлса бўладиган даражада давом этишини тилаб қоламан", деб ўз фикрларини ифодалади.

Биз Twitterда